ИСТИҚЛОЛНИНГ ТОЛМАС КУЙЧИСИ

61

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағиш­ланган шоир Баҳодир Исонинг “Муҳаммад Юсуф” номли достони Фарғона шаҳридаги “Фарғона” нашриётида чоп этил­ган. Шунингдек, унинг шоир хотирасига бағиш­лаб ёзган “Булбул дили бор эди” номли ҳужжатли қиссаси шу нашриётда босилган.
Б.Исо ўз достонини кўтаринки оҳанг­да бошлайди ва Муҳаммад Юсуфнинг шоирлик истеъдодини, ўқувчиларга маълум ва машҳур ибораларини назм ипига тизади.
Достоннинг сюжетига эътибор берсак, унда саккизта хотира чизиғи борлигини ва улар бир-бири билан мантиқан боғланиб кетганини сезамиз. Муаллиф “Эл боласи” номли биринчи хотирасида шоир ижодий қиёфасини кўрсатиш мақсадида ўз дўстидан фахрланиб шундай ёзади:
У шунақа зўр шоир эди!
Жойи фақат тўр шоир эди!
Ичи тўла оташ, аланга,
Давраларга қўр шоир эди!
Достон давомида муаллиф элимизда шоирларга муносабат ҳақида сўз юритади. Эл суйган шоирларнинг чинакам васфини Муҳаммад Юсуф тақдири воситасида очиб беради.
Достоннинг “Қиркетти” деб номланган қисмида Муҳаммад Юсуфнинг айни Бобур ёшида вафот этганини айтади. Ушбу қисмдан тақдир ўйинларидан зорланган муаллиф армонларидан воқиф бўламиз ва азиз инсонларни тириклигида эъзозлаш лозимлиги ҳақида яна бир бор ўйлай бошлаймиз.
У ўзига кўролмади эп –
Ҳаё қилди Бобур Мирзодан,
“Бобомдан кўп яшаб қўймай” деб,
Қирқ еттида кетди дунёдан.
Достоннинг “Довруқ” бобида Муҳаммад Юсуфни эл ардоғига сазовор қилган ижодий меҳнати, фидойилиги, ўз элини, яқинларини, жонажон Ўзбекистонни қанчалар севиши, “Онаизор” бобида эса, ­шоирнинг онаси сиймоси жуда таъсирчан бўёқларда чизилади.
Достоннинг “Абадият” номли бобида муаллиф: “Бу – шоирга бир менинг меҳрим… Эл меҳридан қолмасин шоир, Шеъри билан ўлмасин шоир! Юз йил ўтса, юз аср ўтса, замон юз бор эврилиб кетса, мангу гуллаб юртда Истиқлол, Шоир сўзи топмасин завол!” дея севимли инсони руҳига эзгу дуоларини, тилакларини нисор этади.
Баҳодир Исонинг “Муҳаммад Юсуф” достони М.Юсуф ижодини ўрганиш­да, шеърларининг ёзилиш тарихини аниқ­лашда, уларнинг ижтимоий, маънавий аҳамиятини чуқурроқ очиб беришда ўзига хос манба бўлиб хизмат қилади.

Икромиддин ОСТОНАҚУЛОВ,
тарих фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг