МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТ ВА АНЪАНАЛАР РУҲИДА

233

Яқинда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши йиғилишидаги давлатимиз раҳбарининг нутқи барча юртдошлар қатори таълим-тарбия соҳасида фаолият юритаётган устоз ва мураббийларни ҳам ғоятда тўлқинлантириб юборди.

Президентимиз маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, хусусан, ёшларни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш, бунинг учун мактабгача таълим ташкилотларига методик ёрдам кўрсатиш, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Ана шу кўрсатмалардан келиб чиққан ҳолда, Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида таълим олаётган ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ошириш, уларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, умуман, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан комил инсонлар бўлиб етишиши учун зарур ишларни амалга оширмоқдамиз.
Ижод мактаби ўқувчиларида миллий қадриятлар ва анъаналаримизга ҳурмат ҳиссини уйғотиш, уларни замонавий билим ва кўникмаларга эга қилиб тарбиялаш ҳам муҳим вазифамиз ҳисобланади.
Ўқувчиларимиз мумтоз ва замонавий ўзбек адабиётини пухта ўзлаштиришдан ташқари, жаҳон адабиётини ҳам изчил ўрганишмоқда. Бунда, айниқса, Шарқ мамлакатлари адабиёти ҳамда қардош халқлар адабиётини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, тилимиз, динимиз ва урф-одат ҳамда анъаналаримиз битта илдиздан озиқланади.
Куни кеча ижод мактабимизга Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр жаноблари ташриф буюрди. Меҳмонлар дастлаб ўқувчиларнинг таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув ва лаборатория хоналари ҳамда тўгараклар иш олиб борадиган хоналарни кириб кўрдилар. Шундан кейин меҳмонлар иштирокида “Дўстлик мадҳи” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Чинакам биродарлик ва қардошлик руҳида ўтган учрашувда улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг шоҳ байтлари билан бирга Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Маҳмуд Акиф Эрсўй каби турк адабиётининг атоқли намояндалари ижодларидан намуналар ўқилди. Ижодкор ёшлар томонидан икки тилда ўқилган шеър­лар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Муҳаммад ИСМОИЛ,
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг