САҲНА УЧУН ТУҒИЛГАН

211

Зикир МУҲАММАДЖОНОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони

Ўзбекистон халқ артисти Мария Александровна Кузнецовани “Маруся опа” деб атардик. Гарчи умрлари қисқа бўлса ҳам, у кишининг ижоди театр маданияти солномасида унутилмас ва ёрқин саҳифа бўлиб қолди. Яна шуниси муҳимки, гарчи у саҳна санъатидан махсус таълимга эга бўлмаса-да, ҳақиқий санъаткор эди. Бу санъаткор шундай бахтли эдики, Ҳамза билан бирга саҳнага чиқиб, “Бой ила хизматчи” спектаклида Ҳамза Ғофиру у Жамилани ижро этган. Кейинчалик Маруся опа Станиславский, Немирович-Данченко назариялари билан танишгач, ўз устози ҳақида шундай деган эди: «Ҳамзанинг буюк новатор режиссёр К.С.Станиславский таълимотидан хабардорлигини билмайману, аммо унинг кўрсатмалари айнан шу системанинг ўзи эди”.

У даврларда аёл кишининг саҳнага чиқиши амримаҳол эди. Турсуной, Нурхонлар фожеасини халқимиз ҳали-ҳали унутмайди. Театр тарихидан шу нарса маълумки, давр тақозоси билан аёллар образларини эркак артистлар бажаришга мажбур бўлишган. Лекин эркаклар ролини аёллар ижро этган кунлар (Иккинчи жаҳон уруши йиллари) ҳам бўлган. Шунда Маруся опанинг ташаббуси билан аёллар эркаклар кийимида саҳнага чиқишган. Ўша йиллари агитбригада тузилиб, спектакллар олдидан ҳарбий кийимда хор куйлар, шеърлар ўқиларди. М.Кузнецова ҳарбий комиссарликларга бориб, фронтга кетаётганларга ватанпарварлик руҳидаги шеърларни кўп ўқиган. Айниқса, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг шеърларини моҳирлик билан ўқиб, одамларни ҳаяжонга соларди.
Халқимиз кўпдан орзу қилган музикали комедия театри (ҳозирги Муқимий номидаги театр) ташкил топиб, унда “Майсаранинг иши” асари қўйилиши мўлжалланди. Майсара образига театримиздан Маруся опани тавсия қилдик. Бу таклиф бажонидил қабул қилинди. Ҳамза асарларидаги образларни қойилмақом яратишга одатланган актриса Майсара образини хушчақчақ, ўта ақлли, довюрак, одамларга яхшилик қилишга одатланган аёл сифатида яратди.
Актрисанинг мураккаб образ яратишига яна бир мисол. “Бой ила хизматчи”даги Ҳожи она образини кимлар яратмаган! Бу классик асар театр ташкил топгандан бери қайта-қайта тикланяпти, ҳамон қўйилиб келяпти. Лекин ҳар сафар ундаги образларга кўз ташлар экансан, кекса авлод талқинлари алоҳидалик касб этиб туради. Маруся Кузнецова яратган Ҳожи онани эсга оладиган бўлсак, у киши ўзи топган қўлидаги асони тутиб юриши биланоқ бой хонадонига ҳукмронлигини яққол кўрсатиб турарди. Заҳархандалик билан “Ҳм…” деб сўз бошлашининг ўзи қонида “оқсуяклик” борлигини акс эттирарди. Бу образ, бир қараганда, “Момақалдироқ”даги Кабаниха образига ўхшаб кетади. Ҳар иккаласи ҳам “олий табақа вакиласи”, “қоронғилик салтанати ҳукмрони”. Аммо Кабаниха — рус. Ҳожи она эса ўзбек хонадонида ўсиб-улғайди. Бинобарин, муҳит, шароит, урф-одатлари бошқа-бошқа. Актриса шунга катта эътибор бериб, бир-бирига сира ўхшамайдиган икки миллатга мансуб золим қайноналар образини яратган.
Актриса ижро этган образлар сон-саноқсиз. Шу ўринда яна бир образ ҳақида фикр юритишни лозим деб биламан. Бу Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана”сидаги Холнисо образидир. Мен бу спектаклда Деҳқонбой образини ижро этардим. Бинобарин, ҳар сафар у кишининг образига мафтун бўлардим. Менинг раҳматли холам бўлардилар. У киши иш қилаётганларида кўйлакларини лозим липпасига қистирардилар. Ёки эркак билан кўришганда енгларини тушириб, гўё билакларини номаҳрамдан яширгандек бўлардилар. Маруся опа ҳаётни яхши билганидан Холнисо образини яратишда ўзбек аёлларидаги шу деталларгача эътибор берган эди.
Машҳур немис драматурги
Ф.Шиллернинг “Макр ва муҳаббат” асари театримизда кўп йиллар муваффақиятли қўйилган. Бунда актриса Миллер хонимни ижро этарди. Оила юмушидан бошқа нарсани билмайдиган, эрига садоқатли, муштипар аёл у. Спектакль давомида қизи Луизанинг ўлимидан кейин бу она узоқ яшолмай, ҳаётдан тез кўз юмса керак, деган хулосага келиш мумкин. Томошабинларда пайдо бўладиган бу хулоса актрисанинг моҳирлигидан далолат беради.
Мария Александровна эллигинчи йилларга келиб шундай ранго-ранг ролларни ўйнадики, уларнинг ҳар бири театр тарихида алоҳида ўрин тутади. Ўша йилларда деярли ҳар спектаклда қатнашарди, чарчашни билмай меҳнат қиларди, эртаю кеч театрда бўларди. У театр атрофидаги актёрлар уйида яшарди. Маруся опа вафотидан сўнг шу кўчага Кузнецова номи берилди. Цирк биноси қад кўтариши билан бу кўча йўқ бўлиб кетди.
Маруся опа турмуш қурмаган, бола-чақа кўрмаган эди. У кишига ўхшаганларнинг ҳаёт йўлига назар ташланса, оила қуришга вақти ҳам бўлмагандир, деб қўясан киши. Лекин у кишининг уйи доим меҳмонлар, қўшни болалар билан гавжум эди. Ажойиб шогирди Эркли Маликбоевасиз яшолмайдиган бўлиб қолганди. Улар доим бирга бўлишар, бозор-­ўчарни ҳам бирга қилишарди. Инсон кексайганда кимгадир суяниб қолади, дейишади. Эркли Маликбоевага ниҳоятда суяниб қолган эдилар.
Э.Маликбоева билан Маруся опа ҳақида суҳбатлашганимизда, “Ая турмуш қурмаганларидан шикоят қилмасдилар, аммо бола ўстирмаганларидан афсус чекардилар”, деганди.
Маруся Кузнецова тўсатдан тилдан айрилиб, ётиб қолди. Дарҳол Жуковский номидаги тез ёрдам касалхонасига ётқизилди. Икки кун ўзини билмай ётди. Ҳаммамиз хабар олиб турдик. Маруся опа ҳаммамизнинг онахонимиз эди. Бир кун илгари “Шоҳи сўзана”да мен – Деҳқонбой, у киши она ролини ижро этганди. Эртасига тонг отарда кўргани борсам, кечагина “Болам, Деҳқонбой” деб бағрига босган қўллар мажолсиз эди. Лекин юзида ҳамон ўша табассум. Оёқ томонларига аста ўтириб, юзларига боқдим. Олтинсимон сочлари оппоқ ёстиқ устида жилваланарди. Яйра Абдуллаева, Ирода Алиева, Эркли Маликбоева навбатчилик қилиб, тун бўйи ухлашмаган. Кўзлари қизариб кетган, айниқса, Эркли Маликбоева ўзини тутолмай йиғларди. “Аям энди ўринларидан турмайдилар, тушларини айтиб берганлар”, дерди. Бу туш нималигини кейинчалик ундан сўрадим. Маруся опа хаста бўлишидан бир кеча олдин туш кўрибди. Тушида қоронғи ўрага тушиб кетиб, қайта чиқолмаган эмиш. Шунда Маруся опа тушини айтиб, “Энди ўлсам керак”, деган экан. Баъзида шундай туш тасодифларини ўйлаб қоласан киши: уларда инсон руҳининг очилмаган сирлари яшириндай. Шундай қилиб, яна бир устоз Чиғатойга элтилди. Дафн маросимидан кўп ўтмай, нотариал идорадан вакил келиб, у кишининг буюмларини рўйхатга олди. Мен театрдан вакил бўлдим. Кийимларини театр музейига беришни сўрадик. Қонунга тўғри келмас экан, кимсасиз кишининг мол-мулки давлатга ўтиб кетаркан. Яхшиям, Эркли Маликбоева “Тувакдаги гуллар сўлиб қолмасин, парвариш қиламан”, деб сўраб олиб, уйига олиб чиқиб кетди. У гуллар ҳамон ўсиб-унмоқда.

(“Қалбдаги ўчмас излар” китобидан олинди)

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг