ВАТАН ВА МИЛЛАТ ШОИРИ

115

Куни кеча пойтахтимизнинг ­сўлим Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тантанали  тадбир бўлиб ўтди. Унда адиб­лар, ижодкор зиёлилар, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг бир гуруҳ ўқитувчи ва талабалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири­ Сирожиддин Саййид Наврўзнинг илк кунида таваллуд топган атоқли шоир ­Абдулла Ориповнинг бутун ижоди юрт ва миллат тақдири билан чамбарчас боғланганини алоҳида таъкид­лади. Дарҳақиқат, халқнинг асрий армонларини куйлаш, ҳаётни ва оламни фалсафий мушоҳада этиш ҳамиша Абдулла Орипов шеъриятининг етакчи мавзуси бўлиб келди. У илк бор фахр билан  “Ўзбекистон  – Ватаним маним!” деб айта олди, мамлакатимиз Истиқлолини катта қувонч ва умидлар билан қарши олди. Мустақил Ўзбекистонимизнинг Давлат Мадҳияси матнини яратди. Узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилиш баробарида самарали ижод  қилди.

Уюшма раиси ўз сўзида айни кунларда шоир таваллудининг саксон йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги Президентимиз қарорига мувофиқ, бундай тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётганини  эътироф этди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан шоирлар ва олимлар атоқли ижодкорни хотирлаб, дил сўзларини изҳор этишди. Айниқса, шоирнинг рафиқаси Ҳанифа ая Мустафоеванинг севимли шоиримизга бағишлаб ёзган  шеъри ва шоир ҳақидаги хотиралари иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Тадбир ниҳоясида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабалари шоир шеърларидан  намуналар ўқишди.

Абдумажид АЗИМ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг