АДАБИЙ САЙТЛАР ВА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР

67

ёш носирлар ижоди учун янги майдон

“Интернет адабиёти” деган янги тушунча шаклланиб, ижтимоий тармоқлар ва адабий сайтлар қамрови тобора кенгайиб бораётган кейинги йилларда ёш носирларнинг турли жанрдаги насрий асарларини, асосан, телеграм каналлари, фейсбук тармоғи, электрон сайтларда эълон қилиш, тарғиб ва ташвиқ этиш имкони юзага келди.

Бир неча йил илгари юртимизда фақат Ziyo.uz, Хуршид Даврон кутубхонаси сайтлари фаолият юритган бўлса, ўтган йилнинг ўзидаёқ Nodirabegim.uz, Esdalik.uz, nasrimizizdoshlari.uz, injasanat.uz каби сайтлар ўз фаолиятини йўлга қўйди. Айни вақтда улар ҳар куни наср, назм, таржима, адабий суҳбат ва мақолалар рукнларида интернет фойдаланувчиларига ранг-баранг материаллар улашмоқда. Ўтган йили Nodirabegim.uz сайтида ёш носирлардан Фурқат Алимардоннинг “Ўтмаган кунлар”, Тилланисонинг “Кўрпа”, Холиёр Сафаровнинг “Сумалаклар пишмаган йил”, Бахтиёр Абдуғафурнинг “Номус”, Рахшона Аҳмедованинг “Қирғоқда қолган балиқ”, Санжарбек Икромовнинг “Атилланинг тулпори” ва бошқа ёш носирларнинг ҳикоялари мухлислар томонидан илиқ қарши олинди. Мурод Нажмиддиновнинг “Панацея” ҳикояси ҳақида ижобий фикрлар билдирилди, баҳслар юритилди. Шерзод Ортиқовнинг қирқдан зиёд эссеси ўтган йили сайтда энг кўп ўқилган материал бўлди. Бу эсселар тўплам тарзида нашр этилиш арафасида.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган сара ҳикоялар босма нашрларга ҳам тавсия этилмоқда. Чунончи, Nodirabegim.uz сайтида эълон қилинган Ш.Ортиқовнинг “Отамнинг кабутарлари”, Н.Иброҳимованинг “Адибнинг вафоти”, Байрам Алининг “Шифохона”, А.Абдуллаевнинг “Фронтовик” ҳикоялари “Шарқ юлдузи” журналининг 5-сонида чоп этилди.

Бундан ташқари, адабий сайтларда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли адабий танловлар ўтказилди. Жумладан, Esdalik.uz сайтида “Достон, таржима ва эсселар” ҳамда тақризлар танловлари ўтказилиб, совринли ўринларни қўлга киритган Шахриёр Шавкат, Раҳмат Бобожон, Санжарбек Икромов сингари ёш носирлар тақдирланишди. Шунингдек, nasrimizizdoshlari.uz сайтида ўтказилган “Энг яхши ҳикоя” танловида Дилоро Холиқова, Азизбек Норов, Манзура Абдуллаева, Nodirabegim.uz сайтида эълон қилган “Куз ҳикоялари” танловида эса, Рашид Хўжамов, Афифа Умидова, Фарҳод Эшонов каби ёш қаламкашлар ғолиб деб топилди. Айни пайтда сайтда ёш носирларнинг ҳикояларини тарғиб қилиш мақсадида “Ҳикоялар оламида” тақризлар танлови ўтказилмоқда.

Адабий сайтларнинг фейсбук тармоғи орқали халқаро алоқалар ривожланаётгани ҳисобига ёш ижодкорлар чет эллик тенгқур шоир ва носирлар билан танишиб, ўзаро таржималар қилишмоқда. Ушбу ҳамкорлик маҳсули сифатида ўнлаб хорижлик ёшларнинг асарлари Nodirabegim.uz сайтида илк бор ўзбек тилида эълон қилинди. Марғилонлик носир Шерзод Ортиқов томонидан тақдим этилган таржималар халқаро адабий алоқаларни жонлантиришда алоҳида ўрин тутди. Айни пайтда у Мексикада чиқадиган “Карденал” журналида координатор вазифасида ишлаб, ўзбекистонлик ёш қаламкашларнинг ҳикояларини испан тилига таржима қилмоқда. Лотин Америкаси, араб мамлакатлари, рус ва украин адабий сайтларида ҳам ўзбек носирларининг ҳикоялари кўпайиб бораётгани қувонарли ҳол.

Илгари ёш носирларнинг китоб­лари кам чоп этиларди. Сотилмай қолишидан чўчиш сабабли бўлса керак. Сўнгги вақтларда эса ёш носирларнинг янги асарлари нашриётлар ишончини оқламоқда. Шерзод Ортиқовнинг “Куз симфонияси”, Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романи, Тилланисонинг “Сунбула” ҳикоялар тўплами фейсбук адабий қатлами доирасида тренд даражасига чиқди. Ғафур Ғулом номидаги нашриётда яқин кунларда “Ёш носирлар” алманахи босмадан чиқади, унга йигирмадан зиёд ёш ёзувчиларнинг сара ҳикоялари киритилган.

Айтиш керакки, ёш носирларнинг китоблари тақдимоти ҳам кўтаринки руҳда ўтказиляпти. Тақдимотда спектакллар, куй-қўшиқлар, танловлар, дастхат ёзиш маросимлари, расмийликдан холи нутқлар, кофе бреклар ташкил этилмоқда. Фейсбек ва телеграм тармоқларида янги китоблар тарғиб қилинмоқда. Айниқса, фейсбукдаги “Китобхонлар давраси”да ёш носирларнинг китобларига ёзилган тақризлар, китоб билан тушилган суратлар кўпаймоқда. Умид қиламизки, ижтимоий тармоқларда фаоллиги билан танилган ёш носирларимиз келажакда ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшадилар.

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг