ҚЎШИҚНИНГ ЮКСАК ПАРВОЗИ

76

Хайрулла ЛУТФУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон халқ артисти

Мактабда ўқиб юрганимда Пўлат Мўминни болалар шоири деб билардим. Ўрта мактабни тугатиб, ҳарбий хизматни ўтаб келганимдан кейин қўшиқчи бўлишга аҳд қилдим. Дастлаб таниқли санъаткорларнинг ашулаларини ўргана бошладим. Бир куни тўрақўрғонлик санъаткорлар Сайидхўжа Холдорхўжаев ва Абдуваҳоб Абдуллаев ижросидаги “Мен севаман, сен севасанми” деб номланган қўшиқ эътиборимни тортди. Қўшиқ матни қув­ноқроқ бўлса-да, куйи оҳиста, салмоқли эди. Шунда уни тезроқ, жонлироқ оҳангда айтиб кўргандим, яқинларимга манзур бўлди. Суриштирганимда ушбу қўшиқ бастакори Са­йидхўжа Холдорхўжаев экани маълум бўлди. Вақт ўтиб, бастакор билан учрашдик. У киши: “Хайруллажон, сизнинг ижроингиздаги бу қўшиқ шоир Пўлат Мўминнинг шеъри, мени ва сизни машҳур қилди”, деб хурсандлигини изҳор этди.

Бир куни қўшнимиз Муҳсин Алиев уйида тадбир уюштираётганини айтиб, бир-иккита ашула куйлаб беришимни илтимос қилди. Биринчи айтган қўшиғим “Мен севаман, сен севасанми” бўлди. Ижро давомида меҳмонлар ўринларидан туриб рақсга тушиб кетишди ва бир неча бор қўшиқни қайта айттиришди. Меҳмонлар орасида “Радиокомитет”да фаолият юритаётган Ўзбекистон халқ артисти Туйғуной Юнусхўжаева ҳам бор эди, менга Ўзбекистон телерадиокомпаниясига бориб, ушбу қўшиқни магнит тасмасига туширишни маслаҳат берди. Натижада бу тарона радиокарнайлардан бутун республика бўйлаб жаранглай бошлади, номим тилга тушди. Шундай кунларнинг бирида Муҳсин ака: “Хайрулла, бу қўшиқни ёзган шоирни танийсанми?” деб сўради. Мен танимаслигимни айтдим. “Унда эртага кечки пайт тайёр бўлиб тур, Пўлат аканинг уйларига олиб бораман”, деди. Шундай қилиб, таниқли шоир Пўлат Мўмин билан танишдим. Қўшиқни жонли айтиб бердим. Жуда маъқул бўлди. Радио орқали ҳам эшитган экан. “Ушбу тарона айни сен учун ёзилган экан!” деди. Бундан хурсанд бўлдим. Шу-шу бир-биримиздан хабар олиб турадиган бўлдик.
Бир куни трамвайда кета туриб гўзал қизга нигоҳим тушди. Уни танигандек бўлдим, аммо ўшами ёки бошқами, ишончим комил эмасди. Бир фурсат ўтиб, ниҳоят эсладим. У қиз мен билан бирга ҳаваскорлар тўгарагига қатнаган, болалигимда мен ёқтирган қиз эди. Ҳарбий хизматдан келганимдан сўнг, дўстларим унинг турмушга чиқиб кетганини айтишди. Кейинги сафар устоз ҳузурларига борганимда, шу воқеани айтиб бердим. Икки кун ўтгач, Пўлат ака сим қоқиб, мени чақирди. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг қўлимга шеър тутқизди. У “Ўшал жонон сенмасму?” деб номланганди. Ҳар бир сатрида мен айтиб берган ҳолат акс этганди. Шеърга монанд куй басталадим. Бу ашула ҳам шуҳрат қозонди. Аста-секин барча тароналарим оммалашди ва ўзимга ҳам машҳурлик келтирди. Шундан сўнг Пўлат ака билан ҳамкорликда “Раҳмат ота-онангга”, “Онадир ул, онадир”, “Жонона сиздан”, “Мақташга эт ижозат”, “Келибдию кетибди”, “Ишонаман кўзингга”, “Чин ёрми у?”, “Гул диёрим мақтайин” каби тароналар юзага келди.
Устоз жуда бағрикенг инсон эди. Бир куни шундай деб қолди: Сен ҳадеб менинг шеър­ларимни қўшиққа айлантирма. Айримлар менга киноя қилмоқда. Бошқа шоирларнинг ҳам ижодларидан фойдалансанг, яхши бўларди. Мана, устоз Туроб Тўланинг шеърлари жуда ажойиб. Кўпи қўшиқ бўлган”. Шунда мен устозга қойил қолдим. Кўпчилик фақат ўзим-ўзим дерди, у киши эса бошқа ҳамкасбларига ҳам йўл очиб берди. Шундан сўнг, Туроб Тўла қаламига мансуб “Санам, ҳеч борми инсофинг” ва “Оҳиста жон дединг” шеърларини қўшиқ қилиб айтдим. Туроб Тўла кейин “Маржонларинг” номли шеърни берди. Аммо бу сатрларни ҳеч куйга сола олмадим. Кўнглимдагидек оҳанг чиқмас, вақт эса ўтиб борарди. Бир йилдан сўнг Пўлат ака сўраб қолди: “Хайрулла, Туроб аканинг шеъри нима бўлди? Ҳаракат қилдингми?” Мен ҳақиқатни рўйи-рост айтдим. Шунда устоз шеърни олди-да, икки кундан кейин уни озгина ўзгарган ҳолатда қайтарди. Буни қарангки, дарҳол янги матн­га мос куй яралди-қолди. У барчага, хусусан, Туроб Тўлага ҳам маъқул бўлди. Ўшанда шеърга ким қайта ишлов берди, Пўлат аками ё Туроб аками, сўрамаганман.
Пўлат аканинг яна бир фазилати бор эди: бир шеърни фақат битта санъаткорга берарди. Натижа чиқмагунча, бир йил бўлса ҳам кутарди. Айрим қаламкашлар эса, битта матнни бир неча қўшиқчига тарқатиб, охир-оқибатда маломатга қоларди. Шунинг учун кўп санъаткорлар тарона яратиш учун янги шеърни Пўлат акадан сўрашарди. Устоз кўп санъаткорларнинг шаклланишига, ном қозонишига сабабчи бўлган. Айтайлик, Фахриддин Умаровга кейинчалик машҳур қўшиқларга айланган “Кулсанг”, “Шошмайтур”, “Гулдаста”, “Эй, муҳаббат” шеърларини берган. Охирги тарона, мана эллик йилдан ошди, ҳамон дилларни маҳлиё этади. Устозимга тегишли “Индамади” ва “Розиман” қўшиқлари Неъматжон Қулабдуллаевнинг элга танилишида муҳим омил бўлган. Малоҳат Дадабоевага эса алоҳида “Малоҳатларга” шеърини битиб берган. Ушбу қўшиқ ҳам ўз пайтида оммалашиб, санъаткорларнинг элга манзур бўлишига туртки вазифасини ўтаган. Ёки машҳур хонанда Ғуломжон Ёқубовга “Урмасин” номли шеърини тавсия этганди. Бу қўшиқ жуда ажойиб чиққан, санъаткор уни моҳирона ижро этган. Ҳатто шу шеърни Пўлат ака нега менга бермади, деб, хафа ҳам бўлганман.
Яна бир воқеа. Ўшанда “Баҳор” ансамблида хизмат қилардим. Катта концерт уюштирилди. Устозни тадбирга чақирдим. Тароналар янгради, раққосалар ўйинга тушишди, ҳатто раҳбаримиз Мукаррама Турғунбоева ҳам ўз санъатларини намойиш этиб берди. Концертнинг якуний қисмида уч-тўртда ашула айтганимдан сўнг саҳнадан чиқдим. Аммо томошабинлар қарсак чалиб, яна саҳнага чорлашди. Мен чиқиб, яна уч-тўрт қўшиқ айтдим. Хуллас, ўн бешта қўшиқ куйладим. Олқишларга кўмилдим. Концертдан сўнг, Пўлат акадан: “Устоз, қалай концерт ёқдими?” деб сўрадим. У киши жилмайди. Кейин жиддий оҳангда: “Ҳа, ёмонмас…”, деб қўйди. Ҳайрон бўлдим. Негадир кайфиятлари яхши эмас эди. Қандай камчилик сезганларини сўрадим. “Хайрулла, — деди, — барча қўшиқларинг аъло! Аммо сени саҳнага чорлайверишса, бунча кўп қайта чиқавермагин! Яхши эмас. Санъаткор ўзини тўхтатиб туришни билгани дуруст. Одамлар сенинг қўшиқларингни соғинишсин. Вой, яна эшитсак бўларди, дейишсин”. Ўша воқеа менга сабоқ бўлиб, кейин саҳналарда ўзимни устоз айтганидек тута бошлаганман.
Яқинда Пўлат Мўмин сўзлари билан айтган қўшиқларим рўйхатини тузиб чиқдим. Ёдимга келгани қирқ еттита бўлди. Аммо биламанки, уларнинг сони бундан кўп. Ёдимга тушганда, бу рўйхатни тўлдириб қўяман.
Кейинги пайтларда яхши ниятда устознинг кўп қўшиқларини ўғлим Нодирбекка ўргатаяпман. У ҳам маҳорат билан ижро этмоқда. Бу қўшиқлар ҳамон ўз тингловчиларига эга. Яқинда ёшлар билан учрашувга чақиришди. Бордим. Мулоқот ва савол-жавоблардан сўнг, улардан қайси таронани куйлаб беришимни сўрадим. Бир овоздан: “Мен севаман, сен севасанми” қўшиғини айтинг!” деб хитоб қилишди. Қаранг-а, эллик йилдан ке­йинги авлод ҳам шу қўшиқни тинглашга муштоқ. Бу таронанинг умрбоқийлигидан далолат эмасми!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг