ДУНЁДА МУСТАҲКАМ ТУРМОҚ ВА ДАДИЛ ЮРМОҚ УЧУН

102

Яқинда  Президентимиз раислигида ўтган, маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган  видеоселектор йиғилишида  маънавият масаласига миллий хавфсизлигимиз, бугунги кунимизнинг кечиктириб бўлмайдиган ҳаёт-мамот масаласи сифатида баҳо берилди.  Маънавият борасидаги  мазкур  батафсил  танқидий таҳлил ҳар бир зиёлини чуқур ўйга толдирди, виждонини қийнади. Йиғилишда  миллатни миллий тикланишдан миллий юксалишга олиб чиқадиган, зиёлиларни бир мақсад йўлида бирлаштирадиган тарихий вазифалар  белгилаб берилди.

Айрим давлатларнинг тутган йўли демократия ниқоби остида ёшлар онгини заҳарлаш, тўғри йўлдан тойдириш, жаҳолат, бузғунчилик сиёсатининг устамонлик билан олиб борилаётгани, беҳаёлик, вахшийлик, худосизликни тарғиб қилиш – ёшлар онгига ҳукмрон бўлиш сиёсати эканлиги туб илдизлари билан очиб ташланди.

“Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деди давлатимиз раҳбари йиғилишда. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асос­ланган кучли маънавият”.

Президентимиз бугунги вазиятга баҳо бериш асносида  камбағалликни қисқартиряпмиз, лекин маънавий қашшоқлик, фикр қарамлигини қандай қисқартирамиз, деган кескин саволни қўйди. Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда ёшлар ўртасида Ғарбга тақлид қилиб маънавий қадриятларимизни эскилик сарқити деб қараш тобора ортиб бораётгани ғоят ташвишланарлидир.

Шу ўринда биргина мисолни келтириб ўтмоқчиман. Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича,  Буюк Британияда болаларнинг 44 фоизи оила қурилмасдан дунёга келмоқда, тахминан, шунча миқдорда эр-хотинлар  ажралиб кетмоқда.  Бугунги кунда қатор давлатларда бир жинслиларнинг никоҳланиши қонун доирасида мустаҳкамланмоқда. Ҳозирги кунда жамиятимиздаги оғриқли нуқталардан бири динимиз, миллатимиз шаънига  тўғри келмайдиган бу каби оммавий маданиятнинг  кириб келиши кузатилмоқда. Энг ачинарлиси шундаки, бу маданиятга эргашувчилар, унга кўр-кўрона тақлид қилувчилар ҳам топилмоқда. Бу ҳолат аксарият ёшларда, баъзи ҳолларда ўрта ёшлилар вакилларида ҳам намоён бўлмоқда. Оилавий ажралишлар, ёлғиз оналар, қотиллик жиноятларининг ортиб бориши ҳар қандай миллат учун фожеадир. Бу миллий ўзликни, миллатнинг шарафини, қадру қимматини тўлиқ англаб етилмаганидан, деб ўйлаймиз.

Президентимиз йиғилишда бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришга жиддий ­эъти­бор қаратдилар. Маънавий-маърифий ишларга дахлдор ташкилотлар ҳар бири алоҳида, ўз ҳолича иш олиб бораётгани боис, бу соҳада натижа  кўринмаяпти.

Келгусида бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун Респуб­лика Маънавият ва маърифат маркази ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини кучайтириш, фаолиятини илмий-тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишларида қайта ташкил қилиш, ҳудудий марказларда намунавий ло­йиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Юртбошимиз ташаббуси билан китобхонлик маданиятини кучайтириш, ёшлар ўртасида миллий адабиётимизни тарғибот қилиш учун мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабда  ижодий ва маънавий ишлар бўйича тарғиботчи лавозими таъсис этилгани биз ижодкор  зиёлилар зиммасига  янада  катта масъулият юклайди.

“Бугун айрим телеканалларимизда намойиш этилаётган кўрсатувлар, кўнгилочар дастур ва сериалларнинг маънавий-ахлоқий савияси одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти. Уларнинг аксарияти ёшларимизнинг маънавиятини юксалтириш ўрнига, тарбиясини бузиш, оилавий қадриятларимиз ва ахлоқий қарашларимизни издан чиқаришга сабаб бўлмоқда. Бу – аччиқ ҳақиқат. Телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар қаёққа қараяпти? Улар қайси мезонлар асосида иш кўряпти? Керак бўлса, бу борадаги мавжуд қонунчиликни ҳам такомиллаштириш керак”, – деди давлатимиз раҳбари.

Айтишим керакки, маънавият соҳасидаги бу  камчиликлар, оммавий маданиятнинг аста-секин сарҳадларимизга  кириб келаётгани жонкуяр ижодкорларимиз, журналистларимизни анчадан буён безовта  қилиб келаётган эди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари  орқали чиқишлар ҳам бўлганига қарамай, соҳага масъул айрим мутасаддилар бунга бепарво муносабатда эдилар. ­Президентимиз куйиниб айтган билимсизлик, “ухлаб ётиш”, лоқайдлик касалликларидан, энг аввало, улар суяб, қадрлаб турган миллат зиёлилари халос бўлишлари зарур, деб ўйлайман. Гапимни  маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳикматли сўзлари билан  мухтасар қилгим келди: “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замон илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”.

Энахон СИДДИҚОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари,
Ўзбекистон халқ шоири,
Сенатор.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг