АЛИФБОНИНГ ТАКОМИЛИ БИРЛАМЧИ МАСАЛА

68

Ҳукуматимизнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари, шунингдек, бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилинади.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”да, жумладан, лотин ёзувидаги ўзбек алифбосининг янги таҳрири асосида “Ўзбек тилининг имло қоидалари”ни тасдиқлаш бўйича қарор ло­йиҳасини ишлаб чиқиш, расмий веб-сайтларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтказилишини таъминлаш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномалари, иш қоғозлари, турли бланклар, мамлакатимиздаги жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши таъминланади, дея белгилаб қўйилган. Қувонарли жиҳати шундаки, қарор бандлари давлат тилининг нуфузи ва мавқеини оширишга тўсқинлик қиладиган қатор омилларга барҳам беришни кўзда тутади.
Қарор “Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 1995 йил 6 майдаги қонун ҳамда Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ­“Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги 1995 йил 24 августдаги қарорини такомиллаштириш вазифаларини тегишли ташкилотлар зиммасига юклайди.
Албатта, ёзув масаласи нафақат тил ва нутқнинг ўқиш мумкин бўлган шаклий ифода воситаси, балки давлат бошқарувида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган дастурдир. Ушбу дастур биз кўриб турган шаклга келгунча неча қайта ишлангани маълум. Ёзув дастури тегишли бўлмаган бирор соҳа йўқ.

Жамият бошқаруви ва ривожида ёзув­нинг аҳамиятини ҳеч бир мезон билан ўлчаб бўлмайди. Иш дастури қанча мукаммал бўлса, унда ишлаш шунча осон бўлади. Дастур жамият аъзоларининг қанчасига маълум ва ишлатишга қулай бўлса, жамият такомили шунчалик тезлашади. Ёзув келажак авлоднинг билими, тафаккури, миллатнинг тийнати, маънавиятига ўта жиддий таъсир кўрсатади. Алифбонинг такомили, қулайлиги, тилда мавжуд товушларни имкон қадар қамраб олиши, миллат ­тилининг барча хусусиятларига мос бўлиши олдида бошқа масалалар иккиламчидир.
Таъкидламоқчи бўлганимиз лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига нафақат тез ўтишимиз, балки ёзувни ҳеч иккиланмай ислоҳ қилиб, ёзиш учун қулай ҳолга келтиришимиз шарт.
Аввал ҳам таъкидланганидек, тил ва ёзувни технологияга эмас, технологияни она тили ва ёзувга мослаштириш – мантиқ талаби. Ўзини, она тилини ҳурмат қиладиган барча миллатлар шу тамо­йилга амал қилишади. Акс ҳолда лотин ёзувидан фойдаланадиган дунёдаги кўп сонли миллатлар ўз алифболарига турли қўшимча белгили ҳарфларни киритмаган бўларди. Алифбо такомили зарур экан, уни, албатта, амалга ошириш керак. Бугун ёшларнинг икки белгили ҳарфлар ўрнига бошқа белгилар ёзиб, қулай йўлдан фойдаланаман деб имло хатоларига йўл қўяётгани ҳеч кимга сир эмас. Ахир, ҳар бир ёшнинг илмию имлоси ўзимизникидир.
Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига ўтишдан аввал унинг ноқулайлик­лари бартараф этилса, биз жуда катта самараларга эришамиз. Ш ва Ч ҳарфларининг ҳарфий бирикмалар билан эмас, Ç, Ş шаклидаги белгилар билан берилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бу белгилар айримлар мулоҳаза қилганидек, ҳеч ҳам “туркча белгилар” эмас. Улар бизнинг миллатпарвар, маърифатпарвар жадидларимиз юз йил олдин туркий алифбога киритган белгилардир. Буни билиш учун туркий халқларнинг ёзув тарихи билан яқиндан танишиш лозим бўлади. Маълумки, собиқ шўро иттифоқи таркибидаги туркий халқларнинг Яналиф деб номланган лотин алифбосига ўтиши масаласи ҳақидаги жиддий қарори 1926 йилда Боку шаҳрида бўлиб ўтган туркий тилли миллатлар тилшуносларининг 1-съездида маъқулланган эди. Ўша алифбодаги белгиларнинг айримларини бугунги экспертларимиз ёзувимиз учун таклиф этмоқдалар. Марказий Осиё халқлари орасида биринчилардан бўлиб лотин алифбосининг қулайлиги, дунё билан бўйлашиш учун зарурлигини англаган зиёлиларимиз саъй-ҳаракати билан 1929 йилда Туркистон ўлкаси учун янги миллий алифбо қабул қилинганди. Юқоридаги икки белги ана шу алифбо таркибидан олинган.
Алифбо муаммосини кундалик амалиётда ўзбекча матнларни лотин ёзувида қоғозга туширадиган ёки компьютерда терадиган кишигина ҳис қила олади. Ислоҳ қилиниши таклиф этилаётган яна иккита ҳарф (O‘ ва G‘) туфайли ёзувлар хатога тўлиб кетди. Чунки уларни тўғри ёзиш мушкул (O‘ ва G‘ ҳарфлари ёнига қўйиладиган ‘ белгиси клавиатурадаги ALT+0145 тугмаларини босиш эвазига ёзилади). Бу муаммолар айнан стандарт инглиз тили клавиатурасидан фойдаланиб қўя қолиш истагидан юзага келган. Кўпчилик O‘ ва G‘ ҳарфларидаги белгилар билан тутуқ белгисини фарқлай олмай, бошқа белгилар қўйиб ёзади. Ҳатто яхши мазмундаги китобларни нашр этадиган айрим нашриётларда ҳам шу аҳвол.
Хуллас, бу ҳарфларни ҳам клавиатурада битта тугма билан чиқадиган шаклда ислоҳ этиш керак. Бу қулайлик ва имлонинг осонлашиши хатолар камайишига олиб келади. Қўлда ёзишда ҳам сўзларнинг иккига бўлиниши олди олинади, ҳуснихат дарси ўз мақсадига эришади. Ушбу ҳарфлар иштирокидаги сўзлар иккига бўлиниб қолиши кўплаб электрон дастурларни яратишда ноқулайлик келтириб чиқаради. Чунки компьютер тили бундай белгили сўзларни қабул қилмайди. Бу эса “нима бўпти” дейдиган вазият эмас. Таржималар соҳасида ҳам айтиб тугатиб бўлмайдиган, асабга тегадиган мушкулликлар келиб чиқади. Охири мутахассис лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосида такомиллашган дастурларни яратишдан қўлини ювиб қўлтиғига уради. Буни давлат тилида илова ва дастурлар, ­сайтлар яратаётган ёшлар жуда яхши ҳис қилмоқдалар ва жиддий ислоҳни кутмоқдалар.
Алифбо борасида маблағ иқтисоди ҳақида гапириш ўринли эмас. Биргина фактга тўхталамиз. Агар бизга муаммо туғдираётган, жуфт белгилардан таркиб топган O‘, G‘, Sh ва Ch ҳарфларини ислоҳ қилиб, уларнинг ўрнига яхлит ҳарфларни қабул қилсак, миллионлаб ададда чоп этилаётган китоб, қўлланма, дарслик, газета-журнал ва бошқа воситалардаги матнлар ҳам ҳажман қисқаради. Бу эса келажакда миллиардлаб маблағлар ва кўп вақтнинг тежалишига замин яратади.
Яна бир мулоҳазали масала шуки, алифбонинг кечикиши чала-чулпа ва кўп номутаносибликлар билан қабул қилинган имло қоидаларимизни тузатишни ҳам кечиктирмоқда. Бизда имло қоидалари ҳам, албатта, ислоҳ қилиниши лозим. Бу – кўплаб мутахассислар, тилшунос олимларнинг фикри.
Агар амалдаги алифбо қулай ва мукаммал бўлганида, кенг жамоатчиликнинг, жумладан, соҳа мутахассисларининг, илғор ва малакали, жонкуяр ўқитувчиларнинг, дунёга ўз она тилимда дастур, сайтлар таклиф этаман деб турган билимли, ёниқ юракли дас­турчиларнинг қатъий ва жиддий эътирозига сабаб бўлмасди.
“Алифбо ўзгарса, чоп этилган китоб­лар тақдири нима бўлади?” деб ташвишланишга ҳожат йўқ. Ёш авлод фаол. У ўз тилимиз ифодаси учун битилган бўлса, яна бир неча ёзувни ҳам бемалол ўзлаштира олади. Китоблар эса ўз ҳаётини яшаб бўлмагунча ўқилаверади, жавонларимиздан тушмайди. Дарслик­лар борасида ҳам узоқ ўйлашга ҳожат йўқ. Чунки биздаги тартибга кўра, дарс­лик ҳар уч йилда такомиллаштирилади ва қайта чоп этилади.
Марказий Осиёдаги энг йирик миллат эканмиз, мамлакат қудратини янада орттиришимиз, қўшни давлатлар биздан улги оладиган илм ва салоҳиятга эга бўлишимиз керак. Бу эса энг кичик хатоларни ўнглаш, камчиликларни битиришдан бошланади.
Хулоса шуки, биз ўз халқимизнинг саводхон бўлишини, ёзувимиз ўқиш ва ёзишга, энг муҳими, она тилимиз табиатига мос бўлишини истасак, амалдаги алифбони Ҳаракатлар режасида белгиланган муддатгача ислоҳ қилишимиз ҳамда барча соҳада жорий этишимиз шарт.

Маъмура ЗОҲИДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
бўлим бошлиғи

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг