КЎНГИЛЛАРДА БАЙРАМ ДАВОМ ЭТАДИ 

112

2021 йилнинг 26 март куни Президентимиз маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган икки муҳим ҳужжатни имзолади. Булар “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорларидир. Ушбу ҳужжатларни кенг жамоатчилик, хусусан, маънавият ва ижод аҳли кўтаринкилик билан қарши олди. “ЎзАС” саҳифаларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, фаол ижодкорлар, адибларимизнинг мазкур тарихий қарорларга бўлган муносабатларини эълон қилиб борамиз.

Таҳририят

Сирожиддин РАУФ,

“Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари Бош муҳаррири:

— Бу йилги Наврўзи оламнинг эрта  тонгида икки ҳолат кўнглимни сарофроз этди. Биринчиси, булутсиз осмон шарқидан мардона бош кўтариб чиқаётган офтобнинг заррин нур шалоласи бўлса, иккинчиси, ҳовлидаги бир туп гилоснинг ўн кунларча муқаддам аямажуз хуружи боис қорайиб турган куртаклари бир кечада оппоқ гуллагани бўлди. Мен буларни ўлкамизга ташриф буюрган кўкламойимнинг нек қадами, шунингдек, барчамиз орзиқиб кутаётган яхшилик ва эзгуликлар муждаси сифатида қабул қилдим. Ва бу борада адашмаганимни ўша кундан буён рўй бераётган янгиликлар талқинида кўраяпман.

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган Наврўз табригида таъкидланганидек, эл-юртимиз манфаатини, жондан азиз фарзандларимиз келажагини таъминлашга хизмат қиладиган ислоҳотлар эзгу ташаббусларга қанот бўлмоқда. Президентимиз томонидан 26 март куни имзоланган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлар тегишли соҳадаги барча маънавий-маърифий ишларни тубдан янги босқичга кўтариши табиий.

Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратиш лозим, бизда нафақат пойтахтда, вилоятлар, узоқ-узоқ қишлоқларда ҳам ижодкорлар бисёр. Улар ҳам баҳоли қудрат нимадир қоралаб, адабиётга озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшиб келишмоқда. Лекин оила, бола-чақа, турмуш ташвишлари боис ўша муҳитдан ташқарига чиқолмаётганлар ҳам бор. Қарорда шу каби жиҳатларга  алоҳида эътибор қаратилгани ижодкор сифатида мени хурсанд қилди.

Аслида, Тошкентга келиб, шоир-ёзувчи бўламан, дегувчилар кўп. Аммо ҳамманинг ҳам пойтахтда уй-жой қилишга имконияти етавермайди. Қолаверса, бугун қишлоқларимиз билан шаҳарлар ўртасида тафовут йўқолиб бораётгани ҳам бор гап. Қишлоқда туриб самарали ижод қилаётган, бадиий етук  асарлари билан китобхон ва танқидчиларимизни лол қолдираётган шоир ва адибларимизнинг борлиги, айниқса, қувонарли. Фақат  уларнинг ижодий кечалари, таваллуд айёмларининг ўтказилишида бироз муаммолар мавжуд эди. Янги ташкил этилаётган фонд ана шундай тадбирларни юксак савияда ўтказишга кўмакчи бўлади. Энг муҳими, адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик асарлар муаллифлари ҳар томонлама рағбатлантирилади.

Таъбир жоиз бўлса, ижодкорлар қишлоқда туғилиб, шаҳарда камол топади, деган гапни эшитганмиз. Аммо бугун ижодкорларимиз жаҳонни лол қолдириши учун замон ва макон тушунчаси долзарблик касб этмайди. Муҳими, ҳар бир янгилик, байрам, тантана инсон манфаатига уйғун бўлиши керак. Шеър тили билан айтганда:

 Тақвимда байрамлар қатор, мукаррам,

Сара қутловларнинг олдик ҳадисин.

Тилагим, ҳамиша бўлинг хотиржам,

Ҳар битта анжуман, байрам татисин!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг