ТАНҚИД МАДАНИЯТИ ҲАҚИДА

209

Агар маданият деганда биз одоблиликни, сертавозеликни фаҳмласак, унда бу тушунча хийла тор талқин қилинган бўлади. Билим ва савиянинг баландлиги, инсоф ва одиллик керакли гапни керакли ўринда айтиш, айтганда ҳам қўр устига сув сочгандай тўзғитиб эмас, чанқоқ ернинг ташналигини қондиргандай қилиб сингишарли тарзда айта олиш ҳам маданиятга киради.

Агар кимдир, бугунги ўзбек адабий танқидчилиги ночор ҳолда, давр талабларидан орқада қолган, деб айтса, масалан мен, бунга қўшилмас эдим. Маълум бир вақт фаол бўлмаслик бу ҳали ортда қолганлик аломати эмас. Шунчаки, ҳар қандай жараёнда бўлгани каби танқидчиликда ҳам шиддат билан кечадиган даврлар билан бирга бир муддат тин олиш, “нафас ростлаш” фурсатлари бўлиб туради. Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддиновдай танқид дарғалари қўлидан тушган байроқ, эҳтимол, аввалгича шиддат билан ҳилпирамаётгандир, аммо у ерга тушиб ётгани ҳам йўқ, давр шамолининг эсишига интиқ бўлиб ўша юксаклигида турибди. Синчков, сўз санъатининг томир уришини яхши пайқайдиган мунаққидларимиз бор, улар бугун чоп этилаётган ҳар бир асарга пешма-пеш баҳо беришга ошиқмаётган бўлса, буни танқидчиликнинг пароканда бўлганлигига йў­йиш анойиликдир.

Адабий танқид – санъат, санъат бўлганида ҳам илм билан омухталанган юксак санъат. Шундай экан, ҳар бир танқидий чиқиш ана шу юксак санъат, маданият намунаси бўладиган бўлса, унга ҳамиша эҳтиёж бор. Чунки чинакам танқид сўз санъатини парваришлайди, камол топтиради…

Мен бу даромади гапларни яқинда айрим ижтимоий тармоқларда эълон қилинган бир-икки “адабий-танқидий” чиқишлар муносабати билан, гапнинг индаллосига ўтақолсам қўпол чиқмасмикин, деган тараддуд туфайли қоралаб ўтирибман. Аммо озарбойжонлар, мус-мус деявермай, Мусо деб қўяқол, дейишади,
бизда эса, шап-шап дегунча шафтоли, ­деган матал бор.

Ҳамонки адабиёт – санъат деяр эканмиз, уни ҳар ким ўз ҳолига қараб англашига, шунга яраша қабул қилишига ҳам йўл қўйиб бериш лозим. Фақат менинг фикрим тўғри, мен қайси адиб ижодига қанақа баҳо берсам, ҳақиқат шу, бошқалар эса буни қабул қилиши шарт, деб ўйлаганлар янглишади.

Ярим йилча бўлиб қолди, бир инимиз ҳар қайси шоирни баҳолаб чиққанини кўрувдик. Шеърга, шоир асарларга эмас, ижодкорнинг ўзига бир чимдимдан аччиққина баҳо, вассалом. Буниси сал ярайди, мана бу эса бир пулга қиммат ва ҳоказо гаплар. Биз адиб деб юрган, эл таниган кўп ижодкорлар далил-исботсиз, таҳлилсиз, шоир эмас, деб дангал рад этилган-қўйган. “Мен танқидчи, истасангиз – шу”, дегандай бир тўнг қараш бор эди.

Ажабки, айримлар қўлга қалам олиб, адабиёт ҳақида танқидий мақола ёзишга чоғланаркан, ўзини хирмондаги тарозибондай тутади – буники тош босади, унисининг эса салмоғи йўқ… вассалом!

Айниқса, газета ва журналлардаги мақолаларга қараганда ҳайт десангиз қувалаб юриб босадиган “сайт”ларда шоша-пиша, оғизга келгани қайтармай ёзиладиган адабий танқидий материаллар чиқадиган бўлиб қолгач, валломат мунаққидларнинг куни туғди.

Чунончи, “Кун.уз” сайти яқинда “Адабий тарсаки: Адабий танқидчи Жовли Хушбоқ шеърга юзаки ёндашаётган шоирларни санади”, деган бир мақолани жориялади. Ҳажми жуда катта бўлгани учун мақола иккига тақсимлаб дарж этилибди. Аммо сарлавҳасига қарабоқ, ажабланиб қолдим, шеърга юзаки ёндошадиганлар саналса… шу нарса тарсаки дейиладими? Танқидчининг иши тарсакилашми, ё бўлмаса, санашми? Адабий танқид одобиётга мансуб бўлар экан, бунда ҳам фасоҳат, заковат каби фазилат… жиллақуриса, бир қадар одоб бўлиши керак эмасми?

Мен Жовли акани фидойи, нозиктаъб адабиётшунос, деб биламан, кўп ўқиган, кўп нафис давраларни кўрган, ҳалол инсон сифатида ҳурмат қиламан. Бироқ ушбу мақола билан танишиб чиқиб, унинг сўз санъати равнақи йўлида эмас, балки ранж ва… яна билмадим, алланималар таъсирида ёзилганини, мунаққид холис ёндошиш ўрнига, “холис ва ҳақгўй экани”ни бир кўрсатиб қўйиш учун қоралаганини кўриб, ҳафсалам совугандай бўлди.

Аввало, камина танқидчи эмас, бунинг устига, “танқидни танқид” деган нарсани жинимдан баттар ёмон кўрар эдим, бироқ мен ўқиган бу мақолада бугун ижод қилаётган ўттиз нафар шоир ижоди “таҳлил”га олинган бўлса, Сирожиддин Саййид, Нодир Жонузоқ, Абдулла Шер – шу учовидан бошқа ҳаммани пучакка чиқариб ташлаганини кўриб, индамаслик розилик аломати бўлиб қолмасин, дея “ҳой, унчалик эмас”, деб айтгим келди.

Аввало, таҳлил методининг ғалатилигини қаранг: мунаққид у ёки бу ижодкорнинг бирон тўртлигини тарозисига солишга чоғланаркан, олдидан салбий баҳосини беради-қўяди. Масалан “Ҳатто ўртамиёнадан ҳам паст, публицистик руҳ уфуриб турган шеърлар битиш баҳсида ғолибликни қўлдан бермай келаётган (фалончи) қуйидаги сатрларида ҳам аравани қуруқ олиб қочишга уста эканлигини намойиш эта олган”, деб субъектив баҳосини бериб бўлгач, шеърдан бир парчани пеш тутади. Албатта, қоралаш учун бирмунча заиф чиққан тўртлик қидириб топилади ҳам. Аммо тўрт ё саккиз мисра шеър бутун ижодга ойна бўла оладими? Агар, ҳа, бўла олади, десангиз, бир шеърдан олинган мана бу икки тўртликка ўзингиз баҳо беринг:

 

Боқиб қолди ботирнинг

Орқасидан нигорлар.

Хайр сизга, алвидо,

Қўрқув билмас шунқорлар.   

     

Йўлингиз қутли бўлсин,

Шер қадамли қаҳрамон.

Лекин асло, эй арслон,

Қайтмагил бу йўлдан…

Бу – Ғафур Ғуломнинг бир шеъридан парча. Хўш, “Сен етим эмассан”, “Вақт”, “Соғиниш” каби доҳиёна шеърларидан кўз юмиб, бу икки тўртликни пеш қилиб, улуғ шоирни қоралай бошласак, ўринли бўладими? Йўқ, албатта. Ҳеч бир шоир мен фақат биринчи сорт шеър ёзаман, деб айтолмайди. Демак, бирон тўртликни “дастак” қилиб олиб, нафақат шоир ижоди, ҳатто ана ўша шеърнинг ўзига ҳам узил-кесил баҳо бериш ўринсиз.

Ва ниҳоят учинчидан, ўртамиёнадан ҳам паст, деб баҳо берилаётган шеърларнинг айби – улардан ­“публицистик руҳ уфуриб турган”лиги эмиш. Наҳотки, бу гапни журналистика факультетини хатм қилган адабиётшунос айтаётган бўлса? Мен, билъакс, юксак бадиият намунаси бўлган чинакам шеърларда, албатта, публицистик руҳ уфуриб туради, деб биламан. Чўлпон, Абдулла Ориповнинг энг яхши шеърларида публицистик руҳ устувор-ку! Қачондан бери публицистика паст нарса саналадиган бўлиб қолди?

Юқоридаги “баҳо” яхши шеърлари билан танилган Ғайрат Мажид ижодини бир чирпиниш билан белгилашга уриниш асносида берилган. Энди ўзингиз айтинг – танқиддан мақсад холис баҳолаш, лозим ўринда маслаҳат бериб, шоирга кўмаклашишми, ё “аканг қарағайни кўриб қўй”, деган иддао билан ижодкорнинг шаштини қайтариш, ҳафсаласини совутишми?

Осилсанг, баланд дорга осил, деган мақолнинг маъноси – ҳимматингни баланд тут, майда нарсаларга ўралашма, демак. Уни, осилсанг каттасига осил, деб тушуниш баъзиларни чалғитаётган кўринади. Танқидчи Ёзувчилар уюшмаси раис ўринбосарларидан сўнг халқ шоирларига, депутат ё сенат аъзоларига, ташкилотларда раҳбар бўлиб ишлайдиган шоирларга осила-осила, охири хийла “паст”га тушади: бир-икки жўнроқ ижодкорларни ҳам аччиқ-тизиқ сўзлар билан “сийлаб”, мақола(лари)ни бас қилади.

Мунаққид оғамизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ёрдамчиси Жўрабек Жаҳон ҳали шеър нима эканлиги ҳақида тасаввурга эга эмас”, сингари ҳукмларни ўқиб, агар танқид шу кепатага тушган бўлса, ҳолига вой, деган хулосага келиб қолдим, азизлар. Бу сўзларни бирон туман газетасида, мактаб ўқувчиси ёки агрономнинг машқларини обзор қилиб бериш асносида битиш балки мумкиндир, бироқ ўшанда ҳам хийла қўпол. Жўрабек Жаҳоннинг шеърларини холис кўз билан қараб ўқиган одам эса асло бундай демайди. Сониян, шеърни баҳолашга чоғланяпсиз, шундай экан, уни ёзган одамнинг қаерда, қайси лавозимда ишлашини хабар қила беришдан мурод нима – мана, мен шундай жасоратли кишиман, дейишми? Йўқса, “сенатор Фармон Тошев мансабдорларнинг бадиий савияси паст шеърлар ёзиш имтиёзи бор, деб ўйласа керак. Акс ҳолда қуйидаги ғариб мисраларни тизмаган бўлур эди”, сингари аччиқ-тизиқ гапларни тиза бермаган бўлар эди.

Баҳодир Исо, Энахон Сиддиқова, Маҳмуд Тоир, Рустам Мусурмон, Ботиржон Эргашев, Менгнор Олломурод, Баҳриддин Садриддинов, Муҳиддин Абдусамад, Бахтиёр Генжамурод, Хуршида Ваҳобжон қизи, Мунаввара Усмонова, Салим Ашур, Ўткир Раҳмат, Икром Отамурод, Ориф Тўхташ, Эшқобил Шукур, Шоди Отамурод, Ориф Ҳожи, Амирқул Карим, Минҳожиддин Мирзо, Ашурали Боймурод, Фахриддин Ҳайит, Абдусаид Кўчимов, Даврон Ражаб, Исмоил Маҳмудлар ҳақида “Қани асарда сир, сеҳр?”, “у оддий, эҳтироссиз ва рамзларсиз сўзлардан иборат сатрларни шеър, дея газетхонларни очиқдан очиқ лақиллатиш, алдаш йўлига ўтиб олган”; “бадиий жиҳатдан бўш асарни миллионлаб шеър мухлисларига тақдим этишдан уялмаган”; “бу сатрлар мадҳиябозликдан бошқа нарса эмас”; “ҳароратсиз сатрларни ҳам асар, деб ўйлайди, уларни ўқувчи дастурхонига қўйишдан олдин бу бадиий неъмат аслида сифатлимикин, ширинмикин, деган савол хаёлига келмайди ҳам. Эҳтимол, шеъриятда бадиийлик ҳақида етарли тасаввурга эга эмасдир?” сингари, эллик-олтмиш йиллар бурунги “тақриз”лар услубига хос трафарет жумлаларни қалаштиради, баайни бирон жиноятчини тутиб олиб, фош қилаётган йўсинда қалам теб­ратади: “Шоир Оллоёр Бегалиевнинг шеъри эса ўртамиёнадан ҳам паст, дейишга лойиқ…. Фахриддин Ҳайит тизган бу сатрлар бадиийликдан йироқ эмасми? …шоира Лайло Шарипованинг ёзганлари аслида шеър эмас, Муҳиддин Абдусамад, Шоди Отамуродларнинг шеърида бадиийлик, қайноқ туйғулар етишмайди. Сатрлар муз каби совуқ… Икромжон Аслий баёнчилик тузоғига илинган”. Ва ҳоказо…

Мақола охирига келибгина, мунаққиднинг ёдига ўз вазифаси тушади: “Сиз юқорида ўқиганингиз бадиий жиҳатдан юксак бўлмаган шеърларнинг ҳар бирини илмий ва эстетик жиҳатдан батафсил, янада чуқурроқ таҳлил қилиш мумкин эди. Аммо бунинг учун яна 5-6 саҳифани қоралашга тўғри келарди. Мақоланинг ҳажми ниҳоятда катта бўлиб кетишини истамадим”. Тавба, йигирма бетлаб қоғоз қораланар, йигирма-ўттизлаб шоир дўппосланар эмиш-да, чинакам танқид – атиги беш-олти бетлик илмий-эстетик таҳлилга келганда ҳажм торлиги ёдга тушиб, бирон-бир шоирнинг лоақал биронта шеъри таҳлил қилинмас эмиш.

Хўш, бу шоирлар ижодини “бир мисолу бир жумлалик баҳо” йўсинида тафтиш қилишдан, аввал “Адабий тарсаки” деган мақола, кейин эса деярли шунинг ўзини давлат раҳбарига “Очиқ хат” йўсинида тақдим этишдан муддао нима эди? Буларнинг қайси бири чин шоиру бошқаси мундайроқ эканини аниқлаб берсангиз, деб биров сўраганмикин ё?

Бунинг таги бояги “Очиқ хат” якунида бир қадар очилгандек. Мунаққид Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини вазирликка айлантириш, кимни қайси журнал ё газетага бош муҳаррир қилиб ишга олиш сингари масалаларда обдон йўл-йўриқ бериб бўлгач, ниҳоят, ёрилади: “Ёзувчиларнинг ижод уйи фаолияти яхши эмас. Ижод уйига ижоддан бехабар киши раҳбарлик қилаётир. Мени (ёки бошқа бир ижодкорни) шу ташкилот раҳбарига ижодий ишлар бўйича муовинликка ишга олсин – бу ерда ижод қилаётганлар сонини ҳозиргидан 2 бараварга кўпайтирса бўлади… Нега ҳақиқий адибларнинг 20-30 нафарига йил бўйи келиб, бепул ижод қилишига имтиёз йўқ?… 700 минг сўм пенсия олаётган мен – қашшоқ ижодкор бу пулни қаердан оламан? Мисол учун, мен эллик йил рес­публика ва вилоят газеталарида ишлаб, ҳатто Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими ёки журналист унвонини ҳам ололмаганман…”

Албатта, биз ҳам ҳар бир фуқаронинг, айниқса ижод аҳлининг яхши кун кечиришини, хотиржам ҳолда асарлар яратишини истаймиз. Давлатимиз ҳам шу йўлда ҳаракат қилаётибди. Бироқ қай бир сабабларга кўра кимдир сал камхаржроқ бўлиб қолган бўлса, Исонинг аламини Мусодан олиб, бошқаларга осилиш, уларни бўлса-бўлмаса танқид қилиш, кимнингдир бўшроқ асарини топиб олиб, “пўстагини қоқиш”га киришиш оқсоқол адибларга ярашадиган иш эмас.

Танқид деган сўзнинг луғавий маъноси – нақдини ажратиш, саралашдир. Бинобарин, сара асарларнинг бадиий жозибасини илмий таҳлил қилиб очиб берайлик, ана ўшанда шоирнинг маҳорати ўзгаларга ҳам улги бўлади, адабиётимиз юксалади.

Бўш, савияси паст асарларни танқид қилиш-чи, деган савол туғилиши табиий. Асосли, холис ва бетаъма, ҳар турли ўпка-гина, иддаолардан холи танқид ҳамиша керак. Ана шундай танқидга сал зориқиброқ турибмиз.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг