УЛКАН ЮЛДУЗЛАР

153

Икром ХОЛМАТОВ          

  Тоғда

Оҳ қизларжон, қўл ушлашиб,

Баҳор сабаб дил хушлашиб,

Келибсиз-да, гул излашиб,

Очилган деб Қураматоғ

Лолалари алвон-алвон.

 

Бу тоғ мағрур, ноласи йўқ,

Бошин силар онаси йўқ,

Сизга тутар лоласи йўқ,

Узоқлардан келибсизлар

Бўлиб бекор, сарсон-сарсон.

 

Бунда шоир сўзи йиғлар,

Қадим йўлбарс изи йиғлар,

Сўнгги оҳу кўзи йиғлар,

Ярми хазон арчазорда

Ҳайрон боқиб ҳар ён-ҳар ён.

 

Малҳам истаб, хаёл суриб,

Дўланага бошим уриб,

Турган чоғим сизни кўриб,

Қон дилимни тилди битта

Илтижоли орзу, армон:

 

Таққан бўлса ким кўзмунчоқ,

Бўлсин ўша қиз қизғалдоқ,

Ранги сомон бу тоғларнинг

Бағрин этиб шодон-шодмон.

Ким оҳу кўз — бўлсин жайрон!

 

Сайёдларга қилиб ҳужум,

Гўзалликка муштоқ кўзим,

Тоғларимнинг тинчин қўриб,

Майли, йўлбарс бўлай ўзим,

Бўлай сизга посбон-посбон.

 

           Муҳаббат

 Тарс ёрилсин қароримдан юрак чўчиб,

Сен озодсан — бор, кетавер, қушдек учиб,

Пойдеворинг ҳам қолдирмай дилдан кўчиб,

Муҳаббат…

 

Йўлларингга кўзин тиккан муштоқлар кўп,

Парвонага илҳақ ёнган чироқлар кўп…

Фақат сендан бўлди менга қийноқлар хўп,

Муҳаббат…

 

Ошиқ-маъшуқ кезиб юрган боғларни топ,

Лола сайлин соғинган қир-тоғларни топ,

Ҳали сендан қўрқмас кўнгли соғларни топ,

Муҳаббат…

 

Энг аввало, макон айла бир қиз қошин,

Кўксингни тут, отса тақдир унга тошин,

Авайлагил, оқмасин ҳеч кўздан ёши,

Муҳаббат…

 

У қиз энди бегонадир, ўзгага ёр,

Нетай, бугун мендан кўпроқ у сенга зор,

Нолам ўша қиз бош қўйган ёстиққа бор,

Муҳаббат…

 

         Бедорлар

 Уйига қамалган қиз қалбида чўғ,

Қўшни йигит оҳи вужудин ёқар.

Учрашмоққа бу тун имконлари йўқ,

Ҳовли ўртасида отаси ётар.

 

Йигит девордан бўй чўза олмай – дол,

Висол армонларин бағрига экар.

Сўнгги пайтлар бедор бўлиб қолди чол,

Гоҳида йўталиб, гоҳи нос чекар.

 

Йигитнинг қорайган нигоҳи оқар,

«Чолни ухлатгин», дер ҳилолга қараб.

Чол эса ундан ҳам олисга боқар,

Юлдузлардан қизи учун бахт сўраб…

 

Ошиқ илҳақликдан энг аввал толди,

Ноилож мизғиди болишин букиб.

Қиз ҳам ўз уйида жим ухлаб қолди,

Пар ёстиққа соғинч ёшларин тўкиб…

 

Кўкда юлдузлар бор қуёшдан улкан,

Кимларгадир улар сариқ тангача.

Ёшликнинг йўлида мингбитта қопқон,

Фақат ухламади чол то тонггача.

 

Тонг чоғи юлдузлар учиблар кетди,

«Бахт олиб келамиз», деб кула-кула.

Бедор чол қизининг тўйига етди,

Гоҳ нос чекиб, гоҳ йўтала-йўтала.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг