ВАТАНГА БАХШИДА УМР

68

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги ­раҳбари Лолахон Муродова бугунги кунимизнинг қаҳрамонлари бўлган опа-сингилларимизнинг ёрқин намояндаси сифатида ўзининг ибратли фаолияти ва юксак инсоний фазилатлари билан кўпчиликнинг чуқур ҳурматини қозонган.
Оддий ўзбек аёллари орасидан етишиб чиққан заҳматкаш фермер Лолахон ­Муродова бугун том маънода мардлик ва матонат тимсолига айланган, у бутун умрини она заминга, деҳқончиликка бағишлаб, юксак натижаларга эришмоқда.
У раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги республикамиздаги энг илғор хўжаликлардан бири ҳисобланади.
Лолахон Муродова жамоатчилик ва хайр-саховат ишларига ҳам катта эътибор қаратиб, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларга мунтазам ­ёрдам кўрсатмоқда. Сўнгги пайтларда ўнлаб ёшларга уй-жой қуриб бериб, ­уларнинг ­никоҳ тўйларини ўтказишга бош-қош бўлди.
Бугунги кунда Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этмоқда.
Заҳматкаш фермер юртимиз тараққиёти йўлидаги улкан хизматлари учун ­“Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
Лолахон Муродова тимсолида олижаноб қалб соҳиби бўлган иродаси мустаҳкам, меҳнаткаш ва самимий ўзбек аёллари сиймосини ёшларимиз орасида ибрат намунаси сифатида кенг тарғиб қилиш ватанпарварлик тарбиясида яхши натижалар бериши мумкин.
Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова Лолахон Муродованинг ҳаёти ва ­фаолиятига бағишлаб “Ватанга бахшида умр” номли лиро-эпик қисса ёзди. Қуйида шу асардан парча газетхонлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

Дала маликаси

– Лола, қаердасиз?!
Салом-аликдан кейин берадиган саволимга Лола Муродованинг жавоби ҳамиша битта:
– Пайкалдаман.
– Пойтахтга, хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказиладиган байрам тантанасига кетяпмиз. Рўйхатнинг бошида экансиз, кутяпмиз сизни.
– Далани ташлаб кетолмайман. Қолаверса, эртанги ҳосилнинг тақдири чигит экиш сифатига боғлиқ, чигит экяпмиз, ўзим устида турмасам бўлмайди.
– Бир кунгинага эплаб туришар ахир. Кўпчилик сизга маҳтал кутиб турибди.
– Минг узр, сизлар яхши бориб келинглар, бир кунлик байрамни деб эртага ерга қараб қолмай.
Қачон, қайси тадбирга чақирсангиз унинг жавоби ҳамиша тайёр, битта: ДАЛАНИ ТАШЛАБ КЕТОЛМАЙМАН! Унга ғўзаларни яганалаш, ё чопиқ, ё ­чеканка, ё кўсак қурти, ё буғдой экиш баҳона бўлади.
Гоҳида жаҳлимиз чиққан пайтлари ҳам бўлади:
– Лола, айрим аёллар чақалоқларини ташлаб чет элга сайру саёҳатга, дам олишга кетишяпти! Бир кун, ярим кунга далангиз йиғлаб, донингиз тўкилиб ­кетмас.
У кўзлари кулганича бош чайқайди:
– Ҳозир пахтанинг тақдири ҳал бўляпти, бошқа нарса юрагимга сиғмайди. Менга қараманглар, бораверинглар-эй! – дейди.
Уни бирор марта бўлсин, фалон тадбирга отланиб, ойнага қараб ўзига оро берганини, ипакка бурканганини кўрмаганман. Ҳамиша эгнида гуллари офтобда униққан чит кўйлак, бошида кўнглидек оппоқ оддийгина рўмол, оёғида кирза этик, белида чит дурра. Ана шу содда, самимиятини, тоза кўнглини соғиниб қоламиз, даласидан ўзга дарди йўқ Лолахонни ўзимиз бориб йўқлаймиз, бизга унинг шийпонига олиб борадиган йўлларнинг гулу гиёҳигача ёд бўлиб кетган.
Хушхабарнинг қанотлари учқур бўлади. Муҳтарам Президентимизнинг пахтачилик заршуноси, дала академиги Лола Муродовага “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини бериш тўғрисидаги хабарни эшитдиму қувончим ичимга сиғмади, ҳаммага суюнчиладим. Кейин дарҳол сим қоқдим. Телефон гўшагидан Лоланинг ҳорғин овози эшитилди. Сўзимни одатий саволдан бошладим:
– Қаердасиз, Лола?!
– Айрим пайкалларга қора шира оралабди. Шунга диққатим ошиб, ернинг ичида ўзимга келолмай турибман.
– Қоқ пешинда, куннинг шу иссиғида-я?!
– Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Саратон офтобидан, қаҳратоннинг қаҳридан қўрққан одам фермер бўлмагани маъқул. Энди кўсак қурти, қандала балосидан қутилиб, кўнглим хотиржам тортувди. Қора шира пахтанинг балойи офати, ҳосилнинг сифатига ёмон таъсир қилади, тезда чорасини кўрмасам ­бўлмайди.
– Лолахон, уватга ўтиринг-да, бир яхшилаб йиғлаб олинг!
– Тинчликми, ишқилиб?! – у бетоқатланди.
– Тинчлик, тинчлик!!! Бугун сиз учун энг бахтли кун. Заҳматли меҳнатингиз юксак баҳоланди. Муҳтарам Президентимиз сизга ­“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини берибдилар. Табриклайман, ўртоқжон!
Лоланинг овози сувга синггандек йўқ бўлиб ­кетди.
– Лола! Лолахон! – телефон гўшагига ёпишаман хавотирга тушиб.
Ҳамиша гапи бутун, овози ўктам Лола шу лаҳзада гап тополмай сукутга чўмдими?! Бу хушхабардан ўзини йўқотдими? Ҳаяжон бўғзига кўз ёш бўлиб тиқилдими? Назаримда, у сўзсиз йиғларди. Буни кўрмасам-да, унинг матонатли, қуёшдан қорайган чеҳраси, кўзларидан сизаётган қувонч ёшлари шундоқ кўз ўнгимдан ўтди.
Анча вақтдан кейин унинг овози хирқираб, хирқираб узилиб чиқди:
– Мени ардоқлаган халқимга, Президентимга мингдан минг раҳмат!
Энди Лоланинг овозида бояги ҳорғинлик йўқ, фақат кучли ҳаяжон сезиларди.
Шу куни Лоланинг қоқ чўл ўртасидаги шийпонига одамлар оқиб келди. Унинг қучоғи даста-даста гулга тўлди. Гулларнинг маликаси Лолага ҳамма гуллар таъзим қилиб, гўё этагини, қўлларини ўпарди.

ЛОЛАНИНГ МАМЛАКАТИ

Олтиариқда бир кент,
Жаннатмакон бор,
Беҳишт бўстон бордир,
Мўъжаз қўрғон бор.
Чўл қоқ ўртасида
Гўё тиллакор –
Юраклар интилган
Битта шийпон бор.

Бунда ошиқлардай
Гул отади тонг,
Устига булутлар
Тўшайди парқу.
Меҳмон кутар райҳон
Анқиган айвон,
Салқин саҳарларнинг
Киради суқи.

Қувониб, ҳовлиқиб
Йўл бошлар тутлар,
Офтобнинг кулгичи
Ўйнар теракда.
Кумушдай товланган
Оққуш булутлар
Шу шийпон тоқини
Талашар кўкда.

Устунлари иймон
Ила меҳрдан,
Бу шийпон ҳалоллик,
Шон бекатидир.
Ватан деб, эъзозлаб
Бошга кўтарган –
Лоланинг муқаддас
Мамлакатидир.

Бунга чиннигуллар
Чопиб келади,
Атиргул қучоғин
Очиб келади.
Ифорин таратиб,
Бўйин таратиб,
Райҳонлар ҳидини
Сочиб келади.

Кўпни кўрган вазмин,
Мағрур чинорлар
Ҳамду сано айтиб
Ёруғ осмонга.
Сўнг бошин эгади
Шу эл, деб бедор
Аёл макон тутган
Ёлғиз шийпонга.

Чунки бунда ерга
Умидлар эккан,
Саодат ундирган
Бир юрак яшар.
Шу эл иқболи-чун
Жонини тиккан
Ҳазрат аёл бордир –
Жонини тўшар.

Томири асрлар
Қаърига кетган
Илдизлардан сизиб
Келади шабнам.
Гулбарглар шивирлар
Юрт деб, дард чеккан
Шу аёлни асра,
Паноҳ бўл, Эгам.

Қумнинг барханлари
Элаб, ўксиниб,
Не ситам ўтмади
Ахир бошидан.
Қайғу қучоқлайди
Тунлар кўксини,
Бу аёлнинг дарди
Қари ёшидан.

Оппоқ дуррасида
Оқарар тонглар,
Меҳрининг чўғидан
Чиқади қуёш.
У маҳзун кунлардан
Ўтмасди омон,
Тоғлардан метиндир
Ундаги бардош.

Ватани шу шийпон,
Ори шу шийпон,
Тушига кирмаган
Ўлан тўшаги.
Хиёнатлар қилмас
Ёри шу шийпон,
Умрини гуллатган
Узун эртаги.

Тўзғин сочларидан
Ўпади шамол,
Бошларига болиш
Бўлар уватлар.
Кибор дунё, сенга
Қувончми, малол,
Қумларнинг устида
Гуллаган бахтлар.

Олтин буғдойзорлар
Интиқ, энтикиб,
Кафтларига тўкар
Бошоқларини.
Хокисор бармоқлар
Гардини ўпиб,
Олгиси келади
Қадоқларини.

Қумлар тўзонида,
Туз тўзонида
Сочлари оқариб кетган
Бу шийпон.
Зулм ситамлари
Ўтган жонидан,
Йилларнинг фарёди
Тўкилар шифтдан.

Озғин гўдакларнинг
Ингроғи бордир
Беланчаклар осган
Устунларида.
Бу шийпон барига
Тирик гувоҳдир,
Бўронлар заҳми бор
Сукунларида.

* * *
Мўъжазгина шийпонда
Ҳаёт қайнайди бетин.
Ким сабзи тўғрар ошга,
Кимдир келтирар ўтин.
Лолани сўроқлайди
Тумандан келган раҳбар.
– Ҳув пайкалдан топасиз,
Чиқиб кетган тонг саҳар.
Ошпаз чол жиғи бийрон,
Одамларга ҳайрон-да.
Терим пайтида Лола
Ўтирарми шийпонда.
Сув қидириб кетади
Қоқ ярим кечасида.
Белини маҳкам боғлаб,
Кетмони елкасида.
Сарсон, адашган сувни
Эгатга буриб келар.
Сув каби минг бир жони
Тупроққа эриб келар.
Ҳеч гап уқмас бу аёл
Билмам қулоғи оғир.
Ўтиб кетар жонидан
Кузнинг аёзи ахир.
Ҳар кун саҳар мардонлаб
Пайкаллар оралайди.
Дейсиз ҳар туп ғўзанинг
Шохидан мўралайди.
Шунча кучу ғайратни
Қайдан олар бу аёл?!
Бу фидолик, жонкашлик
Яратгандан эҳтимол?!.

КЎЧАР ҚУМЛАР ОРАСИДА

Бўлимдаги яккаю ягона шийпон олдидаги тол тагида уни Юрсин тоға кутиб олди. Бир пиёла чой узатгач, ачиниб унга қаради:
– Бекор рози бўлибсан-да, қизим. Қанчадан-қанча манаман, деб кўксига урган эркаклар ҳам эплолмади бу ерларни, ташлаб кетишди. Сен ўн саккизинчи бригадир бўлиб келдинг. Сендек тажрибасиз қиз боланинг қўлидан нимаям келарди. Ёш жонингга жабр қилибсан-да. Ишончим комил, уч ойда сен ҳам кетасан.
Бу даккидан Лоланинг юраги оғриди, лекин дарров ўзини қўлга олди:
– Қочиб кетгунча сочиб кет, дейишган. Ҳаммаси Худодан. Пешонамда борини кўрарман.
– Қани юр, бўлмаса, сенга бригада ерларини кўрсатай.
Лола индамай тоғанинг ортидан йўлга тушди.
Қум барханлари орасидаги паст-баланд ерларни худди ўйингоҳдагидек чим қоплаган. Олдиларини кесиб потманчиқ, эчкиэмарлар ўқдек учиб ўтади. Оёғи тиззасигача қумга ботиб бораркан қаровсиз, ташландиқ аҳволга келган ерни кўриб, юраги орқага тортди. Қиёқ, қамиш босган, тўқайга ўхшаб кетган бу сувсиз ерларда деҳқончилик қилишга унча-мунча деҳқоннинг юраги бетламайди.
Унинг оёғидан мадор кетгандек туюлди. Худо қарғаган бу ерларга нега келдинг, Лола?! Бу қиёқларнинг илдизи шундай чуқур кетганки, унинг томирини суғуриб олгунингча у сенинг жонингни суғуриб олади.
Йўл-йўлакай нималарнидир сўзлаб кетаётган тоғанинг гаплари ҳам қулоғига кирмай қолди. Айрим карталарда тракторларнинг ишлаётганига кўзи тушди. Бир жойда трактор ғўзапоя қирқяпти. Бир жойда чим ерни плугда номигагина, ярим қарич ағдариб кетяпти. Шийпондек-шийпондек келадиган қум барханларининг гўё сўнгги йўқдек… Бригаданинг охирги ерларига етганда тоға уни ўз ҳолига қўйди. Лола ўтирган ерида ўтирганча қолди. Бошини чангаллади.
Эҳ Лола, нима қилиб қўйдинг! Улар сени синамоқчи эмас, йўқотмоқчи бўлиб, сендан қутилмоқчи бўлиб бу ерларга юборишган. Энди қум барханларига қўшилиб шамолда ўзинг ҳам оқиб кетасан.
У тун бўйи кўз юммади. Тонггача ўзи билан ўзи олишиб чиқди.
Саҳармардонда сўнгги қарорга келди.
Нима бўпти, бундан ҳам оғир кунлар бошидан ўтган. Қани ким енгиб чиқаркин?! Кўчар қумларми, ё Лола? Ҳали нималарга қодирлигини кўрсатиб қўяди. Бунга бардоши етади.
У ишни ҳар бир бригадага деҳқончиликнинг сир-асрорини биладиган омилкор деҳқонларни саркорликка қўйишдан бошлади. Энг асосийси, терак бўйи келадиган қум барханларини суриб, карталар очиш, ерни текислашдан иборат. Қум барханлари суриб борилиб, ўпқонининг ҳайбатидан одамнинг юраги орқасига тортадиган Энажарга оқизилди. Техникаларнинг устида ўзи турмаса бўлмайди, қўл учида, юзаки қилинган иш эртага ҳаммасини чиппакка чиқариши мумкин. Улкан барханларни ютаётган Энажар кўзига аждаҳога ўхшаб кўринди. Бир ёқда унга ишониб, ортидан эргашиб келган, қумлар орасида кўзи қисилиб, юзлари қорайиб, чатнаб кетган одамларнинг олдида ўзини гуноҳкор сезди.
Бригада аъзоларига ҳали шийпон қурилмаган. Одамлар палаткаларда жон сақлашарди. Барханлар ичидан тўсатдан худди аждарҳога ўхшаб қуюн буралиб чиқиб келадию бир зумда палаткаларни теп-текис қилиб кетади. Одамларнинг оғзи, қулоғигача қумга тўлади. Ҳар бир бригадада 40-50 дан ортиқ оналар гўдаклари билан ишга чиқишган. Уларнинг аҳволига қараб Лоланинг юраги зирқирайди. У бир ойдаёқ озиб-тўзиб, юзлари қорайиб кетди.

Ривоятга ўхшар ўйласа умри
Чўллар қуюнида кечган кунлари.
Қанча орзулари кетган соврилиб,
Босиб қолган каби қум барханлари.

Шу қумлар бағрига экди пахта, дон,
Умидларин экди эрта баҳорда.
Кўзига қум тўлиб, сирқиради жон,
Юрагин дўл урди оппоқ саҳарда.

Жон билан олган у ҳар бир пайкални,
Юз, минг йил йўл босиб, унмасдан йўли.
Қор босган пайкалда қолган оқ гулдай –
Сочлари оқ байроқ қилган ғамларни.

Қумлар бўронини ўпқондек ютган,
Бағрида оқизган улкан Энажар.
Бунда унган ҳар бир чинору тутлар –
Чўлларнинг кўксига санчилган ханжар.

Увиллаб, ўкириб бош олиб кетди
Асрларни асир этган қўрқувлар.
Кетди барханларнинг фарёди ичра
Бу элнинг бағрини эзган қайғулар.

Қаро кўзларида кўнгулнинг қатли
Соҳир сукунатни тўкиб юборар.
Сўнгагини ёриб чиққан саволлар
Туннинг фароғатин сўкиб юборар.

Бу шаън дунёсида умри ўтар тоқ,
Умрини тикди-ку азизлари деб.
Ахир, роҳатидан бўлди азизроқ –
Шу дашту чўлларга бермоқ файзу зеб.

Кимгадир ғалати туюлар, балки
Кимсасиз чўлларга ёққани чироқ.
Шу эл қайғусида пайкаллар каби
Сочлари бўлгани мисли оқ байроқ.

Ғалати туюлар кимгадир, балки
Кетмони кафтида, тонглар отарди.
Оппоқ парқуларда ухлайди қотиб,
Кимлар ёруғ тушлар кўриб ётарди.

Тунлар эгатларга сув пойлаб уни
Сувдай оққанини билмаслар, бехоб.
Уватлар бошига ёстиқ бўлгани,
Тушларига кирмас уларнинг бу тоб.

Энахон СИДДИҚОВА,
Ўзбекистон халқ шоири,
сенатор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг