БИЛИМДОНЛИК ДАЪВОСИ

390

Тилимизда қўлланиб, ифода шакли маълум, маъноси теран, талаффузи меъёрий қоидаларга зид бўлмаган сўзларни янги шаклда қўллашга қандай эҳтиёж бор? Дейлик,  “доцент”ни  dosent,  “аттестация”ни  attestasiya, “модернизация”ни modernizasiya ё ой номлари – “сентябр”ни  sentabr, “октябр”ни oktabr шаклида ишлатишнинг қандай зарурати бўлиши мумкин? “Милиция”ни milisa, “мотоцикл”ни matasekl, “операция”ни аparasta, “цемент”ни simon, “санкция”ни sаnksiya ­де­йиш мумкин.

Бироқ юқоридаги илмий атамаларни аслича қолдириш керакми, дейман. Шунингдек, Гельвеций, Цицерон, Стаций, Гораций, Домиций сингари дунё алломалари исмини бошқа халқлар ишлатгани сингари “ts” ёрдамида қўлламоғимиз лозим. Франц, Цеткин, Песталоцци каби шахс отларини эса Frans, Cetkin, Pestalotsi шаклида қўллаш хато эмас. “Цицерон”нинг биринчи бўғинида “т” сал қаттиқроқ эшитилади. Шу боис бу номни Titseron шаклида қўллаш мумкин.  Хуллас, “ц” сўз аввали ё охирида келса s,  ўртасида келганда эса ts шаклида қўлланса, талаффуз меъёрларига мос тушади.

Ўтган аср бошларида ота-боболаримиз “сентабр” ё “октабр” деб айтса айтгандир. Аммо қарийб бир аср давомида халқимиз онги ва тафаккурига ўрнашиб, сингиб кетган, талаффузи меъёрлашган сўзларни ўзгартириб, “билимдонлик” даъво қилишнинг маъниси нима? “Француз”ни Fransuz дейиш хато эмас, бироқ “dotsent” ёки “attestatsiya”нинг нимаси ёмон?

Бу рус тили ё у орқали ўзлашган сўзлар типига киради. Сўзни ўз эгалари сингари айтиш ва ёзиш лингвистикада хато ҳисобланмайди.

Ой номларини oktyabr, sentyabr шаклида айтганимиз каби ёзсак, айтинг-чи, бунинг нимаси хато? Янги ёзувда жўналиш келишиги “-га” нинг ишлатилиши ҳам баъзида тўғри эмас. Имло қоидасида унинг -ға, -қа, -ка шакллари ҳам мавжудлигини, ўрни билан ана шу муқобилларни қўллашимиз лозимлигини тушунтириш унутилган кўринади.

Ўзбек ҳеч қачон “тоғга  чиқамиз” ёхуд “кучукга нон бер” деб талаффуз қилмайди. У “тоққа чиқамиз”, “кучукка нон бер” дейди. “Раззоққа айтинг”, “маблаққа бориб тақалади”,  “милтиққа ўқ жойлади” каби ифода бирликларини -га (ga) жўналиш келишиги воситасида айтиш ва ёзиш, бизнингча, тўғри эмас.

«Узук тақган қиз» дейилмайди. Дейилмайдими, демак, ёзилмайди ҳам. Уни “таққан” шаклида ёзиш лозим. Ҳозирда 6-синф ўқувчиларига тавсия этилган “Она тили” дарслигида асосан тўғри ишлаб чиқилган қоидалар ичида, афсуски, бизнинг фикримизни рад этадиганлари ҳам бор. “Жумладан, феълнинг сифатдош шаклига тегишли мана бу маълумот бизни ишонтиролмайди: Жарангли  g` ундоши билан тугаган  феъл  асосларига  қўшилганда  -qan ҳолида талаффуз қилинса ҳам -gan ёзилади: tug`– tug`gan”.

Нега энди шу сўз айтилгани каби tuqqan шаклида ёзилмайди? Демак, биз уни 90 йилдан бери  хато ёзиб келган эканмиз-да? Афсуски, дарсликларда шу ва шу каби хато-чалкашликлар гоҳо кўзга ташланиб туради. Таклиф шуки, янги имло қоидаларини ислоҳ қилишда эскисини тамом инкор қилиш йўлидан эмас, балки тамом эътироф этиш йўлидан боришимиз керак.

Яна  алломалар номига қайтамиз. Мустақилликдан сўнг “Гёти”ни Ҳёти, “Генрих Гейни”ни Ҳенрих Ҳейни ё Ҳанрих Ҳайни, “Тагор”ни Тҳакур, ҳатто “Суқрот”ни очиқ ойдин Сократ дейдиган бўлишди. Қизиқ?! Буюклар отини 100 йил ишлатиб, энди таҳрир қилишнинг нима кераги бор? “Гёте”нинг нимаси ёмон. “Генрих Гейни”нинг-чи? “Тагор”ни Тҳакур дейиш хато эмасми? Ўзбек тилида “тҳ” бир ўринда қўлланадиган исм, ҳатто бирорта сўз мавжуд эмас. Илтимос, бирор қоидани ишлаб чиқишдан аввал филолог олимларимизнинг фикр-мулоҳазаларини, жилла қурса, улар қандай ёзганини ўйлаб кўрайлик, ахир.

Инобатга олиш лозимки, адабий тил меъёрлари билан шева тили меъёрлари ўртасида фарқ бор. Биз бу фарқни бартараф этиш керак деган фикрдан  йироқдамиз. Баъзи сўзлар айтилганидек ёзилмайди. Академик Иззат Султоннинг оғзаки нутқида “борадиғон”, “айтадиғон” каби феъл, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов талаффузида эса “язувчи”, “шагирт” деган от туркумига мансуб сўзлар қўлланарди. Бироқ улар ёзма нутқда юқоридаги ифодаларни адабий тил нормасига мувофиқ қўллар эдилар. Демоқчиманки, имло қоидаларини ишлаб чиқишда таниқли олимларнинг илмий тажрибасидан улги олиш лозим.

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,

филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг