КЎКСИМДА КЎКАРАР ГИЁҲЛАР

62

* * *

Ҳали бошланмаган менинг ҳаётим,

Тушда кўрганларим бариси ёлғон.

Шунча йил кўз очмай уйқуда ётдим,

Минг битта сўзим бор –

айтилмай қолган.

 

Ахир, ухлаган йўқ кўксимда юрак,

Энди ётиб бўлмас безабон, беун.

Ҳечқурса майсага айланмоқ керак,

Баҳорда қайтадан яралиш учун.

 

* * *

Тоғ қишлоғи.

Лойсувоқ томлар.

Ҳовлиларнинг эшиги толдан.

Узоқ эди ўзга оламлар,

Бола қалбим шу ерда қолган.

 

Уй тўрида изиллаган қиш,

Печ ёқарди онам эрталаб.

Қорли даштдан –

ҳар кунги юмуш –

Келар эдим ўтин орқалаб.

 

Курашардим қиш билан шундоқ,

Баҳорларга чулғаб тушимни.

Чаққанида кўксимда чақмоқ,

Йўллар асир олди ҳушимни.

 

Тоғ бағридан мени тортқилаб,

Юлқиб олди шаҳар – сеҳркор.

Аммо қишда – бодоми гуллаб! –

Ҳали келмай алдади баҳор…

 

Йиғлаб қолди кимдир орқамдан,

Йиллар ўтди, замон ўзгарди.

Ўтин эмас, бугун елкамдан,

Босиб турар дунёнинг дарди.

 

*  *  *

Сокин тун хаёлга ташлайди кўмиб,

Эслайман гоҳида пастқам айвоним.

Киртайган кўзлари тутунга тўлиб,

Ўчоққа ўт қалар онам, кайвоним.

 

Отам даштдан қайтар чориғин судраб,

Қўлда заранг таёқ,

юзи чанг, ғубор.

Кипригига қўнган мунгларга қараб,

Дунё, менинг учун бир йиғлаб юбор.

 

Қўлда гулдор дўппи – тўла дўлана,

Изимни қирлардан излаб юрган ким?

Мен олис йилларга қайтдим деганда,

Шаҳар шовқинидан сесканар кўнглим.

 

…Пешайвон.

Ўчоқда милтиллаган чўғ.

Сокин тоғ ҳавоси урилар танга.

Эски заранг таёқ –

ёниб турган туғ,

Гўё Ватан бўлиб кўринар менга.

 

* * *

Сенинг тупроғингда онам иси бор,

Ҳар бир гиёҳингни ўпса бўлади.

Бағрингга бош қўйиб, чекмасдан озор,

Сени деб бемалол ўлса бўлади.

 

                   ЙЎЛОВЧИ

Ташқарида кимдир этигин қоқар,

Совуқ.

Малол келар эшикни очиш.

Ҳовлини тўлдириб туманлар оқар,

Айвонда жунжикиб жой сўрайди

Қиш.

 

Ётибман, ногаҳон эшик тақиллар,

Чиқаман чопонни елкага илиб.

Овулнинг итлари узоқ акиллар,

Баҳор остонада турибди кулиб.

 

Дарсга шошаётган талаба каби,

Ёз ҳам ўтиб кетар қолдирмайин из.

Ранглари заъфарон – гезариб лаби,

Остонада чуқур уф тортади

Куз.

 

* * *

Кўнглимда очилди чечаклар,

Турналар тақдирда тизилди.

О, бунча узун бу эртаклар! –

Менинг бор умримча чўзилди.

 

Бошимда гоҳ булут, гоҳ қуёш,

Ҳар сўзим энг сўнгги сўзимдир.

Куйлайман – эрийди тоғу тош!

Тоғлардай сезаман ўзимни.

 

Юрагим югурар бесабр,

Пойимга чалкашар фироқлар.

Баҳорми, аёзми –

барибир –

Кўксимда кўкарар гиёҳлар.

Исроил ШОМИРОВ

“Соғинч”, “Болаликка қайтгим келади”, “Кўксимдаги қуш” каби китоблар муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исроил Шомиров яқинда олтмиш ёшини қаршилади.

Таниқли шоир, моҳир публицист И.Шомировни муборак ёши билан қутлаб, келгусида ижодий ишларига муваффақият тилаймиз.

Таҳририят

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг