ТАҚҚОСЛАР РОМАНИ

92

Илк ўзбек романлари яратилганидан буён юз йилга яқин вақт ўтди. Бугунги кунда ҳам мазкур жанрда эътиборга молик асарлар ёзилмоқда. “Asaхiy books” лойиҳаси асосида 2020 йилда “Ниҳол” нашриёти томонидан чоп этилган истеъдодли ёш ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” номли романи шундай асарлар сирасидан.

Ҳар қандай иқтидорли китобхоннинг ўзига хос ўлчови бор: маълум бир саҳифагача ўқигач, мутолаани давом эттириш ёки эттирмасликни ўзи ҳал қилади. Китобхоннинг муқаррар ҳукмига китобнинг муқоваю дизайни ҳам, муаллифнинг довруғи, мансаби, унвону мукофотлари ҳам, мунаққидларнинг таҳлилу тавсиялари ҳам таъсир кўрсатмайди. Гап унинг қалбини, шуурини забт этишда, бадиий ҳақиқатнинг ҳаёт ҳақиқатига нечоғли мувофиқлиги, нечоғли жозиблигида. Муаллифнинг ўқувчини ўз ҳақиқатларига ишонтира олишида.

“Қўрқма” романини бир ўтиришда ўқиш мумкин. Чунки унда одамнинг қалбини ларзага солган ҳолу аҳволлар, парадокслар қаламга олинган. Ўзини, кеча ва бугунини тафтиш қилаётган навқирон йигитнинг – нима яхшию нима ёмонлигини фарқлагани орқасидан туғилган шафқатсиз изтироблари бор. Романнинг бир ўтиришда ўқишга мажбур қиладиган бош хусусияти шу, деб ўйлайман.

Сўнгги юзйилликдаги таназзул ва йўқотишларимиз сабаби нимада? Жадидларимизнинг саъй-ҳаракатлари нега натижасиз кечди? Қонимиздаги энг олий инсоний аъмолларни нега тобора бой бермоқдамиз? Барча фожеаларнинг ибтидоси ўз ичимиздадир балки? Уларнинг охири борми? Нажот нимада, кимда, қаерда? Халқ ва жамият ҳаётига оид шу хил оташ саволлар “Қўрқма” муаллифининг борлиғини ларзага солган.

Акс ҳолда романдай катта асарни бошдан охир бу қадар шиддат ва жазава билан ёзиш мушкул. Романда бўшашмаган бир таранглик бор. Инверсияларга бой гап қурилиши, ўткир истеҳзо, мажозий исмлару қаҳрли лексика, воқеларнинг ичма-ичлиги, баъзан зерикарли публицистика, замону маконларнинг қоришиқлиги – булар барчаси ўша шиддат ва жазава оқимида содир бўлади.

Муаллиф ХХ асрнинг йигирманчи йилларида Олмонияда таҳсил олган 70 нафар ўзбек талабалари ҳаёти таққосида кеча ва бугунни бадиий идрок этишга уринади. Ҳа, аслида ижодкорнинг ҳаётий позицияси, воқеликка муносабати у танлаган мавзуларда намоён бўлади. Муаллифнинг миллатни юксалтириш учун йўлга чиққанларнинг ҳаётида бўлиб ўтган воқеаларни танлаши тасодиф эмас.

Асар фабуласи Абдурауф Фитратнинг “Қиёмат” ҳикоясини эсга солади. Фитрат ўз замонидаги талотўмларни афюн чеккан бангининг хаёллари воситасида кўрсатиб берган эди. Жавлоннинг қаҳрамони ҳам тахайюл ва борлиқ, туш ва ҳуш чегарасида яшайди. Унинг ҳам хаёлий саёҳатлари ўқувчини тарихнинг, ижтимоий борлиқнинг қўрқинчли ҳақиқатларига рўпара қилади. Мана, шундай ўринлардан бири:

“– Отангиз тирик, ҳали ҳам…

– Қандай қилиб, мен саксонга кирдиму у … алдама номард!

– Ўлигини кўрганмисиз?

– Йўқ!

– Нега бўлмаса ишонмайсиз тириклигига, ҳеч бўлмаса умид қилмайсиз? Ҳатто мен, ғирт бегона бўлсам ҳам, ишонаман тириклигига! Сиз отангиздан қўрқасиз.

– Чунки у халқ душмани. Ит кунлари тушди бошимизга. Менинг ундай отам йўқ”.

Водариғ! Оталар туфайли болаларнинг бошига ит кунини соладиган, болаларни ўз оталаридан тонишга мажбур қиладиган қандай ёвуз сиёсатлар бор бу дунёда! Жавлон ҳам барча виждонли, имонли устоз қаламкашлар йўлидан бориб, шу ёвузликлардан одамларни огоҳ этишга қарор қилган. Бош қаҳрамон портретида ғалати чизги бор: у йиғлай олмайди, нуқул кулади. Бу, албатта, рамзий маънога эга. Кимгадир бу ўхшамаган фантазия, асоссиз мажоз бўлиб туюлиши мумкин. Аммо тиббиётда “Ангельман синдроми” деган ҳодиса бор. Одам генидаги ноқислик туфайли юзага келадиган бу нейрогенетик хасталикка чалинганлар ҳеч бир сабабсиз муттасил жилмайиб туради, шунинг учун ҳам улар ўта бахтли инсон тасаввурини беради. 1965 йилда британия­лик педиатр Гарри Ангельман томонидан илк бор тавсифланган бу ҳодиса шу сабабли ҳам дастлаб “бахтиёр қўғирчоқ синдроми” дейилган. Ҳа, Жавлон Жовлиевнинг қаҳрамони ҳам ана шундай “ғариб бахтиёрлик” (Рауф Парфи) маҳкуми.

Роман бешафқат танқидий реализм йўлида битилган. Аслида бу хил тасвир усули жаҳон ва ўзбек адабиётида кўп учрайди. Жавлон ҳам бизни, замону маконидан қатъи назар, умуман, инсон боласи ҳаётига, руҳиятига оид шундай зиддиятли ҳақиқатлар қаршисига қўяди:

“Ҳамма порахўр бўлса, сенинг ҳақиқатинг неча пул турарди? Бундай жамиятда ҳақиқатчи бўлсанг, демак, кулгили жиноятчисан ёки жиннихонанинг навбатдаги мижози!”; “…ҳаддан ташқари кўп ҳақорат қилдим ва шунча ҳақоратландим. Мен инсонни таҳқирлаш билан ўйнашдим. Инсоният ҳақоратга ўрганишини, унга ҳатто мақтовдай, алқовдай, бир қўшиқдай кўниб қолишини кашф этдим”; “Катталар омон қолиши учун яна қанча кичкина одамлар ўлиши керак!”; Ҳар йили минглаб ўқитувчилар бир тийинга қиммат илмий ишларини ёқлайди ва шу илмни талабаларга пуллайди”; “Ҳар йили минглаб оналар боласини ўқитиш учун ўз жигарини даволатишдан воз кечади”; “Агар ўзимиз уйғонмасак, кўзларимизни ўзимиз очишни истамасак, биров қовоқларимизни узоқ ушлаб тура олмайди”; “Бизда анъ­аналар ўтли. Ҳатто яшашни, фикрларни бош­қаради урф-одатлар. Дин ҳам, дунё ҳам, қонунлар ҳам эмас, анъаналар устунлик қилиб кетган”; “Урушга борганлар қаҳрамон бўлди, ўқишга борганлар эса “халқ душмани”.

“Ўтган кунлар”, “Ҳинд ихтилолчилари”, “Кеча ва кундуз”… Бу номлар Қодирийнинг, Фитрат ва Чўлпоннинг қалқони эди. Жавлон эса ўз романини “Қўрқма” деб атабди. “Миллат дарди – тоза қон” деган хулосага келибди. Ҳақиқатнинг кўзларига қўрқмасдан қарабди. Унга бу имконни, шубҳасиз, янги — истиқлол замони берди. Бундан юз йиллар олдин яшаган миллат зиёлилари “Уйғон!” деган шиорни ўртага ташлаган эдилар. Аммо замона сиёсатининг мудҳиш тўфони уйғонганларни ўз гирдобига ғарқ қилди. Бугуннинг шиори эса: “Қўрқма!” Янги Ўзбекистон тарихи, янги адабиёт тарихи ана шу шиордан бошланса, ажаб эмас.

Нодира АФОҚОВА,
филология фанлари доктори

 

«ҚЎРҚМА»ДАН УҚҚАНЛАРИМ ВА ҚЎРҚҚАНЛАРИМ

Олдиндан айтиб қўйишим керак, бу битиклар – бир ўзбек, ўзини мусулмон санаган китобхон ўлароқ, ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилинган “Қўрқма” асарини ўқиб уққанларим ва қўрққанларим. Уларни имкон қадар қисқа, лўнда ифодалашга уриндим…

Асарнинг бошламасидаёқ менда шундай фикр туғилди: роман қаҳрамони эркак доямикин?.. Мусулмон ўзбек йигити тўлғоқ тутган аёлни тасвирлаши, ўқувчининг иштиёқи, диққати энг жамланган пайтни бу нуқтага қаратиши, “чойшабни алам-ла тишлаган онанинг кучаниш”ларини жонлантиришидан кўзланган муддао тушунарсиз. Шу тасвир шартми? Яна “ҳомиладор”, “уят жойи”, “иштони бўш”, “эмчаги”, “аборт” сингари уятли сўзлар керагидан ортиқ қўллангани, пардали муқобили изланмагани учун кесатиб айтяпман.

Йигирма саҳифалар ўқиб, китобни ёпаман. Одамлар икки хатбошини ўқишга ҳафсала қилмаётган замонда менга раҳмат десин, шунча ўқиганим етар, деб ишга чалғимоқчи бўламан. Шунча одам бекорга мақтамагандир, деган ўй яна хаёлимни банд этади. Китобни қайта очиб ўқий бошлайман: “…қўйлар тарихигамас, кўпроқ емишга, бировнинг чиройли кўкариб турган бедазорига қизиқади. Қўйларга ўт бўлса бўлди”. Энди бошланди-ёв, сал шошиб хулоса қилдиммикин? Энди китобга “қўйлардан кўра кўпроқ” қизиқа бошлайман. Мени маҳв этган ўқишга ҳафсаласизлик касалини чекинтира олгани муаллифнинг бир ютуғи бўлди, деб хаёл қиламан. Ҳали бола бўлгани учун қаҳрамон ва қизалоқ Лоланинг катта орзуси тўйи экани, буни баралла айтиб аҳдлашишларини (!) тушунгандай бўламан. Лола қурғур муштдай боши билан тўйи­да ҳеч қачон йиғламасликка онт ичиб (!) юборса ҳам ўқиб кетавераман. Айбни ўзимдан қидираман: “Нима, кейинги авлод қишлоқда бўлса ҳам шунақа бўлиб ўсгандир-да, сериаллардан ўргангандир”, дейман.

Аммо сериал кўрмаган чапани бобо ҳам норасидани авайлаб ўтирмай: “…бари хотинининг устига сакрашдан бошқага ярамайди”, деб “кўзини очади”. У “ўлимга азон айтил”маслиги, жаноза намози азонсиз ўқилишини-да ўйлаб ўтирмайди. “Биздаги бойқуш уясининг ҳолига келиб қолган мактабларда одамлар болаликдан ўлим учун тайёргарлик кўради” дея ёзғиради. Шунинг учун “хароб, хору зор бўлиб, илм-маърифатдан қайтиб, жаҳолат томон қочдик”, деб ўйлайди… Ҳолбуки, “ғафлат ғафлатни етаклаб келиши”ни билади… Булар эса бир китобхон сифатида мени қўрқитди, хавотирга солди…

Момонинг этагида мудраётган етим “қуриган саксовул соясига ўзини урган сағир қўй”га (қўзи, деганда тўғри бўлармиди) ўхшатилиши яна секин-аста тугилиб келаётган чигилимни ёзади. “Ўлик сукунат булутлари мусаффо осмонда сузиши”, “камбағалнинг боласи букилиб, синиб катта бўлиши”, “узоқлардан иш қидириш қишлоқининг қисмати”га айланиши, аслида “бу ҳам тинчликдаги урушдай” экани, “ўтмиш ўтмас пичоқ”қа қиёслангани бир бадиият мухлиси сифатида мени тўлқинлантиради.

Балоғатга етган қаҳрамон “айний” бошлайди. Кўнгли ҳам… Севган қизига хаёлан ҳам, ёнида ҳам: “иссиқ бағримга тортай” деб “шилқимлик” қилишга ўтади. Энди у “иффат деворини бузиш” деган гапларни бепарво айтиб юбораверади. Бу гап­лари ҳали ўзининг ёшига ҳам етмаган ўқувчига қандай таъсир қилиши, ҳатто туйғуларини “ўйнаб” ташлаши мумкинлиги ҳақида ўйламайди. Аммо бу яланғоч ифодаларга фақат у айбдор, деб бўлмайди. Ахир, “мана ғарбнинг сара емаклари” деб неча йиллар мобайнида пинҳон тарғиб қилинган адабий “емакхона”дан нима еган бўлса шуни “қайд” қилади-да… “Дўндиқ”чаларнинг саргузаштларини ўқиб, “ўзимиз”нинг моҳир “ўгирувчи ошпаз”лар ҳануз ўйлаб ўтирмай, мароқ билан тақдим этаётган маънавий “озуқа”га сингдирилган заҳар тотлидай туюлиб қолган бўлса, нима қилсин?.. Шу боис ҳам фоҳишани оқлашга уринади. Унга Худо омонат қилиб берган танасини, иффатини сотиши “хоинлик эмас”лигини, фоҳиша бўлса ҳам, ўзи унга уйланишдан тортинмаслигини айтиб “шу ҳолингда ҳам сенга кўнгил қўядиганлар бор” деб ишонтиришга уринади. Фоҳишага ҳирс билан ёпишган ҳамхоналарини эса одам ўрнида кўрмайди.

Асарда бундай очиқ, беҳаё тасвирлар шунчалик тез-тез учрайдики, одамда бутун бошли халқ, эркагу аёл бирдай бузилиб кетганми, деган савол пайдо бўлади. Бобонинг отаси, бобонинг ўзи, амакилар, уларнинг хотинлари, илм қиламан деган талаба қизлар, телеэкрандагина кўрилган отинойи – ҳаммаси бузуқидай тасвирланади. Қаҳрамонлари тилидан “Оврўпалашиб кетишидан сақлаш каби муҳим вазифа”ни эслатган муаллифнинг бундай беандиша баён услубини оқлаб бўлмаслигига амин бўламан…

Қаҳрамоннинг бўйидан баланд бўйлаган биргина гапи, китобни отиб юборишдан тийиб қолган ягона аҳамиятли жиҳат — “мен ухлаб бўлганман, яшашни истайман” дейиши: бу гапни самимий айта олгани, “беиш, ғийбат қилишдан бошқага ярамайдиган махлуқларга айланган” миллатдошларида миллий ғурур уйғотишга уринишидир. Унинг “ҳамма гап эътиқод ва маорифда” эканини англаганидан қувонаман. “Биз эртак тўқишга ва эшитишга ишқибоз халқ бўлиб қолдик”, деганида юзим қизаради. “Ҳар ҳовлининг уйғотувчиси бўлиши керак”, деганда болаларимга насиҳат қила бошлайман. “Биз кўп хатолар қиламиз, аммо ҳозир миллат учун ҳаракат қилмоқ керак. Жим турмоқ ва ухлаш бизни тупроққа тортиб кетади”, деган жумлалар асарнинг камларини беркитгандай бўлади…

Хулосам шу, муаллиф асарида ёзганидек: “Ватан нафс билан севилмайди, ҳирс билан асралмайди. Ҳа, бизнинг Ватан мустақил бўлди, озод бўлди… Аммо ўзимиз озод, СЎЗИМИЗ озод бўлдими?”. Шулар ҳақида бир ўйлаб кўрилса, балки кейинги нашрларида шарққа, миллийликка хос бўлмаган, маза қилиб ўқишга халақит берадиган лойқа сўз ва тасвирлар қайта таҳрир қилинса, ўзи айтганидай, роман озод сўзлар, ёрқин ифодалар билан бойир. Назарда тутилган маорифнинг асоси эзгу урф-одатларимиз, шарм-ҳаёмиз, миллий анъаналаримиз билан чамбарчас боғлиқ эканини муаллиф ҳам эътироф этса керак. Бунинг учун нега ўша замонда одамлар ўзи оч бўлатуриб илми толибларга борини илингани ҳақида фикр юритиш кифоя. Зеро, миллатни “юксак таълим, маориф ва миллатим деган одамлар қутқаради”.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ,

китобхон

 

Ёш ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” номли романи ўқувчиларда қизғин муносабат уйғотганини инобатга олиб, “Бир асар ҳақида икки фикр” рукнида унинг ютуқ ва камчиликлари кўрсатилган мақолаларни чоп этишни лозим топдик.

Адабиётшунос Н.Афоқова “шиддат ва жазава билан ёзилган” бу асарнинг ютуғини “Ўзини, кеча ва бугунини тафтиш қилаётган навқирон йигитнинг — нима яхшию нима ёмонлигини фарқлагани орқасидан туғилган шафқатсиз изтироблари” ифодаланганида, деб таъкидлайди ва буни романнинг бош хусусияти, деб баҳолайди.

Китобхон Абдулатиф Абдуллаев эса асарда очиқ, беҳаё тасвирлар кўп, “муаллифнинг бундай беандиша баён услубини оқлаб бўлмаслигига амин бўламан”, деб ёзади.

Юқоридаги эътироф ва эътирозлардан аён бўлиб турибдики, бу асар илк тажриба сифатида турли фикр-­мулоҳазалар уйғотганининг ўзи ёш муаллифнинг ютуғидир. Айни пайтда, адабий этика нуқтаи назаридан, асарнинг ифода услубида йўл қўйилган қусурлар муаллифнинг тил масъулиятини чуқур ҳис этиши зарурлигини кўрсатиб турибди.

Ушбу икки фикр “Қўрқма” романи ҳақидаги якуний хулосалар эмас, албатта. Бу асар ҳақида ҳали турлича мулоҳазалар айтилади, таҳлилий мақолалар ёзилади ва шунда юқорида сиз ўқиган ҳар икки фикрда айтилган эътироф ва эътирозларнинг қанчалик холис ва тўғри экани янада ойдинлашади.

Танқид ва адабиётшунослик

бўлими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг