ЮТУҚ, КАМЧИЛИК ВА МУАММОЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

61

Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси театр ва кинодраматургия кенгашининг 2020 йил якунлари бўйича йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур кенгаш Маданият вазирлиги, Театр арбоблари уюшмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда иш юритиб, театр ва кино соҳасини ривожлантиришда ўзига хос ҳисса қўшиб келмоқда. Айниқса, бу санъатларнинг асоси бўлган драматургия масаласи бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири бўлиб, кенгаш аъзолари  биргаликда ёзилган драматик асарларни бадиий-ғоявий жиҳатдан баҳолаш, талабга жавоб берадиган саҳна асарларини театр ва кино ижодкорларига тавсия этиш, ёш ижодкорларни соҳага жалб қилиш каби вазифалар самарадорлиги учун интилмоқда. Кенгаш аъзолари мураккаб пандемия шароитида театрлар билан ҳамкорликда ишлаб, замон руҳига мос қатор спектаклларнинг саҳна юзини кўришида, уларнинг муҳокамаларида иштирок этди.

Ўтган 2020 йилда кенгаш аъзолари сафи кенгайиб, 3 нафар ёш драматург Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.

   Кенгаш  фаолиятининг шу каби натижалари сарҳисоби театр, бадиий кино, ҳужжатли кино ва сериал драматургияси каби тўрт йўналишда муҳокама қилинди. Ҳисобот йиғилишида дастлаб Ёзувчилар уюшмасининг театр ва кинодраматургия кенгаши раиси Шуҳрат ­Ризаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ­биринчи ўринбосари ­Нодир Жонузоқ сўзга чиқди.

Кенгаш йиғилишида “2020 йилда театрлар фаолияти ва драматургия масаласи” мавзусида  ЎзФА Санъатшунослик институти директор ўринбосари, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Дилфуза Раҳматуллаева, “Бадиий кино: сценарийлар ва уларнинг фильм талқинлари” мавзуси бўйича Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Кино, телевидение ва радио санъати” кафедраси ўқитувчиси Сардор Маҳмудов, “Ўзбекистонда сериал индустрияси: жараён, муаммо ва ечимлар”  мавзуси бўйича санъатшунослик фанлари номзоди, киношунос Ойбек Вейсал ўғли маъруза қилди.

Мавзулар юзасидан бўлиб ўтган муҳокама ва мунозараларда театр ва кинодраматургия соҳасидаги ютуқлар билан биргаликда камчилик ва муаммолар ҳақида ҳам батафсил таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида чоп қилинган “Ўзбек драматургияси уфқлари” номли пьесалар тўпламининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур китобда сўнгги олти-етти йил орасида ёзилган турли жанрдаги ўн олтита драматик асар жамланган. Тўпламга таниқли драматурглар Шароф Бошбеков, Эркин Аъзам, ­Ҳайитмат Расул,  Нафас Шодмонов, Нурилло Аббосхон, Абдуқаюм Йўлдошев, Қўчқор Норқобил, Иброҳим Содиқов, Иномжон Турсунов ҳамда Эркин Норсафар каби муаллифлар қаторида Мафтуна Муҳаммадаминова, Ҳуснора Рўзматова, Сардор Ҳамроев, Жавлон Жовлиев, Обиджон Рўзибоев, Ҳуснилло Жомонқулов, Бобур Ҳамроев каби соҳага кириб келаётган ёшларнинг ижод намуналари киритилди.

– Мазкур пьесаларни сўнгги ўн йилликда ёзилган юзлаб бошқа драматик асарлар орасида бадиий ғоявий жиҳатдан ажралиб турадиган сара асарлар дейиш мумкин, – деди Театр ва кинодраматургия кенгаши раиси Шуҳрат Ризаев. – Бу пьесалар тарих ва замондошларимиз ҳаётини ҳаққоний ёритгани, қалби, дунёқарашига таъсир этиб, қайсидир маънода маънавий эҳтиёжларини қондира олгани, айни керакли фикрларни айта олгани билан қимматли. Китобга киритилган пьесаларнинг аксарияти мамлакатимиз театрларида саҳналаштирилган.

Йиғилиш якунида кўрилган масалалар юзасидан ­тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Шоди ОТАМУРОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бош мутахассиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг