ЁЗУВ — КЎЗГУ, УНДА ЎЗИМИЗ АКС ЭТАМИЗ

230

Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида муҳим ўзгаришлар содир бўлмоқда. Айниқса, миллий таълим ва маънавий-маърифий соҳалардаги янгича ёндашувлар ҳар биримизни қувонтиради. Бинобарин, Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам келажак авлод равнақи йўлида қўйилган дадил қадамлардан бири бўлди.

Қарорда қайд этилишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб ­мамлакатимизда ўзбек лотин алифбосига тўлиқ ўтилади: иш юритиш лотин ёзувига тўлиқ ўтказилади, ҳозирда амалда бўлган кирилл ёзувининг амал қилиш муддати тугайди. Аммо бу орада қилинадиган ишлар талайгина. Биз бундай жараёнда лоқайд бўлмаслигимиз, қарорда кўрсатилган “Йўл харитаси”даги банд­ларнинг ўз вақтида амалга ошишида фаол иштирок этишимиз зарур. Хўш, бу нималардан иборат?

Аввало, ҳар қандай тилнинг бирлигини таъминловчи асосий восита – имло қоидаларини тасдиқлаш зарур бўлади. Тўғри, 1995 йил 24 сентябрда тасдиқланган “Ўзбек тилининг асосий имло қоида­лари” ҳозирги кунда лотинча ёзишмаларда амал қилади. Бироқ мазкур қоидалар ўзбек тили табиатини тўлиқ қамраб олмаган, товуш ва ҳарф муносабати тўлиқ ҳал этилмаган. Хусусан, рус тили ва Европа тилларидан ўзлаштирилган сўзлар имлоси кўрсатиб берилмаган. Охир-оқибатда эса ҳозирги ўзбек имлосида қатор чалкашликлар, бир-бирини инкор этувчи ҳолатлар юзага келмоқда.

Маълумки, ҳозирги ахборот асрида асосий ишлар компьютер дастурлари орқали бажарилади. Жумладан, кириллча ёзувдан лотинчага ёки лотинчадан кириллчага ўгирадиган дас­турлар мавжуд. Айримлар бу ишни соф техник масала деб қарайди. Аслида-чи? Бир ёзувдан иккинчи ёзувга айлантиришнинг ўзи соф техник масала бўлиши мумкин. Бироқ унгача бўлган жараёнлар жуда катта меҳнатни талаб этади. Бунинг учун транслитерация қоидаларини пухта ўзлаштириш, ҳарфлар мутаносиблигини чуқур ўрганиш, ҳарф ва ҳарфлар бирикмаси орасидаги мувозанатни тўғри англаш, саноқ сонлар ва тартиб сонлардаги ўзига хосликни сақлаб қолиш каби бир қатор муаммолар борки, аввало, уларни ҳал этиш, тўғри ечимларини топиш зарур бўлади. Бу борада ҳам субъектив ёндашувга йўл қўйиб бўлмайди. Негаки, ҳар бир компьютер дастурчиси ўзи яратган дастур асосида эмас, балки техник имкониятлари ўзаро келишилган, ўзбек тилининг имло қоидаларига тўлиқ мос тушадиган дастурларни тавсия этиши лозим.

Масалан, январь ва сентябрь сўзларида я ҳарфи иштирок этади. Лекин уларнинг ўзбек лотин алифбосида берилиши бир хил бўлмайди: yanvar, sentabr. Шу боисдан ҳам бу борада ягона талаб ишлаб чиқилиши шарт.

Бир ёзув тизимидан иккинчи бир ёзув тизимига ўтиш ўрганувчидан маълум бир кўникмаларни талаб қилади. Инчунин, янги ёзув – лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан фойдаланиш учун руҳий-психологик тайёргарлик зарур бўлади, хусусан, маълум бир кўз кўникмаси шакллантирилиши керак. Чунки инсон психологияси шундайки, ҳозирга қадар фойдаланиб келган ёзувидан ҳеч воз кечгиси келмайди, имкон қадар ўша ёзувдан фойдаланишга ҳаракат қилади. Демак, бу борада ўзбек лотин алифбоси бўйича сабоқлар – ўқув машғулотлари лозим бўлади. Бундай машғулотлар ўрганувчиларнинг ёши, касб-кори, қизиқиш доирасига қараб олиб борилмоғи шарт. Шахсан ўзим ўтган асрнинг 90-йилларида бу борада кўпгина ташкилот ходимларига сабоқ берганман, маълум бир тажриба тўп­лаб “Ўзбек лотин алифбоси ва имло қоидалари” номли қўлланма тайёрлаган эдим. Назаримизда, лотинча имлони қисқа курсларда ўқитиш ёки мустақил ўрганувчилар учун оммабоп қўлланмалар яратиш долзарб вазифага айланади.

Ҳар қандай янгилик, аввало, оммавий ахборот воситаларида тарғиб-ташвиқ этилсагина маълум бир натижа беради. Жумладан, лотин ёзувига асос­ланган ўзбек алифбосининг моҳияти ҳам кенг жамоатчилик орасида тарғиб этилиши, мазмун-моҳияти етказиб берилиши лозим. Шундай экан, барча газета-журналларимиз, радио-­телевидение ҳамда ижтимоий тармоқларда бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқдир. Инчунин, барча газета-журналлар 2023 йил 1 январини кутиб ўтирмасдан ўз материалларини лотинча имлода бериши лозим. Чунки энг қизиқарли мақола ва суҳбатлар, бадиий ижод намуналарининг ўзбек лотин алифбосида бериб борилиши янги имлонинг тез ўзлаштирилишига сабаб бўлади. Фақат бу ўринда шуни таъкидлаш ўринлики, берилаётган матнлар тўғри ёзилган бўлиши шарт. Акс ҳолда оммани чалғитиб, улардаги имло саводхонлигига путур етиши мумкин.

 Юртимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Уларнинг кўпчилиги таълим муассасаларида: ўрта мактаб, техникум, коллеж ва лицейларда, олий таълим даргоҳларида таҳсил олади. Тўғри, талаба ёшларимиз лотин алифбосида савод чиқарган, янги алифбонинг сир-асрорлари билан яхши таниш. Лекин, очиғини айт­ганда, ҳозирги пайтгача улар фойдаланаётган адабиётларнинг аксарияти кириллча имлода нашр этилган. Энди эса уларни тўлиқ лотинча имлода нашр этиш зарур бўлади. Бунинг учун жуда катта маблағ ҳамда малакали ноширларни тайёрлашга тўғри келади. Бу эса ўз-ўзидан амалга ошадиган иш эмас. Аввало, нашриёт ходимлари ўзбек лотин алифбосининг имкониятларини чуқур эгаллаши, нозик нуқталарни идрок этиши лозим. Айниқса, ўзлаштирилган сўзлар имлосини пухта эгаллашга тўғри келади. Масалан, кириллча алифбомизда “ёлашган унлилар” деб номланувчи е, ё, ю, я ҳарфли сўзларни янги алифбода бериш ўта нозик муаммолардан саналади. Негаки, ҳозиргача кириллча ёзишмаларда бирор орфографик муаммо туғилмаган, аниқроғи, ўзлаштирилган сўзлар рус тилида қандай ёзилса, ўша тахлитда ўзбек тилида ҳам қайтарилган. Энди эса вазият тубдан ўзгарди: ўзлаштирилган сўзларда рус тили қоидаларига таяниб бўлмайди, янги имло қоидаларига зарурат туғилади. Масалан, июнь, июль, бюджет, сюжет каби сўзларда ю ҳарфи қўлланади. Уларни лотинчага ўгириш-транслитерация қилишда эса алоҳида ёндашув тақозо қилинади: iyun, iyul, budjet, sujet.  Кўринадики, ю ҳарфининг қачон  yu, қайси ҳолатда u ҳарфи билан берилишини пухта ўзлаштириш зарур бўлади. Айни пайтда ц ҳарфли сўзлар, айириш (ъ) ва юмшатиш (ь) белгили сўзлар имлоси ҳам жиддий ёндашувларни тақозо этади. Бунинг учун нашриёт ходимлари: муҳарриру мусаҳҳиҳлар ўзлаштирилган сўзлар имлосини назарий жиҳатдан эгаллашлари, амалда тўғри қўллай олиш малакасига эга бўлиши лозим.

Айни шу ўринда ёзув амалиёти учун дарслик, ўқув-услубий қўлланмалар билан бир қаторда луғатларнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлаш зарур. Аввало, амалий эҳтиёждан келиб чиқиб имло луғатларини тезда чоп этиш зарур бўлади. Айни пайтда турли соҳаларга доир атамалар-терминлар луғатини, жой номларининг тўғри ёзилишини кўрсатувчи луғатлар ҳамда киши исми ва фамилиялари тўғри акс эттирилган луғатларга, шунингдек, ўқув луғатларига жуда катта эҳтиёж сезилади. Айниқса, Европа тилларидан ўзлаштирилган сўзлар имло луғатини тезда чоп этиб, амалиётчиларга етиб боришини таъминлашимиз керак.

Назаримизда, ҳозирга қадар ҳукм сураётган имловий чалкашликлар фуқароларимиз исм-фамилияси билан боғланиб кетади. Бинобарин, Юлдашев, Султонходжаев, Иргашев, Юльчиев каби шаклларда ёзилган ҳолатлар жуда кўп. Масалан, бир биродаримизнинг фуқаролик паспортида қуйидагича ёзилган: Ядгаров Тулкун Гапурович. Хўш, бундай “дурдона ёзувлар”нинг тақдири нима бўлади? “Йўл харитаси”нинг 16-бандида кўрсатиб ўтилишича, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси шахсини тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини такомиллаштирилган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш” амалга оширилади. Демак, ҳозирга қадар ўзбек кирилл алифбосида нотўғри ёзиб келинган исм ва фамилияларни ўзбек адабий тили қоидаларига мувофиқ тарзда ёзиш имконияти яратилади.

Ёзув, аслида, миллатнинг юзи ва кўзи ҳисобланади. Айниқса, жой номлари, кўча ва майдонлардаги ёзувлар, реклама ва эълонлар матни, кўргазмали қуроллардаги, транспорт воситаларидаги турли ёзувлар имло қоидаларига мувофиқ ёзилган бўлиши шарт. Чунки биз бундай ёзувларга ҳар куни, ҳар соатда дуч келамиз. Агар улар ўзбек адабий тили меъёрларига мувофиқ тарзда ёзилган бўлса — бош устига. Агарда кириллча ёзувда имло хатолари билан берилган бўлса-чи? Демак, бундай ҳолатлар ҳам лотинча  алифбомизда тўлиқ бартараф этилиши зарур. Бу — она тилимиз олдидаги ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиз.

Равшан ЖОМОНОВ,
Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори,
филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг