АЛИШЕР НАВОИЙ – ДУНЁНИНГ ШОИРИ

353

Ҳеч шубҳасиз, ўтаётган ҳафтада Ватанимиз ва халқимиз ҳаётида ўчмас из қолдирадиган энг муҳим воқеалардан бири рўй берди. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саммитида Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида бутун туркий дунёнинг фахру ғурурига айланган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий номидаги Туркий Кенгаш мукофотини таъсис этиш тўғрисидаги таклиф аъзо давлатлар томонидан маъқулланди. Улуғ аждодимизга ҳар томонлама муносиб бундай эҳтиром Президентимизнинг эзгу ташаббуси ва изчил саъй-ҳаракатларининг юксак амалий самараси бўлди.

Мамлакатимиз раҳбари Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтган норасмий саммитидаги нутқида таъкидлаганидек, мазкур анжуманнинг улуғ мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий яшаб ўтган қадимий Туркистон шаҳрида бўлиб ўтишида ҳам чуқур рамзий маъно мужассам. Зеро, Юртбошимиз айтганидек, “Аҳмад Яссавийнинг ўлмас мероси буюк аждодларимиз – Жалолиддин Румий ва Юнус Эмро, Юсуф Хос Ҳожиб, Низомий Ганжавий, Махтумқули Фироғий ва Бобораҳим Машраб каби шоирлар қаторида туркий халқларнинг умумий маънавий бойлиги сифатида ардоқлаб келинади”.

Қондош ва жондош бўлган туркий халқларнинг тили, тарихи ва маданияти бирлигини, уларнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқлигини урғулаб турувчи муқаддас жойлар, қутлуғ маконлар мавжуд. Хожа Аҳмад Яссавий мангу қўним топган Туркистон шаҳри ана шундай мўътабар маконлардан биридир.

Мамлакатимиз раҳбари Туркий Кенгаш минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратиб, ташкилот олдида турган устувор вазифаларни урғулаб ўтди. Хусусан, Туркий тилли давлатлар кенгашининг Бокуда ўтказилган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев адабиёт ва санъат соҳасида Халқаро мукофотни таъсис этиш ташаббусини илгари сурган эди: “Ташкилотимизга аъзо давлатларнинг Сиз, ҳурматли раҳбарларига Туркий Кенгашнинг илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантириш мақсадида халқаро мукофот таъсис этиш ҳақидаги таклифни маъқуллаганингиз учун ташаккур айтаман.

Ушбу мукофотни Мир Алишер Навоий номи билан аташ ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаганингиз учун ўз номимдан, Ўзбекистон халқи номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Бундай эътибор ва ишонч биз учун катта шарафдир. Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган улуғ зот – Алишер Навоийга ҳурмат-эҳтиром деб қабул қиламиз. Бу туркий бирлик руҳини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.”

Мамлакатимиз раҳбарининг бу эзгу ташаббуси Туркий Кенгашга аъзо барча давлатлар томонидан бирдек маъқулланиб, мазкур халқаро мукофот Мир Алишер Навоий номи билан аталадиган бўлди.

Маълумки, ўтган йили Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур  қарорда жуда кўп вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши,  шубҳасиз, мамлакатимиз маънавий ҳаётида улкан тарихий воқеага айланди.  Бу йил, ўйлайманки, чин маънода Алишер Навоий йили бўлди. Зотан, биз буюк алломани фақат туғилган кунида ёхуд февраль ойидагина эмас, бутун йил давомида, ҳар куни эслашимиз, ўқишимиз, уқишимиз зарур бўлади.

Барчамиз яхши хабардормиз, мамлакатимиз раҳбари Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясини ўртага ташлади. Мана шу учинчи тамаддун пойдеворини яратишда, ўзимизни янги тамаддунга тайёрлашда Алишер Навоийдек алломаларнинг фикрига, асарларига суянишимиз лозим, албатта.

Гарчанд 580 йил олдин таваллуд топган бўлса-да, бизни бугун қийнаётган, ўйлатаётган муаммоларга жавобни Алишер Навоий асарлари беради.

Навоий  ўз даврининг фарзанди, бироқ у  ўз даврининггина шоири эмас. У бугуннинг ҳам, келажакнинг ҳам шоири, файласуфи, тарихчиси, тилшуноси, том маънодаги зиёлисидир.
Фикрда, тафаккурда, бадииятда Навоий кўтарилган мақомга инсоният ҳали етиб келмади десак, муболаға бўлмайди. Бу юксак адабий чўққига етиб бориш, бу меросни англаш, ўзиники қилиш, ўзига сингдириш эса ҳар бир авлоднинг ўзига боғлиқ. Одам ва олам ҳақидаги, инсон қалби ва руҳияти ҳақидаги Навоий фикрлари ҳамма даврлар учун долзарб аҳамият касб этаверади.

Адабиётшунос олимларимиздан бири Алишер Навоийни туркий адабиётнинг  пойтахти, деб атаганди. Зеро, улуғ шоир ва мутафаккир асарлари бадиий, фалсафий, илмий жиҳатдан мукаммал асарларгина эмас, балки бизнинг тафаккуримизга, онгимизга, шууримизга куч-қувват берадиган, инсонларни, элларни, элатларни, халқларни бир-бирига бирлаштирадиган маънавий макон ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар кенгашининг  навбатдаги видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитидаги маърузаси, шубҳасиз, мамлакатимизнинг, ҳамкор давлатларнинг  ҳам сиёсий, ҳам маънавий ҳаётидаги тарихий  нутқ бўлди.   Чунки ушбу маърузада илгари сурилган ғоялар илдизи, тили, маданияти бир бўлган халқларнинг фақат ўтмиш муштараклигини тасдиқлаб қолмасдан, балки мазкур давлатларнинг истиқболдаги иқтисодий, сиёсий, маданий интеграциялашувига ҳам кенг йўл очади.

 Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,
Алишер Навоий номидаги давлат
Адабиёт музейи директори,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг