МАНГУ ПОРЛАГАН МАЁҚЛАРИМИЗ

108

Баҳор нафаси сезилиб қолган кунларнинг бирида Самарқанд зиёратига йўл олдик. Осмонда қуёш чарақлайди, равон йўл, қулай автоулов – саёҳат учун айни муддао. Гуруҳимизда тарихчи, табиб ва бошқа касб эгаларининг борлиги эса зиёрат сафаримизда асқотиши аниқ.

Жиззахда, Сангзор дарёси кўпригидан ўтгач, ўнг томондаги қабристонда бирров оёқ илдик. Баланд тепалик устидаги “Кўксарой” зиёратгоҳи узун ва сирли тарихдан сўзлайди. Бу манзиллар, дарҳақиқат, жуда кўп тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган. Машҳур “Темур қоп­қаси”даги қояда Мирзо Улуғбек фармони билан битилган ёзувлар шонли даврлардан ҳикоя қилиб турибди. Бу йўлдан карвонларнинг кети узилмаган. Барча йўллар Самарқандга элтган, улуғ аллома Абдураҳмон Жомийнинг мана бу сўзлари эса шубҳасиз, сайёҳлар қизиқишини янада оширган:

“Агар бойликни кўрмоқчи бўлсанг Ҳиндистонга бор, агар ҳалол-покизаликни истасанг Маккага бор, агар ҳар иккаласини хоҳласанг, Самарқандда қол”.

Йўлда давом этдик, боришни мўлжаллаган жойларимиз кўп. Жомбой туманидаги Ғазира қиш­лоғида тасаввуф илмининг йирик намояндаси шайх Худойдод Вали мангу қўним топ­ган табаррук зиёратгоҳга келдик. Ўз даврида Ҳазратнинг илми одамларга худди маёқдек маърифат йўлини кўрсатган, юрт ҳукмдорлари бу зотдан қимматли ўгитлар олганлар. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бу тупроқни тавоф этгани маълум. Бугун табаррук зиёратгоҳ маҳалла аҳли ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида обод этилмоқда.

Кун давомида Имом Бухорий, Хожа Аҳрор Валий,  Хожа Кафшир, Хожа Абду Дарун, Хожа Абду Берун, шунингдек, номлари бугунгача сақланмаган ўнлаб азиз-авлиёлар қабрларини зиёрат қилдик. Аслида бу ерда мангу ором топган авлиё ва алломаларнинг саноғига етиб бўлмайди. Абу Тоҳирхожанинг “Самария” номли китобида авлиёлар, алломалар ва табаррук зиёратгоҳлар ҳақидаги мухтасар маълумотлар жуда кўп, бу эса заминимизнинг ҳар қаричи олтинга баробар эканлигидан дарак. Айтишларича, Самарқанддан етишиб чиққан алломаларнинг рўйхати 50 та китобга сиғмаган экан.

Самарқанд мўъжизаларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Буларни илмий изоҳлаш мушкул, улардан баҳраманд бўлиш ва ҳайратланиш мумкин, холос. Масалан, “Ер юзининг сайқали” деган юксак таърифга бошқа шаҳар наҳотки эриша олмаса? Йўқ. Узоқ тарих давомида ер юзида Самарқанддан ўзга бирорта шаҳар бундай шарафли таърифга ло­йиқ бўлмаган ва бундан кейин ҳам эриша олмайди.

Махдуми Аъзам зиёратгоҳи. Ҳазратнинг пойида не-не ҳукмбардорлар қатор ётмиш. Бир замонлар уларнинг ҳар бири юрт сўраган подшоҳлар бўлишган! Аксариятидан шу қабрлардан бўлак ҳеч вақо қолмаган. Ҳатто исмлари ҳам сақланмаган. “Мана шу ҳол – барча инсон фарзандлари учун ибрат ва сабоқ”, дейди гуруҳбошимиз.

Сафар давомида зиёрат ва ички туризм борасида ишлар ҳали жуда кўплигини билдик. Масалан, Имом Бухорий зиёратгоҳидаги бозор ва йўллар неча ўн йиллардан бери қаровсиз аҳволда. Хожа Кафшир қабристонида ўнлаб-юзлаб маҳобатли қабртошлар сочилиб ётибди, улардаги кўҳна битиклар ўрганилмаган. Дейлик, Ғозғон ёки Китоб конларидан тош кесиш, олисдан ташиб келиш, аниқ геометрик ўлчамларда улкан ёдгорликлар ясаш, оддий асбоблар ҳамда қўл меҳнати ёрдамида нақш ва битик тушириш – ноёб санъат ва ҳунар, қолаверса, катта харажат саналади. Демак, бундай қабр жуда нуфузли инсонга тегишли. Битиклар мазмуни ва қаровсизлик сабабларини тадқиқ этиш – тарихни ўрганиш демакдир.

Содда мулоҳазалардан аён бўладики, юртимизда ички ва зиёрат туризмини фақат теварак-атрофни ободонлаштириш ва ҳашаматли меҳмонхоналар қуриш орқали ривожлантириш мушкул. Мутафаккирларнинг маънавий меросини ўрганиш, таълимотини тарғиб этиш – долзарб масаладир. Ўтган улуғ аждодларимизнинг фақат номларини санаш ва шу билан мақтаниш эмас, балки нодир ҳикматларидан баҳраманд бўлишимиз – муҳим.

Хожа Аҳрор Валийнинг муридларидан Мавлонзода шундай деган: “Бир куни таом тайёрлаб пиримга олиб келдим. Аммо у зот овқатга қўл узатмадилар ва дедилар: “Бу таом тайёрланаётганда эҳтиёткорлик қилинмабди. Текширинг!” Тадқиқдан маълум бўлдики, ўчоққа ҳалоллиги гумонли ўтин қаланган экан. Пирим айтдилар: “Маънавият йўлидаги интилишларнинг энг муҳими озиқ-овқатга эътиборли бўлишдир. Инсон вужудига кирган ҳар бир нарса унинг зоҳирида кўринади. Инсондаги барча завқсизлик, бахтсизлик ва паришонлик­лар – шубҳали ва ҳаром овқат ейишдан келиб чиқади”.

Бу ўгитлар бугун ҳаётимизда, баркамол авлод тарбиясида ҳам катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Нақшбандийлик, яссавийлик каби тариқатларда инсон, албатта, бирор ҳунарни ўрганиб, ҳалол тирикчилик ўтказиши тарғиб қилинади. Бу ўгит эса бугун юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилгандир. Аммо зиёратгоҳ савдо нуқталаридаги буюмлар, ёдгорликлар – хориждан, асосан, Хитойдан келтирилади. Хориждан келган зиёратчилар эса маҳаллий буюм ёки маҳсулотларни сўрашади. Аммо ўтган бир неча ўн йилларда Имом Бухорий, Шоҳи Зинда, Баҳоуддин Нақшбанд каби машҳур зиёратгоҳларда маҳаллий ҳунармандлик буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва совғалар савдосини ташкиллаштириш ўрнига, четдан импорт қилиш бўйича катта тажриба тўпланди, холос.

Зиёратдан қайтишда таассуротларни қизғин муҳокама қилдик, эртаси куни эса хушхабар эшитдик: жорий йилнинг 9 февралида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Фармонда жумладан, “Зиёрат туризмини ривожлантиришни мувофиқлаштириш кенгаши”, бир қанча хорижий тилларда “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканали ташкил этиш, “Ипак йўли” туризм халқаро университети, бир неча олий ўқув юртларида “зиёрат туризми”, “транспорт логистикаси” ва “ижодий саноат” магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш масалалари кўзда тутилган.

Хушхабар ҳам қўша келади: Президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни Самарқанднинг туризм салоҳиятини, шу жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишган эди. Тақдимот чоғида ислом оламидаги энг муқаддас қадамжолардан бири – Имом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофида амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилганди. Давлат раҳбари зиёратгоҳда олиб борилиши режалаштирилган ло­йиҳа бўйича яна бир бор ўз тавсияларини билдириб, мутасаддиларга зарур топшириқлар берган.

13 февраль куни Имом Бухорий мажмуасида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар мас­ъуллари, Самарқанд вилояти жамоатчилиги вакиллари ва оқсоқоллар иштирокида лойиҳани амалга ошириш олдидан тадбир ўтказилди. Лойиҳа юзасидан жамоатчиликка маълумот берилди.

Мажмуадаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида Имом Бухорий мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш учун етарли шароит мавжуд эмас эди. Янги лойиҳада қабр атрофини кенгайтириб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган. 8 минг ўринли муҳташам масжид қурилади. Мажмуа атрофида тўртта улкан минора қад ростлайди. Халқимизга хос турмуш тарзидан келиб чиқиб, ҳозирги айвонларга қўшимча равишда ички ва ташқи айвонлар барпо этилади.

Маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий меҳмонхоналар, халқаро андозаларга тўла мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилади.

Қайд этилишича, мажмуада қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида бу ердаги тарихий булоқ ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Мухтасар айтганда, ўз меросимиз, маданий ва маънавий бойликларимизнинг қадр-қимматини, аввало, ўзимиз муносиб баҳолаб, кенг тарғиб этсак, уларнинг туризмни ривожлантиришдаги юксак аҳамиятини англаб етсаккина сайёҳлар эътиборини торта оламиз.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг