НАМАНГАНДА ГУЛ САЙЛИ

289

Дунё булбуллари май ойида бор овозда сайраркан. Мастона фаслда гуллар очилиб, бор кўркини сочганда Наманганда гул байрами бошланди.

Асли бу гўшада гулсеварлар яшайди. Остонасидан гул-райҳонларга ғарқ ҳовлиларга, ўтганга тебраниб салом бергувчи, шаҳарга ифор тарқатгувчи гулзорлар улашиб кетган. Яна наманганликларнинг бир одати борки, қаерга саёҳатга борса, қайтишда гул опкелади. Бошқа қитъаларда ўсган гул бизда ўсмайдими, деб ҳаракатга тушишади. Вилоят ҳокимлиги остонасида осмонга бўй чўзган, олтмиш ёшдан ошган магнолия дарахти бор. Ҳар йили, балки она юрти  Япониядагидан-да аввалроқ гуллайди.

– Фестивалга бу йил бошқача ёндашдик.  16 гектарлик Бобур боғи тўлалигича гул композициялари билан тўлди. Ушбу композицияли гулхоналар август ойига қадар парваришланади. Авваллари уларни суғоришда муаммо бўларди.  Бу муаммони томчилаб суғориш тизимини тўла жорий этган ҳолда ечдик. Гул сотувларини боғдан ташқарида, Тинчлик хиёбонида ташкил этдик. Барчангизни гуллар фестивалига таклиф этамиз. Бу байрам элники, Ўзбекистонники! Гулчилик бўйича бутун республика ва қардош элларга тажриба беришга тайёрмиз, – деди Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб бераркан.

Ҳар йилги анъанавий байрам энди “Халқаро гуллар фестивали” мақомини олди. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши қабул қилинди. Байрамга келганлар юздан зиёд корхона, ташкилот ва бошқармалар, туманлар, профессионал ва ҳаваскор гулчилар томонидан ташкил этилган кўргазмалардан завқу шавққа тўлди. Халқаро гуллар фестивали тантаналари вилоятнинг ҳаво дарвозасидан – Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган, ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналар, юк машиналари, комбайн, трактор, автокранлардан тортиб, ҳатто ҳарбий техникаларгача учратиш мумкин. Анжуманда Қирғизистон, Қозоғистон, Корея, Буюк Британия, Туркия, Россия каби хорижий давлатлардан таклиф қилинган ва юртимизнинг деярли барча ҳудудларидан келган меҳмонлар, вилоят фаоллари иштирок этди.

Бу йил олтмишинчи марта нишонланаётган байрам садоларига ҳам­оҳанг кўнгилли гул шайдоларининг оқими шаҳарнинг марказида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги гулбоққа  бурилган. Боққа кирган киши ҳайратлар дунёсига киргандек бўлади. Гулбоғнинг тўрт тарафидан поёндозга айланган гуллардан кўнглингиз равшан тортади. Бобуршоҳ кўчасидан кириб келсангиз, эртаклар дунёсига киргандай  бўласиз. Уч тарафи тоғлар, уларнинг бағридан оқаётган чашмалар яшнаб ётган гуллар чаманига сингийди. Бу чортоқлик гулсеварларнинг байрамга ҳадяси. Олмалар тўкилган боғлари тоғларга туташган гулзор янгиқўрғонликлар туҳфаси. Унга Тўрақўрғон гилосларидай ял-ял ёнган гулзор ўртасида жадид бобомиз Исҳоқхон Ибрат ҳайкали қад ростлаган. Икки-уч қадамдан ке­йин кўзингиз ўнгида Норин ястаниб, кўм-кўк сувлари гулзорлар оралаб чайқалади. Бу учқўрғонликлар фалсафаси. Боғнинг ҳар тарафидан афсоналар, гўзалликлар бўй таратади. Шул сабабдан боққа миллионлаб гул шайдолари ошиқди. Бир тарафда аския, бир тарафда куй-қўшиқ, бир тарафда гул мушоираси давом этди.

Гул шайдолари дарёдай оқиб кирган мазкур боғда ўн беш миллион туп турфа гуллар экилган. Гул сайлида энг яхши кўргазмаси билан фаол иштирок этганлар «Ласетти» автомашинаси билан тақдирланиши эълон қилинади. Гул байрамида ҳар йили  гул бозори боғ ичида бўларди. Бу йил Тинчлик майдонидаги гавжум гул бозорида дунёнинг ранго-ранг гуллари ўзини бозорга солган. Сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Аввало, гулнинг қаердан келгани, Африкаданми ё Голландияданми — бари айтилади. Гулнинг табиати тушунтирилади. Беш метрли африка гулига харидор бўлаётган аёлдан сўрадим:

– Бу гулни қандай опкетасиз?

– Опкетолмас эканман, Қирғизистондан келганман. Чегарада, балки ўтказмас, — деди ўзини Маҳпират деб таништирган аёл.

– Гул байрамини эшитиб келдингизми, Маҳпиратхон? – деб сўрасам кулиб юборди:

– Албатта-да, телевизорда кўрдим, интернетда ўқидим.

Хитой, Россия, Туркия, Корея, Буюк Британия, Покистон, Нидерландия сингари эллик мамлакатдан меҳмон борлиги ёдимга тушди. Мезбонлар фақат гуллар билан чекланмай, турли тадбирлар ўтказишяпти. Ўтган куни шаҳардаги Бадиий ижодкорлар уюшмаси галереясида «Ҳиндистон ёзма мероси: ҳинд-ислом хаттотлигида ёзиш санъати» мавзусидаги кўргазма очилди. Галереяда юзга яқин хаттотлик санъати асарлари намойиш этилди. Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ҳиндис­тоннинг юртимиздаги элчиси жаноб Маниш Прабхат, вилоят раҳбарлари, Ҳиндис­тон маданият маркази директори жаноб Шекхар иштирок этди.

Яна бир янгилик: Наманганда физика, информатика ва тарих фанлари бўйича республика фан олимпиадаси ўтказилди. Унда вилоят босқичларида ғолиб чиққан бир юз ўн бир нафар ўғил-қиз икки турда билимларини синовдан ўтказди. Якуний натижаларга кўра, физика фанидан Навоий давлат педагогика институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Умид Муҳаммедов, информатика фанидан Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Азимжон Ўринов, тарих фанидан Термиз давлат университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Бекзод Пардаев олимпиада ғолиблигини қўлга киритди. Эътиборлиси, физика ва информатика фанларидан ўн нафар ўқувчига Ўзбекистон–Корея халқаро университетида грант асосида имтиёзли ўқиш имкониятини берувчи 12 минг 800 АҚШ доллари миқдоридаги ваучер ва сертификатлар топширилди.

Навоийлик Умид Муҳаммедовни табриклаб, таассуротларини сўрадим.

— Наманганнинг олмасини яхши кўрардим, энди гул байрамини кўриб, гулларини харид қилдим. Наманган менга жудаям ёқди, — деди у.

Бир пайт осмонга олтмишинчи гул фестивали рамзи тасвирланган улкан ҳаво шари  кўтарилди. Ҳайратларга ҳайрат қўшилди.

Ҳозир Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида Гул байрами тантаналари қизғин руҳда давом этмоқда.

Гул байрамининг тантанали ёпилиш маросими 31 май куни Марказий Осиёдаги ягона «Афсоналар водийси» тематик паркида бўлиб ўтади. Унда таниқли эстрада юлдузлари иштирокида гала концерт намойиш этилади.

Аҳли оиланг тинч бўлса, кўзингга гўзалликлар кўринади. Маҳалланг, юртинг, бепоён Ватаннинг тинчлиги ҳар кўчада, ҳар гўшада байрам демакдир. Юртимиз янада обод ва фаровон, дунёда тинчлик бўлсин!

Дилбар ҲАЙДАРОВА,

шоира

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг