ДАВРГА ҲАМОҲАНГ АСАР

349

ёзувчи Улуғбек Ҳамдамга мактуб

Улуғбекжон, “Ота” романингиз ҳақида эшитганимдан кейин анча вақт ўтди. Биласиз, янги китобларнинг вилоятларга етиб келиши муаммо. Китоб қўлимга теккач, бир кечада ўқиб, тан бердим.

Тасвирнинг тиниқлиги, воқеа-­ҳоди­са­лар­нинг китобхонни ўзига эргаштириши, тез-тез ўқишга ундаши, қаҳрамонлар тақдирига қизиқишнинг ошиб боравериши, улар ҳаётидаги фожеали ҳолатларнинг тез-тез алмашиниб туриши, воқеаларнинг шиддати… барчаси романнинг муваффақиятини таъминлаган. Энг муҳими, миллий қадриятлар, иймон, ­эътиқод деган муқаддас тушунчаларнинг романда турли рангларда жилоланиши асарга янгича руҳ бахш этган.
Пўлат характерининг, қалбининг ўзгариб бориши, унинг комилликка интилиши натижасида ҳаётга бошқача назар билан қарай бошлаши (масалан, Эрбойнинг қамоқхонага келиб ундан кечирим сўраши ва унга Пўлатнинг муносабати, қизидан ёдгор қолган набираси билан боғлиқ лавҳалар) жуда ишонарли, таъсирчан ва самимий тасвирланган.
Ўзбек отасининг оиласига муносабати (Ўткир ака), ўзбек онасининг болажон қалби (Ойпопук), уларнинг миллий қиёфаси кўз олдингизда ёрқин гавдаланади. Китобхон ана шу образлар қиёфасида онасини, отасини ёки бобо, бувисини кўради.
Бу роман ўқувчини огоҳликка чорлайди, назаримда. Ўзлигини англашга, теварак-­атрофга теран нигоҳ билан боқишга, инсон қалбининг қудрати нималарга қодирлигини англатишга чорлайди. Инсон ўзи учун яшайди, умрни ўзича ўтказади, аммо бизда “одамлар нима дейди” деган тушунча онгимизга шунчалик сингиб кетганки, фожеа­ларни келтириб чиқарса-да, бу бидъатдан қутула олмаймиз. Сиз муаллиф сифатида инсон табиатидаги ана шундай қусурлардан огоҳлантирасиз, “Кўзингни оч, эй инсон, капалак умридек қисқа ҳаётингда муносиб яша” дея бонг ургандек бўласиз назаримда.
Тўғри, роман камчиликлардан ҳам холи эмас, асар қаҳрамонларининг ички олами тўлиқ очилмаган ўринлар учрайди. Масалан, Ёғду образида. Баъзан воқеа-ҳодисаларнинг тезлашиб кетиши, Севинчни юзи чўтирлиги учун мактабга, институтга қабул қилмаслик­лари масаласидаги бўрттиришларда танқид­чилик сизни айблаши мумкиндир. Аммо шу образларни яратишда ҳам сиз мувозанатни бузмагансиз, деб ўйлайман. Кичкина штрихлар орқали Ёғдунинг вафодорлиги, тоза қалбини очиб бера олгансиз. Шу билан бирга Севинч қалбидаги изтироб­ларни, руҳиятини янада батафсил тасвирлаш имкониятингиз бор эди, деб ўйлайман.
Асарда менга ёққан образлардан бири Ёғдунинг оғаси Турсун ота образидир. Пўлатни ҳақиқатга тик қарашга ўргатган бу инсон унинг ҳаётини ўзгартиради. Аслида-ку, унинг кўнглига Яратганнинг ёғдуси тушиб, тўғри йўлга бошламадими? Шу ёғду Турсунбой тимсолида унинг ҳаёт ўзанини эзгулик сари буриб юборди.
Адабий танқид асарга баҳо беришда, аввало, унинг ютуқларини кўрсатиши лозим. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, биринчидан, асарингизда ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати реал ва ҳаққоний ёритилган. Ўзбек оиласи, унинг турмуш тарзи, қарашлари ҳаққоний акс эттирилганки, ҳаёт ҳақиқати моҳирона тарзда бадиий ҳақиқатга айлантирилганини ҳис этмай илож йўқ.
Иккинчидан, романда тўла­қон­ли янги образ, характерлар (Пўлат, Ёғду) яратилган. Бу образлар тас­вирланаётган давр руҳини ўзида чуқур акс эттира олган. Улар ҳозирги замонга қайси қирралари билан муштарак бўлиб, ўқувчилар тафаккурини ўзгартиришда иштирок эта оладими, деган саволга ижобий жавоб бериш мумкин. Бугун хиёнат туфайли айрим оилалар бузилиб, юракларни ларзага солаётган фожеалар юз бермаяптими? Оилада эркакнинг ўрни муҳим бўлиши керак, деган ўзбекона ақида (Ўткир ака) унутилмаяптими? Гендер тенглик масаласини нотўғри тушуниб, эркакнинг шаънини пастга уришлар ҳам фожеаларга сабаб бўлаётгани ҳақиқат-ку. Асардаги ҳар бир образ мисолида бугунги кунимизга ҳамоҳанг­ликни сезиш қийин эмас. Шу жиҳатлардан қараганда, “Ота” романингиз инсон қалбини поклашга, унинг дунёқарашини ўзгартиришга хизмат қила олади, де­йишга ҳақлиман.

Шоира АҲМЕДОВА,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг