Икром ОТАМУРОД
…Қалб вуслатида ўтди,
Тааммул тобин тутди – Ул зот.
Меҳрнинг туфроғидир,
Мурувват булоғидир – Ул зот.
Ҳайрат водийсин тайри,
Фикрат боғин пир-дайри – Ул зот.
Иршод лавҳига зуҳр,
Жон сувратига муҳр – Ул зот.
Дард маскунин асрори,
Субутнинг собит ори – Ул зот.
Тажарруднинг туғидир,
Сабрнинг қоқ чўғидир – Ул зот.
Иноят тақдир тарий,
Сафо этган Муштарий – Ул зот.
Иймоннинг соф манзили,
Сўзидурким, ишқ тили – Ул зот.
Руҳни руҳ айлаган ҳур,
Ўзи – руҳдан сизган нур – Ул зот.
Ул зот – Навоий…