СЕНИ КУЙЛАЙМАН, ҲАЁТ!

104

Яшаш азиз ҳисси танда кезганда,

Умр кўпи кечиб, армон дилни эзганда,

Ҳатто ўзни хаста, заиф сезганда,

Оғир, бенаф ўйдан юрак безганда

Сени куйлайман, ҳаёт!

Ҳар саҳфанг ўқилгич янги бир китоб,

Ўтмишми, эртами туғилар ҳар боб —

Яшаш ва ёзишга қилганда хитоб,

Сукут хижолатин енгмоқ азмида

Сени куйлайман, ҳаёт!

Ҳар фасл бир ажиб тароват тўкса,

Тўкин куз ҳосили шохларни букса,

Янги ризқ – ёмғир, қop тоғларга чўкса,

Баҳор гулин кўзга суртмоқ азмида

Сени куйлайман, ҳаёт!

Сен ўзинг кун сари ўсган фарзандим,

Гоҳ чақноқ шодлигим, гоҳ аччиқ зардим,

Меҳнат зафарларим, бешифо дардим,

Дўстдан меҳр — мактуб кутмоқ азмида

Сени куйлайман, ҳаёт!

Сенинг ўзинг ширин ва тансиқ туҳфа,

Ҳар умр бахт, шонин йўғирар пухта,

Йўғирмоқ минг тахлит ва минг бир турфа;

Бу мактабни қайта ўтмоқ азмида

Сени куйлайман, ҳаёт!

Куйлайман, куйламоқ кун сари мушкул,

Мен сенман, сен менинг борлигим буткул,

Елкамга юк ортиб, қўлимдан тутгил,

Бу бахтни назмга тўкмоқ азмида

Сени куйлайман, ҳаёт!

ЗУЛФИЯ,

Ўзбекистон халқ шоири

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг