БОТИР ЗОКИРОВ ФЕНОМЕНИ

60

Ўзбекистон маданияти ва санъати тарихи силсиласида буюк олиму фузалолар, ижодкор, ҳунармандлар, мутрибу ҳофизлар ёди халқимиз хотирасида абадий муҳрланиб, фахру ифтихор сарчашмасига айланган. ХХ аср ўрталарида ўзбек санъатининг барча замонавий жанрларида ёш ижодкорлар авлоди янги ғоя ва услубий ёндашувлар билан кириб келди ва адабиёт, тасвирий санъат, кино, театр, мусиқа каби соҳаларда мафкуравий қолип­ларига сиғмас ўзига хос ривожланиш даврини бошлаб берди. Улар қаторида, шубҳасиз, ўзбек замонавий эстрада санъатининг асосчиларидан бири — хонанда, мусаввир, адиб ва актёр Ботир Зокиров қиёси йўқ ижодкор сифатида майдонга чиқди.

Буюк санъаткорнинг вафотидан кейин кўп йиллар ўтган бўлса-да, унинг санъатдаги муваффақиятини ҳеч ким такрорлай олмади. Хўш, қисқа умр кўрган Ботир Зокиров феномени нимада? Ботир Зокировнинг отаси Карим Зокиров Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида, онаси Шоҳиста Саидова Муқимий номидаги мусиқали театрда ижод қилганлар. Ҳар иккаласининг хонандалик санъатига дахлдорлиги, янги роллар устида ишлаш, кундалик хиргойилар, масъулият билан қарши олинган премьералар Ботир Зокировга болалик чоғларидаёқ таъсир ўтказгани шубҳасиз.
ХХ асрнинг биринчи ярмида ўзбек мусиқа маданияти академик мусиқани ўзлаштириш ва унда ўзбек миллий мусиқасини яратиш, уни қарор топтириш билан боғлиқ фаол жараённи бошдан кечирди. Ушбу даврда куйлаш санъати, хусусан, ўзбек опералари ва мусиқали драмаларидаги куйловчи актёрлар мунтазам равишда миллий мусиқий образ яратишнинг техник ифода воситалари устида иш олиб борганлар. Академик мусиқада ўзбек анъанавий хонандалик санъатига хос бадиий ва техник усуллардан самарали фойдаланиш, ижодий изланиш жараёнлари жуда мураккаб, аммо қизиқарли кечган. Аниқроғи, мутлақо янги жанрларда асар яратишда нафақат мусиқий оҳангга хос бўёқларни кашф этиш, балки сўзнинг ифодавий кучини юзага чиқариш борасида ҳам юксак даражадаги маҳорат юзага келган. Пировард мақсад сўз ва мусиқанинг уйғунлашуви натижасида ўзбекона миллий мазмундор ифодавийликка эришиш бўлган.
Б.Зокиров болалик чоғиданоқ ушбу жараёнлар оғушида вояга етди, оҳанг­ларнинг сеҳрли қудратини ўзига чуқур сингдирган хонанда сифатида шаклланди, тарбия топ­ди. Айнан болалик чоғларидаги ижодий муҳит, атрофдаги санъаткорларнинг юксак идеалларга интилиши, фидойилик ва ихлос ҳисси Б.Зокировнинг кейинги тақдир йўлини белгилаб берди.
Ботир Зокиров, шубҳасиз, улкан истеъдод соҳиби эди. Унинг истеъдоди, аввало, ажойиб инсоний фазилат ва юксак бадиий дид билан уйғунлашган. Зеро, у куйлаган қўшиқлар гўзал, дилрабо ва мазмундор бўлиб, беихтиёр тингловчини ўзига жалб этади. Айтиш керакки, ушбу қўшиқларнинг мукаммал тарзда дунёга келишида хонанданинг ижодий тафаккури ва ижрочилик маҳорати етакчи омил бўлди. Негаки, қўшиққа жон бағишлаб, унинг таъсир кучини юзага чиқариш айнан ижрочи зиммасидаги вазифа ҳисоб­ланади.
Санъаткорнинг бетакрор хонандалик қиёфаси бой репертуар, юксак ижро маданияти, ифодавийлик, ҳиссий теранлик, бадиийлик, оҳангдорлик билан белгиланади. Очиқлик, самимийлик, мукаммалликка интилиш, тингловчи олдидаги масъ­улият Б.Зокиров куйлаш услубининг муваффақиятини белгилаган асосий мезонлардир.
Ботир Зокиров феноменининг юзага келишига замин бўлган омиллардан яна бири – у туғилиб яшаган давр. Айтиш керакки, бу даврда санъат, хусусан, мусиқа санъатига қўйиладиган талаблар айнан профессионал ижрочилик мезонларига асосланган. Ушбу мезонларга кўра, хонанда нафақат шеърий-мусиқий асарни ифода этиши, балки ушбу мезонларнинг янада мураккаб бўлган кейинги босқичларида ҳам ўзини кўрсата олиши керак. Жумладан, артистизм, бадиий образнинг ҳаққонийлиги, юксак даражадаги таъсирчанликка эришиш каби хусусиятлар хонандалик маҳоратини ташкил этувчи талаблардир. Хонанда ўз ижросида мана шу сифатларга тўла-тўкис эришибгина қолмай, балки унга сайқал бериб, янги жилоларни кашф этди. Шу боисдан ҳам унинг қўшиқлари оромбахш, ҳайқириқларсиз, юксак даражадаги ҳиссий теранликда янграйди.
Эҳтимол, Б.Зокиров ижрочилик санъ­атининг томошабинга нисбатан сеҳрли таъсири манбаи унинг куйлаш услуби билан эмас, балки хонанда қалбида туғён урган ҳис-кечинмаларнинг овозга йўналтирилган куч-қудрати билан боғлиқдир. Бунинг учун сўзнинг мазмун-моҳиятини англаш, образ атрофида фикрлай олиш қобилияти зарур. Шу жиҳатдан ҳам унинг ижросидаги ҳар бир қўшиқ алоҳида нодир бадиий мўъжизага, кенг маънода эса, умуммиллий маънавий меросга айланиб улгурди. У ижро этган қўшиқлар кўпчилик хонандалар, аксарият ҳолларда, ёш хонандалар томонидан куйланиб келинмоқда. Аммо шу пайтгача ҳеч бир хонанда айнан Б.Зокировнинг маҳоратини такрорлай олгани йўқ.
Ботир Зокиров кенг қамровли истеъдод соҳиби эди. У ажойиб мусаввир сифатида ҳам кенг жамоатчилик ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлганди. Композитор Икром Акбаров басталаган “Раъно” номли қўшиқ клипида Ботир Зокиров мольбертга таяниб, гўзал қиз чеҳрасини чизаётган саҳна бор. Ушбу саҳна мени ҳамиша ҳая­жонга солади. Негаки, унда фавқулодда жонли ижодий жараённи кузатиш мумкин. Оддий кўмир билан чизилаётган оқ қоғозда Ботир Зокиров — мусаввир қўли остида ва Ботир Зокиров — ҳофиз хониши жўрлигида аста-секин гўзал ифода, кайфият ва характер пайдо бўлади.
У билан мулоқотда бўлган замондош­лар Ботир аканинг ажойиб қаламкаш бўлгани ҳақида гапиришади. Соғлигини тиклаш билан боғлиқ танаффус йилларида Б.Зокиров бир қанча ҳикоя, очерк ва шеърлар ёзган, шунингдек, “Кичик шаҳзода” (Aнтуан де Сент-Экзюпери), “Соя” (Э.Шварц) асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Композитор И.Акбаровнинг “Сўғдлик қоплон” номли операси либреттосини ҳам яратган. Демак, буюк санъаткор мусиқий-саҳнавий драма­тургия асосларини ҳам мукаммал эгаллашга муваффақ бўлган.
Б.Зокиров ҳаётда ниҳоятда самимий, ҳазилкаш, муомалага тез киришувчан инсон бўлган. Унинг ҳикоялари суҳбатдошларини маф­­тун этиб, атрофида кўпчилик тўп­ланиши одатий ҳолга айланган.
Эндиликда тингловчилар Б.Зокировни ўзлари учун қайта кашф этмоқдалар. У яратган санъат мисоли қимматбаҳо гавҳар сингари вақт ўтиши билан қадр-қимматини йўқотмади, аксинча, бир неча баробарга ошди.
Беназир хонанда Ботир Зокиров нафақат ўзбек эстрада санъатининг асос­чиларидан бири сифатида, балки фозил инсон сифатида ҳам дунё жамоатчилиги орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, бу буюк санъаткорнинг ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда улкан аҳамият касб этади.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
композитор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг