НАВОИЙ ИЖОДИ ГЕРМАНИЯДА ЎРГАНИЛМОҚДа

130

Таниқли олима, Навоий ғазаллари, рубоий ва афоризмларининг немис тилига таржимаси ҳамда қиёсий лингвопоэтик таҳлилининг бадиий қиммати ҳақида  салмоқли илмий ишлар муаллифи Ровияжон Абдуллаева “Дунё” ахборот агентлиги мухбирига Германия олимларининг  буюк бобокалонимиз ижодий меросини ўрганишга бўлган қизиқиши ҳақида сўзлаб берди.

— Германияда Алишер Навоий ижодига қизиқиш, ушбу бебаҳо меросга турлича ёндашувлар доимо кузатилган, — дейди олима. —  “Манзури шаҳаншоҳи Хуросон” дея улуғланган, “Шамс ул-миллат” дея ардоқ топган Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан Тошкентга келган немис олими Альфред Курелла беназир бобокалонимизнинг шахси ва ижодига бағишланган “Буюк шоирнинг қайта кашф этилиши” номли эссесида  Навоийни   Ғарбий Европада буюк шоир сифатида янада машҳур бўлишига салмоқли ҳисса қўшди.

Мустақиллик йилларида Германияда Навоий меросини ўрганишга эътибор янада кучайди ва ҳазратнинг таваллуди саналарида Берлинда унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилди.

Немис шарқшунослари Ҳаммер Пургшталь, Альфред Курелла, Зигфрид Клайнмиҳел, Клаус Шёнинг, Марк Кирҳнер ва венгер олими Ҳерман Вамбери ўз даврида  яратган илмий тадқиқотлари  билан бобомизнинг улкан адабий-маънавий меросини Ғарб жамоатчилигига танитишга ўз ҳиссасини қўшган. Шу боис  уларни немис, аниқроғи, Европа навоийшунослари, деб аташ мумкин.

 Навоий асарларининг Германияда янада кенг кўламда ўрганиш ва таржима қилинишига 1998 йилда Берлин Ҳумбольдт университетида бўлиб ўтган Ўзбекистон маданият кунларининг очилиш маросими ҳам   катта туртки бўлган эди. Ўшанда  Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов шундай деганди: “Муҳтарам анжуман қатнашчилари, мен Дантенинг “Илоҳий комедия” асарини ўзбек тилига таржима қилиб, Ғарбий Европа адабиёти олдидаги қарзимни уздим. Эркин Воҳидов эса Гётенинг “Фауст”ини ўзбекчага ўгириб, олмон адабиёти олдидаги бурчини бажарди. Нима сабабдан олмонлар буюк мутафаккири Гёте Шарқ адабиёти, жумладан, Навоий яшаган давр адабиёти вакилларини ўзига пир тутганлигини ва бу орқали ўз миллий адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшганлигини била туриб, Навоийни қойиллатиб таржима қилишмаяпти”, деган эди.

Абдулла Ориповнинг ана шу  шоирона танбеҳи туртки бўлиб, немислар Навоийни ўрганишга астойдил киришди. ЮНЕСКОнинг қарори билан 2001 йилда Берлинда улуғ шоир ижодига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Анжуман материаллари  Германиянинг Вюрцбург шаҳридаги “Эргон” нашриётида “Мир Алишер Навоий” номи билан  чоп этилди.

Ушбу китобдан “Мир Алишер Навоий — мозийга бир назар” (Б.Ҳайнкеле), “Темурийларга оид манбаларда ўзбеклар тавсифи” (Ю.Паул), “Бобурнома”да Навоий образи” (К.Шёнинг), “Марказий Осиё халқлари эртакларида Навоий образи” (Э.Таубе), “ХVI аср Чиғатой усмонли луғати “Абушқа”да чиғатой тилидаги феъл шаклларининг усмонли талқинда берилиши” (К.Рўмер), “Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”и (М.Кирҳнер), “Навоий — бенаво” (З.Клайнмиҳел), “Навоий даврида санъат ва меъморчилик” (Й.Гирлиҳс) мавзуларидаги мақолалар жой олган.

— Ҳазрат Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Президентимиз томонидан қабул қилинган  қарорга кўра, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил қилинди. Бундан ташқари, “Алишер Навоий” ордени таъсис этилди. Шоир қаламига мансуб қўлёзмаларнинг нусхалари хориждан  мамлакатимизга олиб келинмоқда. Қарорда, шунингдек, Навоий асарлари чет тилларига таржима қилиниб, нашр этилиши ҳам ўз ифодасини топган.  Сиз  таржимон, адабиётшунос олима сифатида бу йўналишда қандай ишлар  олиб бораяпсиз?

— Чиндан ҳам, сўнгги йилларда  Навоийнинг кўп қиррали ижодий меросини чуқур ўрганиш, асарларини хорижий мамлакатларда оммалаштириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Навоий бобомизнинг 580 йиллигига бағишлаб бир қанча илмий анжуман ва йиғилишларда  иштирок этдим. Яқинда “Ўзбекистон — Германия” дўстлик жамияти томонидан ўтказилган илмий конференция­да “Навоий ва Гёте ижодида муштарак нуқталар” мавзусида маъруза қилдим. Ҳазрат Навоийнинг Германияда ўрганилишига бағишланган “Сарҳад билмас шеърият” номли монографиям нашрга тайёр турибди. “Навоий ғазалларини таржима қилишда Алишер Навоий асарлари тили изоҳли луғатининг ўрни ва роли” сарлавҳали рисола тайёрладим.

— Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳозирги алоқаларда Навоий ижоди қанчалик аҳамият   касб этади?

— Ғарбий Европада Навоий ижоди чуқур ва жиддий ўрганилмагани боис, афсуски, европаликлар шоирнинг шахси ва ижодини чуқур билмайди. Натижада у ҳақда ғайриилмий қарашлар, нотўғри талқинлар ҳам бўлган. Бугунги кунда эса шоир   Германияда “Ҳиротнинг бахти” ёхуд “Ҳирот бошига қўнган бахт қуши” (Ҳофманн) дея этироф этилмоқда.

Алишер Навоий нафақат туркий халқларнинг буюк мутафаккир шоири, балки бутун дунё эътироф этган Шарқу Ғарб алломасидир. Озарбайжон шоири Фузулий ўз девони дебочасида “Манзури шаҳаншоҳи Хуросон” деб улуғлаган соҳир сўз соҳиби ижодий мероси бугун ўзбек ва немис халқлари дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Баҳриддин АСЛАНОВ  суҳбатлашди.
“Дунё” АА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг