ДУБЛЯЖ — МУРАККАБ САНЪАТ

142

Ҳар бир инсоннинг бирор-бир соҳада қобилиятли бўлишини мутахассислар эътироф этишади.  Аммо шу иқтидорни юзага чиқариш учун сабр-тоқат, илм ва ғайрат ҳам керак. “Дугоналар’’, “Яхши кайфият”, “Табассум” радиожурналларида бошловчилик қилган, “Оловли йўллар”, “Ёлғиз ёдгорим”, “Ой бориб, омон қайт’’ фильмларида суратга тушган, “Ишдаги ишқ”, “Омад кулиб боққанда”, “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” каби юзлаб фильмлар дуб­ляжида иштирок этган жозибали овоз соҳибаси Мукамбар Раҳимова ана шундай ғайратли инсонлар сирасидан. Устоз билан суҳбатимиз, асосан, дубляж ва кино санъати мавзусида бўлди.

— Кино тили билан айтганда, ҳар бир актёрнинг ўз амплуаси бўлади. Табиийки, режиссёр шу жиҳатга эътибор қаратган ҳолда актёр танлайди. Бу дубляж учун қанчалик аҳамиятли?

— Ахир, бу дубляжнинг юраги-ку. Энг муҳим ва керакли жиҳатларидан бири ҳам овоз бераётган актёр экрандаги қаҳрамонга ҳар томонлама мос тушиши лозимлиги. Шундагина томошабин у овоз берган қаҳрамонни ижобий қабул қилади. Айнан шунинг учун ҳам дубляжга индивидуал соҳа сифатида қаралади. Масалан, актёрнинг истеъдоди кенг қамровли бўлса, тўрт ёшли боланинг овозидан тортиб, саксон ёшли қариянинг овозигача ўхшатиб бера олади. Кўпчиликнинг имкониятлари бу борада чегараланган бўлади, фақат ўз ёшидаги қаҳрамонга овоз беришдан нарига ўта олмайди. Дубляжнинг яна бир нозик томони шундаки, лирик кайфиятли айрим актёрлардан асло характерли қаҳрамонга овоз беришни талаб қилиб бўлмайди.

— Бугун дубляжга қизиқадиган ёш­лар жуда кўп. Соҳани эгаллаш мақсадида кимларнингдир этагидан тутаётганлар ҳам талайгина. Аммо нима учундир  бу соҳада элнинг эътирофига ва эътиборига сазовор бўлаёт­ганлар саноқли?

— Биласиз, ишқ бошқа, ҳавас бош­қа. Қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, биров ўз ишига астойдил ёниб киришади, бош­қаси шунчаки ҳою ҳавас билан қарайди. Қолаверса, дубляж чинакам фидойиликни талаб қилади. Фақат дубляжнинг эмас, умуман бирор-бир соҳанинг этагидан тутиб, ҳақиқий мутахассис бўлиб халқнинг эътиборига тушиш учун орзу-ҳавас­нинг ўзи камлик қилади. Бу учун тинмай изланиш, ўқиб-ўрганиш, баъзан тунларни кунларга улаб мижжа қоқмай ишлаш лозим. Машаққатларга дош бериш учун эса одамда касбига нисбатан чинакам муҳаббат бўлиши керак. Ҳаётий кузатишларимдан келиб чиқиб ишонч билан айта оламан, ҳеч бир нарсага шунчаки қараб бўлмайди. Эй майли, бўлаверади, деган тушунча шаклландими, бундай кишидан етук­лик кутманг.

— Санъатга энди кириб келаётганлар дубляж осон, деб ўйлашади. Аммо, аслини олганда, дуб­ляж кинода суратга тушишдан мураккаб­роқ,  тўғрими?

— Дубляж ҳам қийин, ҳам жиддий соҳа. Микрофоннинг олдига ўтирганингиздан кейин ортиқча нарсалардан тийиласиз. Сиз кўчада, уйда, ишхонангизда содир бўлган, бўлаётган ёки бўладиган муаммоларга чалғимаслигингиз лозим. Бу сиз билан ишлаётган ишчи гуруҳни ҳам ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин. Мана шу кўз илғамас жиҳатларни ҳисобга олиб, бутун борлиғингиз экрандаги жараён билан банд бўлиши керак. Шундагина қаҳрамонингизнинг хатти-ҳаракатла­рига монанд таржима, яъни дубляж табиий, ҳаётий чиқади. Раҳматли Обид Юнусов қўшни хонада латифа айтиб, хуш кайфиятда барча билан чақчақлашиб ўтирганига қарамай, режиссёр чақириши билан ҳамиша жиддий ҳолатда барчага салом бериб кириб келарди. Бу шундай жараёнки, гўё сочилиб кетган суякларни бир ерга йиғиб, унга қайта жон ато этишдай гап.

— Бугунги кунда бадиий фильмлар, сериаллар дубляжи савиясига муносабатингиз қандай?

— Бу саволга очиқ жавоб беришимга тўғри келади. Чунки бугунги дубляжнинг савияси бироз эмас, анчагина тушган. Бунинг энг асосий сабабини шу соҳада фаолият юритаётганларнинг билим даражаси пастлиги, қилаётган ишида амалий малака ва кўникманинг етишмаслигида, деб биламан. Сериаллардаги шевабозлик, адабий тил меъёрларига амал қилинмаётганининг  яна бир сабаби, бугун хусусий телеканалларнинг кўпаяётгани ва улардаги эфир вақтини доимий тўлдиришга бўлган талабдир. Гап гапни очади, дейдилар. Яқинда бир режиссёр билан суҳбатлашиб қолдим. “Фильм олгандим, шунинг дубляжи устида ишлаяпман”, деди. Мен ундан: “Фильмни бошқа тилда олдингизми?” деб сўрадим. У: “Йўқ, ўзбек тилида”, деб жавоб берди. “Нега унда дубляж дейсиз? Ахир, дубляж бу — дубликат, нусха, бошқа тилдан бош­қа бир тилга ўгириш-ку, — дедим унга. — Сиз айтган нарса — овозлаштириш. Яъни русчада “озвучка”, “тонировка” дейилади. Фильмга тон бериш, овозларни эпизодларда бир-бирига мослаштириш жараёни бу. Чунки  фильм ҳар хил шароитда суратга олинган бўлади. Бир жойи ўчиб кетади, бошқа бир жойида овоз жуда баланд бўлиб қолади. Ёки роль ўйнаётган актёр адашади, баъзан сценарий бўйича сўзламасдан, умуман бошқа гапни гапириб юборади. Ана шуларнинг барчасини қолипга солишни, юқорида айтганимиздай, овозлаштириш дейилади. Буларнинг фарқли ва ўхшаш томонларини яхшилаб ўзлаштириб олсангиз, келажакда сиз учун фойдадан холи бўлмайди”, дея маслаҳатлар бердим. Қиссадан ҳисса шуки, сўнгги пайтда илм, малака, кўникманинг оқсаётгани яққол кўзга ташланиб қоляпти. Бу ҳолат нималарга олиб келаётгани барчамизга кундай равшан.

— Кино соҳасидаги, дубляждаги билимларингиз, бой тажрибангиз билан ёшларга билим бериб, шогирдлар тайёрлашга нима дейсиз?

— Мен бундай таклифни рад қилардим. Негаки, табиатимда бироз кескинлик, тўғрисўзлик бор. Бугунги ёшларнинг эса ўз қарашлари, ўз ҳақиқатлари мавжуд. Улар шиддаткор замон билан ҳамнафас қадам ташлаяпти. Бугун дунёқараш, онг, тушунчалар ўн беш-йигирма йил аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Тўғри сўзни очиқ-ойдин айтган инсон, ўзингизга маълум, кўпчиликка ёқавермайди. Балки бу ҳам ўзимни, ҳам ўзгаларни аяшнинг маъқул йўлидир.

Бироқ кимдир ёрдам сўраб келса, ҳеч қачон кўксидан итармаганман. Доимо қўлимдан келганича ёрдам қилиб, тўғри маслаҳатлар беришдан чарчамайман. Чунки биз ҳам кимларнингдир маслаҳатлари, насиҳатлари билан, беҳисоб шукр, шу ергача етиб келдик.

Шуҳратбек ИСЛОМОВ
суҳбатлашди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг