АГАР ВАТАН ОНА БЎЛСА…

233

Баҳодир БАҲРОМ

ИЗҲОРИ ДИЛ

Руҳим каби жимирлайди тиниқ сувлар,
Юрагимдай айқиради дайролари.
Тоғу тошда парвоз этиб елни қувлар,
Қизларимдай маъсумгина жайронлари.
Тоғлар кечиб, тоғ бағрида тоғдай юрдим,
Мунисларим кўзларида сени кўрдим.

Қир-адирга макон асли Палангдара,
Баҳорлар маст қучиб яшил елканини.
Варрак тутиб чопар эдик қирга қараб,
Кўрай дея турналарнинг келганини.
Қирдан боқсам кўринарди гўзал бир жой
Ва унда қад ростлаган бир баланд сарой.

Олисларга боқар эди Темур бўлиб,
Асрларнинг ҳайратига бағри тўлиб,
Қалдирғочлар келар эди ўша ёқдан,
Қўшиқ айтиб, алёр айтиб, ўйнаб-кулиб.
Бу наволар дилга сингди ўқтин-ўқтин,
Қалдирғочлар баётида сени уқдим.

Қўл ушлашиб чопар эдим шамол билан,
Улғайдим мен фақат эзгу хаёл билан.
Тақдир йўлим бурди бир кун пойтахт томон,
Дуо қолди меҳрибон бир аёл билан.
Тушларимда онам билан сирлашаман,
Мен руҳ бўлиб вужудинг-ла бирлашаман.

Қора нондай ширин эди қаро кунлар,
Нону ош деб ота бағри яро кунлар,
Битта нонга икки китоб қўшиб келган,
Ўйга малҳам, орзуларга оро кунлар.
Падаримнинг хам бўлмасин азиз боши,
Юрагида порлаб турсин эл қуёши.

Ёлғизланиб қолгани йўқ, ҳув, Оқсарой,
Ҳар қадамда бунёд тилла равоқ сарой.
Келажакка одимлайди қўл ушлашиб,
Неча йилки, бизга ҳамроҳ қуёшу ой.
Юлдузлар ҳам рақсга тушар айтсам ўлан,
Мен бағрингда тенглашаман само билан.

ВАТАН

Англангиз-эй, тирикликнинг маъволари,
Ватан бўлса, жон киргудай қайғуларим!
Теранлашар муҳаббатнинг даъволари,
Келаверар қайта-қайта суйгуларим.
Ахир, севмай бўладими шу Ватанни!

Сиру Аму бўйларида алла айтган,
Шу ноладан уйғонгандир кекса замин.
Кўз қароғим – болам, деган қадим байтдан,
Туркийларим англагандир ҳаёт таъмин.
Ахир, севмай бўладими шу Ватанни!

Агар Ватан она бўлса, бу онанинг
Бахтиёрдир бағрида гул-лолалари.
Минг йилларким, гарди қутлуғ сайёранинг
Тизгинини тутиб турар болалари.
Ахир, севмай бўладими шу Ватанни!

Айтсам, дунё туркий деган саҳифадир,
Илму урфон истар мудом, нозик таъби.
Минг-минг фарзанд улуғларнинг сафидадир,
Худди ипга чизилган бир маржон каби.
Ахир, севмай бўладими шу Ватанни!

Бахт дегани йўлда, ўнгу сўллардадир,
Манзил йироқ, иродангни тобла, ўғлон.
Онанг ёди, билки, мудом диллардадир,
Сени Ўзи қўллар, қўллар буюк Турон!
Онанг ҳаққи ардоқлагин шу Ватанни!

* * *
Нима қилай, сизни соғинсам,
Васлингизни ўйлаб бўлсам маст.
Чирмовуқдай чирмашади ғам,
Йўллар тўймас бизга қилиб қасд.
Қуш уйқусин мен кўп кўрганман,
Кўрмаганман гул кулгусини.
Юрагимга экиб қўйганман
Бу ҳаётнинг гул туйғусини.
Кузатганман минорлар тоқин,
Арклар кезиб, бўлиб девона.
Бағрингиздай хотиржам, сокин,
Беминнат жой топмадим яна.
Сиздан кетдим бошимни олиб,
Бошим уриб сизга қайтдим мен.
Келаверди бу йиллар ғолиб,
Мағлуб руҳим ололмади тин.
Кирмагандир бу оғир қайғу
Етти ухлаб тушларингизга.
Юргим келар эркалаб, оҳу,
Ёнингизда, ҳушларингизда.
Аммо… шундай бўлса қанийди,
О, “қанийди” шу сўз душманим.
Ёш бўлдиму ойдин кечалар,
Кафтингизга учиб тушмадим.
Э, бор-е, деб қўлимни силтаб,
Кетгим келар дунёларидан.
Бу ҳаётнинг жилолари кўп,
Сиз гўзалсиз лекин баридан.
Шу боисми, сизни соғиниб,
Дийдорингиз ўйлайман кун-тун.
Ахир, сиз-ку битта қобирғам,
Сизсиз қандай бутунман, бутун?

* * *
Гўзалликнинг чегараси йўқлигини
Сенга термулиб ҳис этганман:
Қалбинг кўзингга кўчган,
Кўзларинг қалбингга –
Тонг каби нурли, тонг каби мунаввар!

Келаётган қадам товушларинг эмас,
Келаётган армон,
Келаётган ҳижрон чашмасида ювилган –
Умид!

Мен эса йўлларга термулиб
Бахтни кутаман.
Бахт табассум, бахт меҳр
тўла табассум!

Сендан эса дарак йўқ!
Сенсизликда юрагим шоир бўлди,
Сенсизликда юрагим ҳофиз бўлди:
«Садоқат – дунёнинг энг маъсум қизи,
Ийманиб туради табассуми ҳам»!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг