ЯХШИЛАРНИНГ МЕҲРИ УНУТИЛМАС

80

1974 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида таҳсил олиб юрганимда “Шарқ юлдузи” журналининг шеърият бўлими мудири Абдулла Ориповга шеърларим ва ҳикояларимни олиб борган эдим. Абдулла ака аввал шеърларим билан танишди, иккита тўртлик билан иккита саккизликка алоҳида белги қўйди, кейин ҳикояларим билан танишди. “Жазо” номли ҳажвиямни ўқиб мийиғида кулди-да: “Бу ҳажвиянгиз “Муштум”боп бўлипти”, дея “Муштум” журналига, Саъдулла Сиёевга учрашишни маслаҳат берди. Кўп ўтмай “Муштум” журналида мазкур ҳажвиям босилиб чиқди.

Истиқлолнинг дастлабки йиллари, Муборак туманида раҳбар эдим. Туманимизда “Туркистон” газетаси кунлари ташкил этилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ артистлари Зикир Муҳаммаджонов, Эркин Комилов бошчилигида бир гуруҳ ижодкорлар келишди.
Тумандаги нефть ва газ саноати корхоналарида, таълим масканларида, чорвадорлар фермаларида, деҳқонлар шийпонларида қизғин учрашувлар ўтказилди. Фурсатдан фойдаланиб устозга илтимосимни айтдим: “Абдулла ака, мустақиллик шарофати билан тумандаги хўжаликлар номларини янгиладик. Мана, ҳозир сиз учрашув ўтказган хўжаликнинг номини “Туркистон” деб номладик. Бундан ташқари, хўжаликларимизга “Муҳаммад Хоразмий”, “Амир Темур”, “Бўс­тон”, “Гулис­тон” деган номларни бердик. Яқинда янги бир хўжалик ташкил этдик, шунга ўзингиз ном қў­йиб берсангиз”, дедим. Абдулла ака мийиғида жилмайиб, “Алишер Навоий номи билан атасангиз яхши бўларди”, деди. Шу-шу янги хўжаликнинг номи Алишер Навоий номи билан атала бошланди.
1977—1978 йилларда “Қаш­қадарё ҳақиқати” газетасининг маданият бўлимида ишлаган кезларимда тарихий манбаларга асосланиб Занжирсарой ҳақида “Тупроқ остидаги шаҳар” деб туркум мақолалар ёза бошлаган эдим. Амир Темур бобомиз ва Бибихонимга алоқадорлиги боис ўша пайтда уларни чиқаришнинг имкони бўлмади.
Абдулла ака бу мавзуни давом эттиришимни маслаҳат берди. У кишининг сўзларига амал қилиб, Занжирсарой тарихи ҳақида марҳум устозимиз Поён Равшанов билан ҳаммуаллифликда “Амир Темур туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси” деб номланган китоб дунёга келди. Тўғри, жамоатчилик бу китобга турлича муносабат билдирди. Баъзилар маъқуллади, баъзилар эса инкор қилди. Аммо китоб орқали унутилмас қадриятларимиздан бири бўлган “Занжирсарой” қайта юз очди. Асрлар давомида емирилиб харобага айланган Занжирсаройда археологик қазилмалар ўтказилди. Бу жойдан мамлакатимиз тарихига оид қимматли ашёлар топилди. Муборак замини улуғ бобомиз пойқадами етган, Бибихоним таваллуд топган табаррук жой экани илмий жиҳатдан исботланди. Бундан ташқари, Муборак туманининг шоҳ кўчасига “Занжирсарой” номи берилди.
2003 йили Абдулла Орипов бир гуруҳ ижодкорлар билан яна Муборакка келишди. Амфитеатрда ўтказилган ижодий учрашувда минглаб кишилар иштирок этди. Учрашув кўтаринки руҳда ўтди. Абдулла акани қайта-қайта даврага таклиф қилишди. Учрашувда устозга мубораклик мухлислари ўз қўллари билан тўқиган гиламни совға қилишди. Гиламга Абдулла аканинг сурати туширилганди.
“Сардоба” номли романимнинг биринчи китобига Абдулла ака сўзбоши ёзиб берди. Роман тарихий воқеаларга асослангани учун устоз адиб Пиримқул Қодировга учрашишни тайинлади. Романнинг давомини ёзишда Пиримқул аканинг ўгитларини олганман. “Сардоба” романи қўлёзмаси билан танишиб чиққан атоқли адиб: “Асотир ва ривоятларга таянган асарингизни ўқиб жуда қувондим”, дея “Асотирлар романи” номи билан китобга сўзбоши ёзиб берган эди. Яхши инсонлар шарофати туфайли яхши инсонлар билан танишар экансиз. Зеро, Абдулла аканинг тавсия­си билан мен яна кўплаб устозларнинг сабоқ ва дуоларини олишга муяссар бўлганман.

Жумақул ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг