ЮКСАК ПАРВОЗ ВА КУЧ-ҚУВВАТ МАНБАИ

98

Президентимиз қарори асосида, ЮНЕСКО томонидан таъсис этилган 27 март – Халқаро театр кунини кенг нишонлаш мақсадида, мамлакатимизда 21 – 27 март кунлари “Театр томошалари” ҳафталиги эълон қилинган эди. Бу сана Ўзбекистондаги мавжуд 37 та профессионал театр ва бошқа маданият ташкилотларида кўтаринки руҳда нишонланди. Санъатсевар халқимиз, алломаларимиз таърифи билан айтганда, ўзига хос ибратхоналарга бажонидил бориб, томошаларни мароқ билан кузатишди, севимли актёр ва актрисалари билан учрашиб, дилдан суҳбатлашишди. Театр соҳасида эришилган ютуқлар, янгиликлардан баҳраманд бўлиб, саҳна усталарининг энг сара спектаклларини томоша қилишди. Томошалардан завқу шавққа тўлган, маънан улғайиб, маданият нуридан баҳраманд бўлган театр санъати ихлосмандлари санъаткорларимизнинг чиқишларини узоқ олқишладилар.

Кўз очиб юмгунча ўтиб кетган ҳафталик таассуротлари эса бир олам… Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” маданият марказида ҳафталикнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Бекзод Мусаев, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда республикамиздаги давлат театрларининг раҳбарлари,  Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Ёдгор Саъдиев, Хайрулла Саъдиев, Убайдулла Омон, Саида Раметова каби устоз санъаткорлар, ёш актёр ва актрисалар иштирок этишди. Муҳташам залга йиғилган саҳна фидойилари сана муносабати билан давлатимиз раҳбари йўллаган табрикни мамнуният билан қабул қилишар экан, бундан кейин ҳам соҳа ривожи учун астойдил хизмат қилишларини билдиришди.

Тантанали маросим давомида театр санъати ривожига ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойиларга фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Халқимизга манзур бўладиган тадбирларнинг юксак савияда ўтказилишига бош-қош бўлган Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Бош вазир ўринбосари Бекзод Мусаев томонидан вазирликнинг “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Халқимиз ардоғидаги санъаткорлар қатнашган тадбирлар доимо одамларга кўтаринкилик, хуш кайфият бағишлайди. Уларни ҳамиша давомли қарсаклар билан олқишлаб туришади. Боиси, театр томошалари одамлар учун ҳаётий сабоқ, ибрат мактабидир. Ихлосмандларга улуғ инсоний фазилатларни, эзгу туйғуларни бахш этиб, мудом яхшиликка ундовчи ҳам театрларимизнинг заҳматкаш ходимларидир. Шунинг учун ҳам энг фидойи маданият ходимлари ким деса, ҳеч иккиланмай театр санъати вакиллари, деб айта оламан. Бундай камтарин, аммо шарафли касб эгаларига ҳар қанча таҳсинлар айтсанг оз. Улардан театр соҳасини танлаганининг бои­сини сўрасангиз, “Мен театрни, ўз касбимни севаман”, дейишади. Бу каби самимий дил изҳорлари театр фидойилари тилидан тез-тез янграб туради. Одамларга яхшилик улашишни бахт деб билган инсонларга, табиийки, чин қалбимиздан чуқур миннатдорлик билдиргимиз келади.

Зеро, улар озгина эътибордан ҳам бошлари кўкка етгудек хурсанд бўлишади, шодлигини бош­қалар билан баҳам кўришади. Шукрки, сўнгги йилларда шундай фидойи инсонларга давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор ва рағбат кўрсатиляпти. Хусусан, “Халқаро театр куни” муносабати билан йўлланган табрикнинг ҳар бир сатрида ибратхоналаримиз вакилларига бўлган чуқур ҳурмат, меҳр ва эътибор, ишонч уфуриб турибди.

Тадбирда таъкидланишича, “…қутлуғ тарбия ва маърифат маскани – театр асрлар давомида одамларни эзгуликка чорлаб, қалбида олижаноб фазилатлар, гўзал ҳис-туйғуларни камол топтиришга, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, юксак ахлоқ ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда”.

Дарҳақиқат, шундай. Қарийб 100 йилдан зиёд вақт давомида халқимизга инсоний фазилатлар, маънавият, маърифатдан сабоқ бериб келаётган ўзбек театрининг бой тарихи, ўзига хос йўналиши бор. У дунёдаги қатор ривожланган мамлакатлар  маданияти, саҳна санъати тажрибаларидан ранг олган, изланиш, интилиш натижасида ўз ижод мактабини яратган.

Ҳозирги кунда ҳам ўзбек театри вакиллари, кексаю ёшлари, устоз санъаткорлар бу ишларни миллий, замонавий руҳда давом эттирмоқдалар. Шу кунларда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ва “Маънавий-маърифий ишлар тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар юртимизда соҳага берилаётган улкан эътиборнинг яна бир исботидир.

Айтиш жоизки, маданият ва санъат соҳаси доимо эътиборга муҳтож, озгина қўллаб-қувватлашдан куч-қувват олади. Шу маънода бугунги кунда ҳақиқий ғамхўрини топган соҳамиз янада гуллаб-яшнашига ишонамиз.

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг