БАҲОР ЁМҒИРЛАРИ – СОҒИНЧ ЁШЛАРИ

81

КЕТМА, БАҲОР

Кунларимиз ёғдуланар қордай бугун,

Ўрикларнинг бошида қор бордай бугун,

Қўлимдаги қалам чертсам тордай бугун,

Замин – назм, сен навосан дилга ёқар,

Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

 

Бармоқларинг шохларга гул қадаб бўлди,

Ҳайратларим ҳаётимга мадад бўлди,

Ҳар баҳорда севиш – урфу одат бўлди,

Томирдаги қоним яшил рангда оқар,

Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

 

Сен юртимнинг осмонига камалак бўл,

Сингилларим сочларига жамалак бўл,

Учиб-қўнган шойиқанот капалак бўл,

Афсус, у ҳам бир кунгина қанот қоқар,

Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

Бошимиздан соч, сочавер найсонларинг,

Товонимиз қитиқласин майсаларинг,

Шу элдадир сени кутган инсонларинг,

Наврўзим, деб қошу қабоғингдан ўпар,

Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

 

Изҳор этсак, соғинчимиз жонлар қадар,

Майсаларинг чопиб чиқмиш томлар қадар,

Ёйил, эркам, кез Ўзбекистонлар қадар,

Бу ўлкада поёнингга етма, баҳор,

Соғинтириб келдинг, энди кетма, баҳор!

 

КАЙФИЯТ

 

Баҳор  ёмғирлари – соғинч ёшлари.

Шу юртни қўмсаган қалдирғочлари –

Айвонимга келиб қўшиқ бошлади,

Муборак пайғомлар тўкилди кўкдан,

Келдингми Наврўзим,

               Келдингми, кўклам?!

 

Бир сафда тизилиб турналар келди,

Тоғлардан сизилиб жилғалар келди,

Тонгда майсаларга сирғалар келди –

Шудринглар – қуёшга ширин бир ҳўплам,

Келдингми Наврўзим,

               Келдингми, кўклам?!

 

Яшил қон югурди ернинг юзига,

Бойчечак бош урди тоғлар тизига,

Ўхшаб бу оламнинг дилбар қизига –

Соллона пойингга гуллардан тўплам,

Келдингми Наврўзим,

               Келдингми, кўклам?!

Қай тараф қарама, мўъжиза содир,

Сенсиз ҳар бир новда чўпдир, асодир,

Борсан – табиат ҳам ҳусни расодир,

Кўкни ерга боғла, ерни кўк билан,

Келдингми Наврўзим,

               Келдингми, кўклам?!

 

Новдадаги гуллар ифор таратган,

Ҳуснига суқ билан такрор қаратган,

Сен қизни Худойим кимга яратган?

Баҳорим, атасам ранжима, руҳлан!

Келдингми Наврўзим,

               Келдингми, кўклам?!

                                        

СЕНСАН

 

Кўзларингни оҳу десам,

Оғудан ҳам ёмон чиқди,

Ўзинг айт-чи, қайси ошиқ –

Бу савдодан омон чиқди?

Мен зулматда қолиб, шамсу –

Қамар сенинг томон чиқди,

Не бир дардга дучор этдинг,

Кечай десам даво – сенсан!

 

Нигоҳингдан кўз қамашди,

Қалб қамашди, ҳушим йўқдир,

Сен иштирок этмаган ўй,

Сен кирмаган тушим йўқдир,

Юрагимни шикор этдинг,

Энди кўнгил қушим йўқдир,

Нафас етмас, лабларимга –

Лабингни бос, ҳаво – сенсан!

Шундоғам ағёрларимнинг

Бисёр эди заҳматлари,

Ва нега ҳам қодир бўлур –

Адо дилнинг нафратлари?!

Вужудимни чирмаб олмиш

Мағлубият ғафлатлари,

Яратганнинг раҳматидай

Не ажаб, муддао – сенсан!

 

Ошиқ яна абгор дилим –

Гоҳи мулзам, гоҳи хурсанд,

Бу олам шунчалар ойдин,

Сен ҳақингда хаёл сурсам,

Бир жилмайиш жавоб бўлгай –

Ҳукминг сари савол сурсам:

Сири учган бу дунёда –

Бунча сирли маъво – сенсан?!

 

Раҳмдиллик кўчасига –

Йўлинг тушиб қолса бир кун,

Момо Ҳаво қадамингни –

Ўз измига олса бир кун,

Ва юрагинг қатларига –

Қайноқ ҳислар солса бир кун,

Парвардигор менга кўрган –

Шояд ўшал раво – сенсан!

 

       МАҚСАД

 

Айтар сўзим кўпдир менинг

Ётар дилда қалашиб,

Қўлга қалам олар бўлсам

Қолар навбат талашиб.

 

Ҳайратларим, ҳасратларим,

Кечинмаю ўйларим…

Хушомадга ўтишади

Юрагимни ялашиб.

 

Барчасини баён қилиб

Яшамоқдир тилагим,

Келар ҳатто дардимни ҳам

Тўкиб, бошин силагим.

 

Қоғозларга, овозларга

Кўчса эди ҳаёти…

Ўзимга ҳам кераги йўқ  –

Бўшаб қолса юрагим!

Ориф ТЎХТАШ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг