ЮРТ ИШҚИ

160

АХТАМҚУЛИ

Достондан парча

Пиряхтоғ  домонида

Мислсиз боғ бор эди.                           

У боғларнинг  бағрида

Нурли қишлоқ бор эди.

Шотирўдлик улуснинг

Кўнгли бундан шод эди.

Негаки, улар суйган

Манзили  обод эди.

Элнинг  моли ҳисобсиз

Қирга чиқиб кетарди.

Икки кечаю кундуз

Йўлни босиб ўтарди.

Тоғбегиси Мухтор кал,

Олов бўлиб ёнарди,

Одамлари донишманд,

Тонг отмай уйғонарди.

Ҳаёт гўзал, улуснинг

Бундан кўнгли тўқ эди,

Қалбларида  заррача

Дарду ғубор йўқ эди.

Бир бурда нон топишса,

Бўлишиб  ер эдилар.

Одам зоти одамга

Ғанимат, дер эдилар.

Эрта баҳордан чиқиб

Тоғларни  боғ қилишар.

Боғда ҳикмат  борлигин

Қишлоқ аҳли билишар.

Ҳавас қилиб яшарди

Кўрганлару билганлар,

Ўша элдек бўлишни

Орзу қилиб юрганлар…

Ўтиб кетди замонлар,

Қанча давру давронлар,

Мен ҳам ўша эл билан

Улғайганман ёронлар.

Кейин йиллар адашди,

Бойваччалар талашди,

Одамлар бир-бирига,

Душман бўлиб қарашди.

Полвонлари бор эди,

Элда номус – ор эди.

Сўнги пайтда уларнинг,

Борлиги бекор эди.

Боғ яратмай кимнингдир,

Боғларига боришди.

«Полвонларим» кексайган

Чоллар билан олишди.

Ўз қавмини  унутди

Ваҳшийлашиб  қолганлар,

Отасию  онасин

Қарғишини олганлар.

Полвон деган улуғ ном

Ер бирла бўлди яксон.

Оналар  кўз  ёшидан

Ларзага тушди осмон.

Фалакдан нидо келди,

Дарди бедаво келди,

Тоғликларнинг бошига,

Энг оғир бало келди.

Қувғин қилинди улар,

Бағри тилинди улар,

Тупроғидан бир кунда,

Гулдек юлинди улар.

Қолиб кетди Пиряхтоғ,

Дил қонини ичган боғ,

Боболарим кулбаси

Вайрон бўлди ўша чоғ.

Ой  улусни кузатди,

Букрини гўр тузатди,

Ювуқсизлар юртини,

Хоинларга узатди.

Қўлдан чиқиб кетганни

Тутиб бўлмас дедилар.

Қозилар ҳам порахўр,

Адолатсиз эдилар…

Ёнди қишлоқ, бобомнинг

Кулбаси олов олди,

Борлиқ кулга айланиб,

Тўрт томонни ёв олди.

Отам Ватан ишқини,

Юрагида яширди.

Ўлим билан олишгач,

Уни менга оширди.

Энди менинг кулбамда

Тунлар чироқ ўчмайди,

Хоинлар кўчиб кетди,

Аммо Ватан кўчмайди.

«Лолазорим Шотирўд»

Отамнинг армонлари,

Боболаримнинг сурган,

Осуда  давронлари.

Билган билар, фалакнинг

Чархи қачон бузилган,

Ҳўкизларнинг арқони

Нима учун узилган?!.

Ер юзидан йўқолсин

Нодонликнинг балоси,

Достонимнинг оламга,

Эзгулик муддаоси.

Боболарни  ёд этиб,

Ишқимни чўққа тутдим,

Ўт ичида ўзимнинг

Борлигимни унутдим.

Ватан бир парча ердан,

Юракка ранг оларкан.

Борган сари одамзод

Унинг  қадрин биларкан.

Эй жўралар, ким ўйлаб

Кўрган шундай  замонни,

Бугун дунё билади

Тинчлиги бор қўрғонни.

Адолатнинг байроғи

Қалбимизга  қадалган,

Ер юзида тенги йўқ

Ўзбекистон яралган.

Оловланиб  яшайлик,

Кўнгли илисин элни.

Ёшлар  ўрганиб олсин

Дунёдаги бор тилни.

Ватан сўзи юракнинг

Қатида бўлсин доим.

Ҳеч бандани Ватансиз

Яратмасин Худойим!

Орзулару армонлар

Кўкка чўзаверсин бўй,

Тинчлик сўзин дунёнинг,

Пештоқига илиб қўй.

Оналарнинг кўз ёши

Беҳудага оқмасин,

Ношукрлар бойликнинг

Ҳажрида  ўт ёқмасин.

Яратган барчамизга

Ризқни   бўлган  баробар.

Искандари Зулқарнайн

Йиғди тенгсиз симу зар.

Ўлган куни тобутда

Кафтини очиб кетди.

Йиғган молу мулкидан

Гўё у қочиб кетди…

Эй Яратган, ўзинг бер,

Ҳар  бандага омонлик.

Жазосини оларкан,

Ким қилса гар  ёмонлик.

Барча бало-қазолар

Ер  юзидан йўқолсин.

Омади чопмаганлар

Отадан  дуо олсин.

Оналар хоки пойин

Тавоф қилиб юрсинлар.

Ҳикмат ўша тупроқда

Борлигини  билсинлар.

Одамзоднинг  аъмоли

Қушдек  учиб бораркан.

Ватанга  бўлган ишқу

Муҳаббати қоларкан!..

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг