ИЖОД МАКТАБИ – МАҲОРАТ МАСКАНИ

103

Қашқадарё вилоятида март ойининг бошидан Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ҳамда олий ўқув юртлари ва халқ таълими муассасаларида шоир хотирасига бағишланган “Аждодлар мардона руҳи сенга ёр” мавзусида тантанали адабий-бадиий хотира тадбирлари ўтказилмоқда. Мактаб ўқувчилари ўртасида “Ўзбек руҳияти меъмори” рукни остида икки йўналишда: биринчиси назм ва наср, иккинчиси Абдулла Ориповнинг саҳна асарлари асосида  саҳна кўринишлар намойиши бошлаб юборилди.

18 март куни Қарши давлат университетида шоир ижодига бағишланган илмий анжуман ўтказилиши кўзда тутилган. 19 март куни А.Саидов, Қ.Абдураҳмонов, Ғ.Мирзонинг “Ўзбекистон – дилбар Ватаним” китоби тақдимоти ҳам шу ижод мактабида ўтказилади. Республикамизда мавжуд ижод мактаблари ўртасида “Митти юлдуз жилолари” шеърият беллашувида ғолиблар аниқланиб, улар  вилоят ҳокимлиги ва Абдулла Орипов ижод мактаби томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ижод мактаби ҳамкорлигида мазкур мактабнинг 32 нафар ижодкор-ўқувчисининг машқлари жамланган баёз нашрга топширилди.

Бундан ташқари, вилоятдаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар, таълим масканлари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмларда таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида Абдулла Орипов ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари, китобхонлик ва шеърият кечалари ташкил этилмоқда.

Жумладан, ана шундай тадбирлардан бири Косон тумани 3-касб-ҳунар мактабида бўлиб ўтди. Тадбирда Педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти катта ўқитувчиси Отажон Норов, шоир ва публицист Жалол Яхшибоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Ориф Омон, адабиётшунос Туйғун Холматов, шоир Зикрилла Шерматов Абдулла Ориповнинг ҳаёт ва ижод йўли тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Профессор Абдураҳим Эркаевнинг “Абдулла Орипов даҳоси” китоби кўп нусхада чоп этилмоқда. Шунингдек, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фондининг вилоят муассасасида ўтказилган хотира тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Шарофат Ашурова, Темирпўлат Тиллаев шоир ижоди ҳақида маъруза қилишди.

Вилоятдаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” мавзусида иншолар танлови, “Ўзбекистон – Ватаним маним!” шеъри асосида ёшлар ўртасида челленж ташкил этилган. Ёш рассомлар ўртасида “Сўз суврати” танловида шоир шеърлари асосида ёхуд шоир портретини чизиш бўйича танлов ўтказилмоқда. Март ойининг учинчи ўн кунлигида шоир туғилган Косон туманидаги Некуз қиш­лоғи кенг майдонларида халқимизнинг миллий ўйинларидан кураш ва кўпкари мусобақалари ўтказилиши режага киритилган.

Шоир ҳайкали ўрнатилган майдонда 10 кун давомида “Абдулла Орипов шеърияти ўн кунлиги” акцияси доирасида ижодкорлар мушоираси ўтказилмоқда. Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси Азизбек Норов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳафиза Эгамбердиева сўзга чиқиб, Абдулла Орипов ижоди ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчилари шоирнинг шеърларини ифодали ўқишди. Тадбирда Қарши давлат университетининг рус тили ва адабиёти йўналиши талабалари ва Қарши шаҳридаги 11-мактабнинг ўқувчилари иштирок этишди.

Элимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекис­тон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов юбилейи тадбирлари баланд шукуҳда давом этмоқда.

Ўроз ҲАЙДАР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг