«ШАҲИНА» ИСМИНИНГ ТУҒИЛИШИ

174

Жаҳон адабиёти хазинасида шундай шеърий дурдоналар борки, улар турли даврларда яшаган улуғ шоирларнинг оний ёки бир умрлик муҳаббатларини ўзида муҳрлагани билан диққат-эътиборга сазовор. Агар Франческо Петрарканинг қарийб барча сонетлари ёзилишига сабабчи бўлган ва буюк итальян шоирини бир умрга ром этган аёлнинг исми Лаура бўлса, қорачадан келган, буғдойранг аёл эса Уильям Шекспир сонетларининг асосий қаҳрамони. Бу аёл бирор юқори мартабали кишининг рафиқаси бўлса керакки, “Отелло” муаллифи унинг асл исмини бирор сонетида тилга олмаган.

Жаҳон лирик шеъриятида шундай ишқий шеърлар борки, улар муайян бир аёлга бағишлангани учун — шу аёлнинг исми тилга олинганми ё йўқми, бундан қатъий назар — тадқиқотчилар шоир қалбини забт этган дилрабо исмини топмасдан тинчимаганлар. Шундай шеърлардан бири рус шоири Сергей Есениннинг “Шаганэ ты моя, Шаганэ!..” сатри билан бошланган гўзал шеъридир.

Агар Осиё Европа шоир ва ёзувчиларини ХIХ асрнинг иккинчи ярмида қизиқтира бошлаган бўлса, бу жараён ХХ асрнинг  йигирманчи йилларидаги рус адабиётида, айниқса, авж олган. Жумладан, форс мумтоз шеърияти билан танишган С.Есенинда Эронга бориш, форс шоирлари илоҳийлаштирган париваш форс қизларини кўриш орзусини уйғотди. Лекин  шу пайтда ичкилик енгиб қўйган шоирнинг Эронга бориши амри маҳол эди. Шунинг учун ҳам дўстлари Есенинни Грузия ва Озарбайжонга олиб бориб, “Ана сенга Эрон! Ана сенга форс қизлари!” деб уни Эронга келганига астойдил ишонтирдилар. Шундай кунларнинг бирида Есенин “Шаганэ ты моя, Шаганэ!..” деган машҳур шеърини ёзади.

Фожеали ўлимидан кейин номи қатағон қилинган бошқа рус шоир ва ёзувчиларидек, Есенин ҳам узоқ вақт унутилиб келди. Унинг асарларини ҳам ўқиш ман  этилди. Есенин Сталиннинг ўлимидан кейингина оқланиб, асарлари чоп этила бошлади. Есениншуносларнинг янги авлоди Шаганэнинг ким бўлганлиги ҳақида баҳслаша бошлади. Ҳатто йигирманчи йилларда қайсидир журнал муҳаррири бўлиб ишлаган Чагин ўзини Есениннинг дўсти, “Шаганэ” исми эса “Чагин”нинг эркаланиб айтилган нусхаси, деб чиқди. Лекин кўп ўтмай, Шаганэнинг ўзи топилди. Шаганэ Несесовна Тальян (1900) ўша пайтда Ботумидаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаган қиз экан. Есенин  у билан танишганининг учинчи куни мазкур шеър қўлёзмасини унга ҳадя қилган экан. Машҳур рус шоирининг машҳур шеъри шу тарзда майдонга келган.

1924 йили ёзилган ва С.Есениннинг “Персидские мотивы” шеърий туркумига кирган шеър бундай сатрлар билан бошланган:

Шаганэ ты моя, Шаганэ!

Потому, что я с Севера что ли,

Я готов рассказать тебе поле,

Про волнистую рожь при луне,

Шаганэ ты моя, Шаганэ!..

Соцреализм байроғи остида ривожланиб бораётган рус ва ўзбек адабиётидаги шеърларга асло ўхшамаган бу шеър, умуман, С.Есениннинг “Персидские мотивы” туркумига кирган барча шеърлари Эркин Воҳидов сингари янги адабий авлод вакилларини мудроқ ҳолатдан уйғотиб юборди. У туркум номининг ўзбекона ифодасини топиб, уни “Форс тароналари” деб атади ва биз тилга олган шеърни ўзбек тилига қойилмақом қилиб таржима қилди.

Э.Воҳидов ана шу жараёнда мураккаб бир муаммога дуч келди. Гап шундаки, Петрарканинг Лаураси исмини таржимада бирор ўзбекона исм билан аташ мумкин бўлмаганидек, Э.Воҳидовда ҳам “Шаганэ” исмини  ўзгар­тириш ҳуқуқи мутлақо йўқ эди. Шундай экан, “Шаганэ” исми икки марта такрорланган биринчи сатрни қандай таржима қилиш керак? “Шаганэ, Шаганэ, менинг Шаганем” дебми ёки “Шаганэ, Шаганэ, менинг Шаганам…” дебми?..

Хуллас, шеър бағишланган маҳбуба исмининг бошқа бир нусхасини топишдан ўзга илож йўқ эди. Аммо бу исм шундай бўлиши лозим эдики, у аввало Есенин учун азиз ва ҳатто илоҳийлашган исм бўлиши керак эди. Э.Воҳидов шеърнинг бир неча қора қўлёзмаларини йиртиб ташлаганидан сўнг бир тўхтамга келиб, ёзди:

Шаҳинам, о менинг Шаҳинам,

Билсанг Шимол ватандир менга.

Далалардан сўйлайми сенга,

Ой нур сепган бошоқлардан ҳам.

Шаҳинам, о менинг Шаҳинам.

Қандай гўзал таржима! Есенин шеърининг нафис музикаси ҳам, мазмун ва моҳияти ҳам тўла сақланган эди бу таржимада. Таржимон ҳатто ўзбек тилида бўлмаган “шахиня” сўзининг ўзбекча нусхасини ҳам яратган эдики, ҳатто Есениннинг “Шаҳина” эмас, Шаганэга ошиқи беқарор бўлгани ҳеч кимнинг эсига ҳам келмади. Шу шеър баҳона “шаҳиня” сўзи ўзбек адабий тилидан “Шаҳина” тарзида жой олди.

 

ПАРИВАШ ҚИЗЛАР ОБРАЗИ

Мумтоз шоирлар ижодида шундай латиф лирик шеърлар бор ва кўпки, уларсиз жаҳон шеърияти чаманзори ўзининг турфа рангларини йўқотган ва бу шеърлар таратган хушбўй ифорлардан асар ҳам қолмаган бўларди.

Шундай шеърлардан бири А.С.Пушкиннинг “К…”га бағишланган ва “Я помню чудное мгновенье” сатри билан бошланган буюк шеъридир.

Одатда илоҳий илҳом билан ёзилган шеърлар тўрт банддан иборат бўлади. Аммо “К…”нинг Пушкин қалбида уйғотган муҳаббат тўлқинлари шу қадар кучли бўлганки, ҳатто улуғ рус шоири орадан бир неча йил ўтганидан кейин яна Уни кўриш сурурига эришганида шоирнинг кулга айланиб улгурмаган туйғулари яна аввалгидек чарақлаб, бутун оламни алвон рангли мушаклари билан тўлдириб юборади.

Мана, ўша сатрлар:

Душе настало пробужденье:

И вот опять явилась ты.

Как мимолётное виденье,

Как гений чистой красоты…

 

И сердце бьется в упоенье,

И для него воскресли вновь

И божество, и вдохновенье,

И жизнь, и слёзы, и любовь.

Пушкин ҳаётининг жўшқин саҳифалари мутахассислар томонидан синчковлик билан ўрганилганидан кейин шу нарса равшан бўлдики, бу сатрларда абадиятини топган паривашнинг исм-шарифи Анна Петровна Керн (1800-1879) экан. У Михайловский қишлоғи билан туташган Тригорск овулида яшаган П.А.Осипова исмли помешчик аёлнинг жияни экан. У 1825 йил ёзида шу ерда меҳмон бўлган ва шу ерда Пушкин билан мунтазам равишда учрашиб турган. Пушкиннинг Анна Петровнага бағишланган машҳур шеърининг қўлёзмаси у Тригорскдан кетаётган 19 июлда унга ҳадя қилинган. Пушкин кейин ҳам Анна Петровна билан хат ёзишиб турган.

Пушкин лирикасининг бу порлоқ намунасини ўзбек тилига бир неча шоирлар, шу жумладан, Зулфия ҳам таржима қилган. Пушкин шеърининг сўнгги икки банди Зулфия таржимасида бундай жаранглайди:

Мана, қалбга ошно бўлди най,

Кўз олдимда бўлдинг намоён.

Гўзалликнинг соф парисидай

Бир лаҳзалик ажиб тушсимон.

 

Руҳим яна уйғонди бу дам,

Яна унда тирилди нажот:

Яна дилда Худо ва илҳом.

Кўз ёшию муҳаббат, ҳаёт.

Ҳар бир сатридан нафақат аниқ фикр ва туйғулар, балки нафис музика ҳам таралиб турган бу шеърни ўзга тилга таржима қилиш осон эмас. Зулфиянинг ҳам бу шеърни ўзбекона наволарга солишда қийналгани сезилиб турибди.

Шундай ишқий-поэтик тафаккур намуналари ўзбек мумтоз ва замонавий шеъриятида ҳам оз эмас. Аммо Навоийдан бошлаб Фурқатгача бўлган ўзбек шоирлари жозибадор аёллар  исмини ошкор қилишни мусулмон олами этикасига зид деб  ҳисоблаганлар. Акс ҳолда:

Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда,

Кўзлари масхуру юз жоду эрур тасхирда —

байти билан бошланган ғазалдаги оймомодек гўзал сиймонинг кимлиги авлодларга маълум бўлган ва улар бу париваш образининг бошқа қирраларини ҳам нурлантириб юборган бўлармидилар. Бу сиймони иттифоқо Кашмир шаҳрида кўрган ва унинг бетакрор гўзаллигидан ҳайратга тушган Фурқат эса унинг образини мумтоз ўзбек шеъриятига хос поэтик усул ва воситалар билан яратишга муваффақ бўлган.

Аммо қарийб шундай руҳий ҳолатни бошидан кечирган Чўлпон “Гўзал” (1919) сингари шеърларини ёза бошлаганида ўзбек шеъриятидаги поэтик тафаккур воситалари ўзига ўхшаган пешқадам жадидлар туфайли янгилана бошлаган эди. Шу ҳол Чўлпон тасвиридаги Гўзалнинг реалистик образ даражасига кўтарилишида муҳим роль ўйнаган.

Ҳаёти мушкул ва мудҳиш воқеалар гирдобида кечган Чўлпон учун 1919 йил февралининг бир куни бахтли кун бўлган. Чўлпон шу куни “Гўзал” шеърий дурдонасини яратган. Бу шеър бўғиқ муҳитда яратилгани учун айрим адабиётшунослар “ойдан-да гўзал, тундан-да гўзал” Аёл образида шоир Мустақилликни, Эрк ва ҳурриятни тасвир­лаган, деб чиқдилар. Ҳолбуки, бу шеър ёзилган вақтда ҳали ўзбек шеъриятига рамзий образлар силсиласи кириб улгурмаган эди. Аёл зотига хос гўзалликни, айниқса, қадрлаган ва илоҳийлаштирган Чўлпоннинг бу шеъри, Фурқат шеъридек, ҳусн ва малоҳат бобида тенгсиз аёл билан оний учрашув таъсирида ёзилган.

Журналист Темур Убайдулло Чўлпоннинг севимли шогирдларидан бири Ғайратий билан суҳбатлашганида кекса шоир устози ҳақидаги хотираларини айтиб, бундай деган экан:

“— Чўлпон дам олишда эди. Мен уни кўргани бордим. Ниҳоятда бағрикенг инсон эди Абдуҳамид ака.

— Келдингми, Ғайратий? — деди шоир. Негадир у беҳаловат, кўзи чақноқ эди. – Йўлда кимни кўрдинг?

— Бир қизни, — дедим. Рости ҳам бир офатижон келиб эди.

— Қани, таърифла-чи?

Мен жуда илҳом билан таърифладим.

— Ой, — деди Чўлпон, —  бўлди. Ғайрат, бўлди.

Кейин ўтириб, шу шеърни ёзди. Ёпирай, нақ гўзални мен эмас, у кўргандек таърифлаганки! Ўзи шеър пишиб турган экан-у, менинг гапим туртки бўлибди”.

Журналистнинг ёзишича, “Ғайратий қўшиб қўйибди: — Энди билсам, Чўлпон ёниб куйлаган гўзал Ҳаёт экан! Чўлпон Гўзал Ҳаёт ошиғи экан”.

Убайдулла ёшлик йилларида эшитган бу хотирани анча кейин эслагани ва Чўлпон сўзларига журналистларга хос ортиқча безак қўшгани учун шу воқеага доир бошқа бир хотирани ҳам келтириш жоиздир.

Ғайратийнинг иниси Анвар Абдулланинг матбуотда эълон қилинган хотирасида бундай сўзлар ёзилган:

“— Фарғона кўчаларидан кетаётган эдик, деган эди акам. Тўсатдан Чўлпон мени имлаб, ёнимиздан ўтаётган бир қизни кўрсатди.

Биз меҳмонхонага келгач, Чўлпон хаёл суриб ўлтирар, нимадандир маҳзун кўринар эди. Мен: “Нега хафасиз?” – деб сўрадим.

Чўлпон:

— Бояги қизга! – деди.

Мен:

— Бир нарса дедими?

Чўлпон:

— Бир нарса деса, йиғлармидим!

— Нега бўлмаса хафасиз?

Чўлпон:

— Унинг гўзаллигини тасаввуримга сиғдиролмай ҳайронман! – деди.

— Чўлпон ана шундай кўнгли бўш, беғубор шоир эди, — деб қўшиб қўйди домла…”.

Чўлпон лирикасининг бебаҳо гавҳарларидан бири шундай дунёга келган. Бундан юз йилдан зиёдроқ вақт илгари туғилган, замонавий рангин бадиий тили билан ҳам, поэтик тасвир усули ва мукаммал ишланган образлари  билан ҳам, китобхонларга бадиий завқ ва илҳом берадиган композицияси билан ҳам худди бугун яратилгандек яшнаб, камалак нурлари билан товланиб туради.

Ҳолбуки, у оний висол лаҳзасидан олинган таассурот мевасидир.

ОЙ ОБРАЗИНИНГ ЯНА БИР ВАЗИФАСИ

Ойбек шеърий ижодида ой образига кўп мурожаат этган. Шунга қарамай, бу образ унинг шеърларида қарийб ҳар сафар янги-янги бадиий вазифаларни бажарган.

Мана, баъзи бир мисоллар:

Ой нури мавжланиб титрайди,

Баргларга киради ширин тил.

             (“Юрамен, тошади севинчим…”)

— Оймўма қизлар экан,

Худойим ёрлақоса…

                            (“Шоирнинг болалиги”)

Тепалардан ойнинг кумуши

Мўралайди қувноқ сайилга.

                                  (“Каналда”)

Юмалайди ой ҳам тепадан,

Кўнгиллар то ичдан силкинди.

                                  (“Каналда”)

Ойда минг йил чигаллари ҳал…

                                  (“Каналда”)

Салом, эй ой,

                 Мунгли эски дўст!..

                                  (“Салом, эй ой…”)

Мажҳул саҳродамен,

Ой, бўл пир ва эш…

                                  (“Салом, эй ой…”)

Самода сирғалур ошнам – мунгли ой,

Бизнинг бошимизда у-да ҳамсуҳбат.

                                  (“Самода сирғалур…”)

Бу мисолларнинг барчасида ой шунчаки оддий самовий жисм, ҳатто шоирлар қалбини романтик туйғулар билан аллаловчи “модари юлдузлар” эмас, балки арши аълода яшаётганига қарамай, Ерда яшовчилар билан, айниқса, лирик қаҳрамон билан доимий алоқада бўлган, улар ҳаётини нурафшон этган мавжудотдир. Ойбек ҳатто уни “мунгли эски дўст” сифатида ўзига яқин олади, ундан пир ва эш бўлишни сўраб ёлборади. Сўнгги мисолда эса “мунгли ой”нинг ўзига, замондошларига ҳамсуҳбат бўлганини айтади. У “мунгли ой” деганда, 1937 — 1938 йиллардаги фожеаларни, эллигинчи йиллар аввалидаги қатағон даҳшат­ларини кўравериб, кўнгли мунгга тўлган ой билан қилган ғойибона суҳбатларини эслагандек бўлади.

Ойбек шундай воқеалар туфайли 1951 йил 16 апрелда инсультга дучор бўлган, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби улуғ ёзувчиларнинг бошига етган ҳасад қиличи эллигинчи йилларда ҳам синмаган эди. Ойбекдек алпқомат ёзувчининг юраги бундай хуружларга, қуруқ туҳматларга дош бера олмай, оғир хасталикка йўлиқди.

Орадан бир қанча вақт ўтгач, Ойбек турли мамлакатлар ва касалхоналарда даволаниб,  секин-аста юра бошлади.

Хастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб –

Ой менга ҳамқадам – аста юрамен.

Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,

Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.

 

Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,

Бошимда ой борур, менга ҳамқадам.

Хаёллар учади машъалдай ёниб,

Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам…

Бу сатрлар Ойбекнинг ўзи яшаган даҳадаги кўм-кўк хиёбонда, чақноқ юлдузлар остида, бир чети уйлар, иккинчи чети эса дарахтлар билан иҳоталанган йўлкада юрган кезларида унинг лабларидан учиб чиқа бошлаган.

Агар ой аввал келтирилган мисолда адибнинг суҳбатдоши сифатида намоён бўлган бўлса, бу шеърда у хаста Ойбекнинг ҳамқадами сифатида жамол кўрсатиб туради. Ўзбек тилида “ҳам” аффикси ёрдамида ҳамдам, ҳамдўст, ҳамкасб, ҳамкор, ҳамнафас, ҳамроз, ҳамроҳ,  ҳамсоя, ҳамсуҳбат, ҳамшаҳар сингари сўзлар тузилган ва улар ўзбек тили луғатидан ўрин олган бўлса, ҳамқадам сўзини бирорта луғатда учрата олмайсиз. Бу ҳол унинг пассив сўз эканлигидан дарак беради. Аммо Ойбек шу пассив сўздан шундай ўринли фойдаланганки, юқорида келтирилган сатрларда у бажарган бадиий вазифани бошқа бирор сўз бажара олмасди.

Агар сиз ҳам, ҳурматли газетхон, ёз ва куз ойларида шундай ҳолатни бошдан кечирган бўлсангиз, осмондаги ойнинг сиз билан баравар ҳаракат қилганини, сизга ҳамқадам бўлганини эсласангиз керак. Ой билан бутун ижодий умри давомида дўст бўлган Ойбек хасталик кунларида ойнинг яна бир бадиий қиррасини кашф этди: бу ой образининг инсонга ҳамқадам, вафодор дўст ва улфат бўлишдек муҳим инсоний фазилатидир.

УЛУҒБЕК-ШАЙХЗОДА ВАСИЯТИ

Шарқда яшаб, ўз давлатининг қудратига қудрат, шуҳратига шуҳрат қўшган улуғ подшолар орасида Улуғбекдек адолатсизлик, разиллик ва хоинликни кўриб, бу дунёга келганига минг бор пушаймон бўлган бошқа подшо бўлмаса керак. Мақсуд Шайхзода Улуғбекнинг ўта фожеали ҳаётини яхши билгани учун у ҳақида шекспирона кўламдаги “Мирзо Улуғбек” трагедиясини ёзган. Биз бу асарни ўқир ёки театр залида томоша қилар эканмиз, Шайхзоданинг улуғ ўтмишдоши ҳаётини, айниқса, фожеали тақдирини ўз юрагидан ўтказиб тасвир этганидан ҳайратга тушамиз. Аслида Шайхзоданинг ҳаёти ҳам Улуғбек ҳаётидан кескин фарқ қилмайди. Унинг юрагига ҳам адолатсизлик, разиллик ва хоинликнинг барча найзаларини санчиб, унга, Сакинахоним ўксинганидек, 60 ёшлик юбилейини кўриш имконини беришмаган. У дўст деб ўйлаган, у шогирд деб ўйлаган, у гўзаллиги учун қадаҳ кўтарган замондошлари унга хоинлик қилишган. Шайхзоданинг тирноғига ҳам арзимайдиган НКВД ходимлари, Сибирь лагерларидаги инсоний қиёфасини йўқотган жаллодлар уни истаганларича хўрлаб, унга истаганларича азоб берганлар. Шу маънода уни, балки Улуғбек билан тақдирдош бўлган, дейишимиз мумкиндир.

Одатда драматурглар юракларини эзиб турган аламларини асарларидаги қаҳрамонлар образи орқали ифодалаб, хумордан чиқадилар. Шу имкониятдан Шайхзода ҳам “Мирзо Улуғбек” трагедиясида фойдаланган бўлиши мумкин. Аммо бизнинг ушбу этюдни ёзишдан мақсадимиз унинг хоинлар, муттаҳамлар, каллакесарлар билан бир дунёда яшаётган замондошларига ўзи ёки Улуғбек оғзидан айтиб, ёзиб қолдириши мумкин бўлган васиятидир.

Беш пардали “тарихий фожеа”нинг бешинчи пардасида оқпадар Абдуллатифнинг маҳрами Аббос занжирбанд Улуғбекка васият айтишни буюради. Улуғбек унга жавобан дейди:

Васиятим, васиятим! Ким ҳам эшитгай,

Мулким йўқки, бировларга мерос қолдирсам,

Хазинам йўқ, бировини бойитиб қўйсам…

Сўнг дафъатан ёдига тушиб қолгандек, давом этиб, дейди:

Меросимдир китобларим ва жадвалларим.

Бир мероски, замон уни маҳв этолмайди,

Бир мероски, ворислари бу ватан аҳли,

Бир мероски, баҳра топар ундан ер юзи…  

Улуғбек шу пайт сўнгги сўзларини Аббос ва унинг сипоҳларидан бошқа ҳеч ким эшитмаётганини, ёзиб қолдирмоққа эса қўли бойлоғлик эканини эслаб, “васият”ни давом эттирмайди.

Лекин Шайхзода асар композициясини шундай қурган эдики, биз унинг подшо ва олим сифатида қилган ишлари билан ҳам, ҳатто васияти билан ҳам биринчи пардадаёқ танишган эдик. Аммо бу мусулмон оламида қабул қилинган анъанавий васият эмас эди. Улуғбек ҳаёти тажрибаларини, ҳатто устоз Қозизоданинг қўлларини ўпганида, бобосининг унга танбеҳ бериб: “Эркак қўлин, Афлотун ҳам бўлса у киши, Шаҳзодалар ўпмоқлиги буткул ножўя, Дунё сенинг оёғингни ўпмоғи лозим!” деган сўзларини эслайди. Амир Темур сабоқларини юрагига жо қилган Улуғбек: “Инсонларга айтиб турдим: боққин самога, Қанча тоза ва мусаффо, фараҳбахш, зебо”, деб унга табиат билан инсон ўртасидаги муносабатнинг шу олтин калитини кўрсатганини айтади ва шундан кейин ҳайқириб дейди:

Эй одамзод, ибрат олгин юлдузлардан сен

Хайрихоҳлик ва баландлик хислатларидан.

Шалтоқларга ағнамагин, кўтарил, юксал,

Сўқир бахтдан кўрар кўзли бахтсизлик афзал…

Шу сўзлардан кейин Улуғбек “зеҳнларга нур уруғин сепгани”ни айтиб, яна бошқа “ария”га ўтиб кетади.

Юқоридаги уч-тўрт сатрда Улуғбекнинг васияти тўла ифодаланганми? Йўқ, албатта. Шайхзода Улуғбек образига кириб, унинг одамзодга қаратилган васиятини айта бошлаши билан, назаримизда, кўзлари ёшланиб кетади. Шайхзоданинг қўли шу сўзларни ёзаётганида НКВД ертўласида кўрган азоблари кўз олдидан ўтиб, нафаси тиқилиб қолади. Кейин у “васият”ни кенгайтиришга қанчалик уринмасин, кўнгли қаршилик кўрсатади.

Аслида Шайхзода дилидаги гапни айтиб улгурган эди. Одамзоднинг манфур қисми Улуғбек даврида шалтоқларга қандай ағанаган бўлса, Шайхзода замонида ҳам ўша шалтоқлардан ҳали кўтарила олмаган эди. Шунинг учун ҳам Улуғбек-Шайхзоданинг  “васияти”, назаримизда, тўмтоқ бўлиб қолган.

Наим КАРИМОВ,

академик

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг