ХАЗИНАГА ЙЎЛ

209

Абдулла ШЕР

Китобларни шартли равишда уч хилга бўлиш мумкин. Биринчиси, табиий-техникавий илмларга оид адабиётлар. Улар муайян касб ёки ихтисос эгалари – мутахассислар учун мўлжалланган, ақл ва тажриба маҳсули сифатида фойдаланиладиган китоблардан иборат бўлиб, одамзоднинг реал ҳаётида қўл келадиган, моддий ҳамда маиший эҳтиёжларини қондиришга қаратилган соҳаларга бағишланади. Бундай китоблар одамни ақлий мавжудот сифатида тарбиялайди, унга оқилона манфаат устуворлиги тамойили билан иш кўришни ўргатади.

Иккинчи хилдаги китоблар ҳам илмийлик хусусиятига эга бўлиб, улар инсонга моддийликдан баландроқ поғонада турган ҳолда маънавий-руҳий озуқа беради; маънавий пок­лаш воситасида у оладиган моддий фойданинг бир неча баробар ошишига ҳисоб-китоб­ларсиз, кўзга яққол ташланмайдиган тарзда таъсир кўрсатади. Шу сабабдан ҳам уларни биз «инсонийлик» фанларига доир адабиётлар деб атаймиз. Бундай китобларни тушуниш, моҳиятини англаб етиш, берадиган самарасидан фойдаланиш шу ўқувчи яшаётган жамиятдаги интеллектуал-фалсафий тарбияга, ундаги етук шахсларнинг кўп ёки озлигига боғлиқ бўлади.
Учинчи хилдаги китобларни биз бадиий асарлар деймиз. Уларда инсон ҳиссиётларига таъсир кўрсатиш хусусияти биринчи ўринга чиқади, ақл кузатувчи сифатида иш кўради, мақсаднинг ўзи эмас, мақсадга мувофиқлик устуворлик қилади. Бу хилдаги китоблар кўпчиликни қамраб олиши билан ажралиб туради. Уларни саводи чиққан ҳамма ёшдаги ва ҳамма касбдаги жамият аъзолари ўқиши, ўқиб «мағзини чақиши» мумкин. Бу «мағизларда» эса муҳаббат ва лоқайдлик, ҳақиқат ва ёлғон, эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва ­хунуклик, улуғворлик ва тубанлик сингари инсоний хислатлар ўртасидаги курашлар акс этади, бевосита ёки билвосита фазилатларнинг иллатлар устидан ғалабаси тасвирланади. Мазкур тасвирлар турли феълдаги одамларнинг кундалик ҳаётдаги ва фавқулодда ҳолатлардаги хатти-ҳаракатлари, турли манфаатларнинг тўқнашувлари оқибатида юзага келади. Шулар асносида барча воқеалар ривожида асосий мурват ҳисобланадиган асар қаҳрамонларининг бадиий қиёфалари ўқувчи кўз олдида гавдаланади. Ўша бадиий қиёфаларнинг юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлганлари бизга эстетик идеал – улуғворлик намунаси сифатида хизмат қилади. Бадиий асарнинг шу тахлитдаги мағзини чақишда биз юқорида кўриб ўтган иккинчи хилдаги китобларнинг – ахлоқшунослик, нафосатшунослик, метафизика (фалсафа), руҳшунослик, тарих сингари инсонийлик фанларига доир адабиётлар ўзига хос аҳамиятга эга. Улардан хабардор китобхон муайян бадиий асар моҳиятини, ундаги бир қарашда ҳамма ҳам осонгина тушунавермайдиган фалсафий ўзакни қийналмай топади, ўз-ўзини тарбиялаш усулининг самарадорлигини оширади.

Бундан ташқари бадиий китоб: 1) бизга билим ва тажриба беради – дунё ҳақидаги тасаввуримизни кенгайтиради; 2) одамни фалсафий фикрлашга, тўғри ҳаётий қарорлар қабул қилишга ва шунга мос ҳаракатланишга ўргатади; турли соҳалардаги илмий кашфиётлар, янги назария ва фаразлар учун туртки беради; 4) бизни тарих билан боғлайди, миллий ва умумбашарий қадриятларни анг­лаб етишга ёрдам беради; 5) хотирамизни мустаҳкамлайди, нутқимизни гўзаллаштиради, сўз бойлигимизни ошириб бориши баробарида муомала маданиятимизни юксалтиради; 6) саломатлигимизга ижобий таъсир кўрсатади. Энди бадиий китоб мутолаасининг мана шу фойдали хусусиятларига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтамиз.
1. Дейлик, сиз мактаб ўқувчисисиз, қишлоқда яшайсиз. Отангиз деҳқон, томорқангиз, иссиқхонангиз бор, сиз уларда ишлаб оила бош­лиғига кўмаклашасиз, Мактабни битиргач, сиз ҳам отангизга ўхшаб деҳқон бўлмоқчисиз. Айни пайтда мактаб кутубхонасидан қизиқ-қизиқ китоблар олиб ўқийсиз. Кунларнинг бирида қўлингизга буюк француз ёзувчиси Жюл Верннинг «Ўн беш ёшли капитан» романи тушиб қолди. Мутолаа жараёнида дастлаб аста-секин, кейин эса шиддат билан ўзингизга нотаниш воқеалар ичига шўнғиб кетасиз ва қизиқарли воқеалар мобайнида бирма-бир елканли кемалар ҳақида, елканларнинг турлича бўлиши тўғрисида маълумотга эга бўласиз, «чорчўп» (мачта), «бушприт», «бурун», «қуйруқ» сингари кўплаб денгизчилик тушунчалари нимани англатишини билиб оласиз. Кейинги воқеалар ривожида Африка қирғоқларига бориб қолган оврўпаликларнинг аҳволи, маҳаллий занжиларнинг урф-одатлари билан танишасиз. Ундан сўнг диққатингизни Африка қитъаси тропик ўрмонлари, улардаги дарахтлар, гиёҳлар, ҳайвонот олами тортади. Ажойиб ерлар экан! Жуда қизиқ! Шошма, мен шунақа, ажойиб минтақаларни ўрганадиган, амалиёти саргузаштларга бой илм соҳасига ўқишга кирсам-чи! Зўр-ку! География факультетига кираман, жаҳон географияси билан шуғулланаман, африкашунос географ бўламан, дейсиз ва, шундай қилиб, пухта тайёргарликдан сўнг география факультетига кирасиз. Энди сиз бир томондан олий маълумотли, «ҳаётда ўз ўрнини топган», ёш йигит, қишлоқдаги кўпгина тенгдошларингизга нисбатан баланд мавқедаги одам ҳисобланасиз. Иккинчи томондан, энг муҳими, ўзингиз жуда-жуда қизиққан соҳа билан бир умр шуғулланиш имконига эга зиёлига айланасиз: қаршингизда аждодларимизга насиб этмаган янги дунё қучоқ очиб туради. Бу бахт эмасми?! Қаранг, китобдан тасодифан олган турткингиз ҳаётингизни қандай ўзгартириб юборди!
2. Адабиёт инсоннинг бадиий анатомияси. Унда хаёлот алоҳида мавқе эгаллайди. Чунки одамзод ширин хаёллар сурмасдан яшай олмайди. Кўпчилик севиб ўқийдиган илмий-фантастик китоблар инсон орзу-хаёлларининг тотли меваси сифатида бизни ўзига тортади. Зеро, хаёлот тасаввуримизни бениҳоя бойитади, унинг қанотига айланиб, сизни ўзингиз яшаётган даврдан илгарилаб кетишга ундайди, олдиндаги замонларга учириб олиб кетади. Бундан минг-минг йиллар аввал инсон учар гилам ҳақида, мурват бўлиб хизмат қиладиган қулоғини бурасанг, осмонга чиқиб, истаган томонга қараб уча оладиган ёғоч отлар тўғрисида орзу қилган. Буни «Алиф Лайло» («Минг бир кеча») эртакларида, ўзбек халқ достонларида учратиш мумкин. Одам бир замонлар уйда ўтирган ҳолда кўзгу ёки шунга ўхшаш қурилма воситасида олис дунёларни кўришни истарди: Фирдавсий «Шоҳнома»сидаги Жамшиднинг жомини эсланг! Кейин эса, асрлар ўтиб, бу орзу-хаёллар ҳаётий ҳақиқатга айланди. Осмонда учадиган «темир қушлар» – учоқ уловлар пайдо бўлди, телевизор кашф этилди ва ҳоказо. Хаёлот қадимги даврлардагина эмас, шу яқин-яқинларда ҳам ўз қудратини кўрсатганига кўпчилик гувоҳ бўлган. Чунончи, рус ёзувчиси Алексей Толстой ХХ асрнинг 20 — 30-йиллар охирида «Инженер Гариннинг мўъжизаси» деган илмий-фантастик асар ёзди. Унда Гарин узоқдан туриб душманни сирли нур билан ўлдирадиган қуролни тасвирлайди. Орадан ўттиз йил ўтар-ўтмас лазер қуроллари ишлаб чиқилди, кейинчалик ҳалокат келтирадиган лазер нурларидан тинч мақсадларда, инсон саломатлигини асраш борасида ҳам фойдаланиш аста-секин йўлга қўйилди. Жюл Верн орзу қилган ва «Йигирма минг мил сув остида», «Сирли орол» асарларида тасвирлаган сувости кемалари ишлаб чиқилди. Бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп. Уларни ўқиган аксарият одамлар ёзувчининг келажакни кўра билишини шунчаки хаёл ўйини, эрмакнома гаплар деб қабул қилдилар, уларга ҳеч бир мантиққа тўғри келмайдиган ҳавойи орзулар деб қарадилар. Лекин улар, вақти келиб, ҳаётий реалликка айланди. Худди шунингдек, шеъриятдаги тимсоллар, кутилмаган истиоралар ҳам бугунги кунда нафақат инжа тафаккур ва услуб гўзаллиги учун хизмат қилишини, балки аниқ ҳисоб-китоб­лар доирасида фикрлайдиган илм аҳлини ана шу доирани ёриб, янги илмий кашфиётлар кенглигига чиқа олишига кўмак беришини мутафаккирлар исботлаб беришди. Бир сўз билан айтганда, бадиий мантиқ формал мантиқ устидан қилган ғалабаси билан олимни ҳеч ким кутмаган кашфиётга олиб келади. Дейлик, муҳандиссиз, айни пайтда илм билан шуғулланасиз, докторлик диссертацияси қиляпсиз. Табиийки, қатъий ҳисоб-китоб билан, мантиқий тафаккур йўриғида ишлаяпсиз. Мунтазам бўлмаса ҳам зиёли сифатида бадиий китоб ўқиб турасиз. Бир куни Ойбекнинг «Ўзбекистон» шеърига кўзингиз тушиб қолади, унинг дастлабки сатрларидан ҳайратланасиз. Лекин «Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди», деган фикр мантиққа тўғри келмайди-ку! Қандай қилиб олтин гуллаши мумкин?! Ахир, у метал-ку! Бироқ жуда чиройли, ёқимли, она туп­роқнинг қудратию жозибасини ҳисоб-китобларсиз англатиб турибди. Хўш, нега энди илмда шунга ўхшаш кутилмаган, «мантиққа тескари» фикрлардан фойдаланиш мумкин эмас. Улуғ олимлар бу ҳақда нима дейишган экан? Қидирамиз. Воҳ! Альберт Эйнштейн: мантиқ доирасидан чиқмай туриб бирор-бир пичоққа илинадиган кашфиёт қилиб бўлмайди, деган экан. Ёки шу куннинг мисоли: яқинда «Евронюс» мухбири замонамизнинг улкан кашфиётчиси, техник тараққиётни шиддатли ва тизимли тарзда фазога олиб чиқаётган буюк инженер Илон Маск билан қилган суҳбатида унинг бундай муваффақиятга қандай йўл билан эришганини сўраганида, олим камтарона жилмайиб туриб: «Жуда кўп бадиий китоб ўқийман», деди. Демак, формал мантиқ доирасидаги илмий кузатувдан фойдаланган ҳолда, илмий мушоҳада деган юқори босқичга кўтарила билсаккина буюк янгиликларни яратишимиз мумкин. Бунинг учун, юқорида кўрганимиздек, одамни одатий қуюшқондан чиқариб юборадиган фавқулодда истиора ва ўхшатишларга ­эътибор қилишимиз лозим. Уларни эса, боя айтганимдек, кўпроқ шеърлардан топамиз. Улар хаёлотимиз доирасини кенгайтиради, тасаввуримизни бойитади. Буюк олимларнинг кўпчилиги шеър ёзганига ёки шеър мутолааси билан жиддий шуғулланганига сабаб ҳам ана шунда.
3. Китоб кўзга кўринмайдиган ва инсонни ғордан ташқарига етаклайдиган бебаҳо ипга ўхшаб, тор ҳужрамиздан ёруғ кенг дунёга чиқаради ҳамда бизни, бир томондан, кечмиш замонларга, иккинчи томондан, замондошларимиз оламига олиб бориб боғлайди. Ойбекнинг «Навоий» романи орқали биз бир пайтлар улуғ пойтахтимиз бўлган Ҳирот ва ундаги Навоий етакчилик қилган ўзбек маданиятининг олтин даври билан танишамиз, Ўрта асрлардаги саройлар ҳаёти, оддий халқ турмуши хусусида маълумотлар оламиз; Мақсуд Шайхзода «Мирзо Улуғбек» пьесасида Темурийлар давридаги улуғ ўзбек олимининг тақдири ҳақида ҳикоя қилади, Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» асарлари эса бизни халқимизнинг салкам икки аср аввалги, нисбатан янги тарихи билан боғлайди. Айни пайтда китоблар орқали биз Қадимги дунё, Ўрта асрлар, Уйғониш даври халқлари, ҳукмдорлари, қаҳрамонлари, кўҳна шаҳарлари аҳолисининг урф-одатлари, маданиятлари билан танишамиз: улар бизни кўрмайди, лекин биз уларни тасаввур кўзгуси орқали бир умр эсда қоладиган даражада яққол кўрамиз; китоб теле­экрандан ҳам миқёслироқ танишув­ни «уюштириб» беради. У худди қоғоздан ясалган сеҳрли учоқ каби бизни қитъалар оша ҳозирги олатасир, шошқин дунёда яшаётган ўзга миллат ва ўзга тилдаги замондошларимиз ёнига етказади; китоб воситасида уларнинг ҳаёт тарзи, идеаллари, муҳаббати, шодлик ва қайғулари ичига кира оламиз; ҳарфлар орасига яширинган, биз шу кунгача билмаган ўзга ҳақиқатлардан хабардор бўламиз, ўзимиз бормаган, боролмаган юртлардаги одамлар ҳаётини кўриб, ўз ҳаётимизда асқотадиган қимматли тажрибалар орттирамиз.
4. Мутолаа инсон хотирасини мус­таҳкамлайди. Ўқиш жараёнида биз идрок этаётган воқеалар манзаралар тарзида миямизга киради, уларни англаш жараёнида онгнинг фаоллашуви рўй беради, миямиз ҳар гал аввалгидан кўпроқ нарса-ҳодисаларни ўзида сақлашга ўрганиб боради, хотиранинг сусайишига йўл қўймайди, онг омбори ўзидаги бор нарсаларни эсдан чиқармаслик билан бирга яна янги-янги юкламаларни қабул қилиб олишга тайёр тураверади. Шунга кўра мутолаани хотиранинг «жисмоний тарбияси» дейиш мумкин. Айниқса, бу борада шеър ўқиш ва ёдлашнинг қиёси йўқ. Шу ўринда хориждаги бир суҳбатни эслаб ўтишни ўринли деб биламан.
Камина бундан бир неча йил муқаддам Тошкентдаги Гёте институти таклифи билан Олмонияга бордим. Берлинда хизмат лавозимлари давлат томонидан молиялаштирилган учта ёзувчилар ташкилоти бор экан. Яқинда «Шеърият уйи» деб аталган тўртинчи ташкилотни тузишибди. Менга, нимага алоҳида «Шеърият уйи» керак экан, ахир, учала ташкилотда ҳам шеърият бўлими бор-ку, деган фикр тинчлик бермади. Шу сабабли у ерда бўлиб, суҳбатлашиб, шеърлар, таржимлар эшитиб, хўшлашадиган фурсат келганида мен «Шеърият уйи» директорига ўша фик­римни айтдим. Директор хоним сал жилмайди-да, шундай деди: «Кейинги пайтда олимлар мунтазам шеър ўқиш ва ёдлашдек инсон хотирасини мустаҳкамлайдиган кучли восита йўқлигини исботлашди. Берлин Замини ҳукумати бунга дарҳол ­эътибор қилди ва мана шу ташкилотни тузди: мақсад шеърдан фақат эстетик завқ олиш эмас, балки айни замонда миллат хотирасини мустаҳкамлаш. Шу сабабли асосий тарғибот объектимиз ўқиш ва ёдлаш учун қулай ҳисобланган лирик шеъриятдан иборат. Бундан ташқари Берлинда ҳар йили апрель билан май оралиғида ўтказиладиган 25 кунлик анъанавий Адабиёт фестивалида ҳам шеъриятга катта ўрин берилади».
5. Китоб ўқиш инсон саломатлиги учун ҳам фойдали. Хизмат жойимиздан баъзан чарчаб келганимизда ёки кундалик турмуш ташвишларидан жуда толиқиб, асабларимиз таранглашган пайтларда китобни қўлга олиш ҳар қандай кимёвий доридан кўра яхшироқ самара беради. Чунончи, табиат ва муҳаббат ҳақидаги гўзал шеърлар бизни олис боғларга, чўлларга, дарёларга, тоғларга, адирлардаги лолазорларга олиб кетади, ошиқ-маъшуқларнинг ширин дарди, вафо, садоқат, айрилиқ туйғуларининг шоирона тасвири зеҳнингизни қамраб олади; қисса, роман ёки пьесалардаги воқеалар хаёлимизни банд қилади, қаҳрамонларнинг ёруғ қисмати бизни руҳлантиради, улар бошдан кечирган фожеавийлик қалбимизда ачиниш ҳиссини уйғотиши баробарида шукроналик туйғуси билан овутади. Натижада биз янгиланамиз, яқиндагина, бир неча соат аввал бошимиздан кечирган воқеаларга янгича — ўзгача қарай бошлаймиз, толиққан асабларимиз жойига келади, тушкунлик йўқолади, тағин соғлом ва маданий фикрлайдиган шахсга айланамиз.
6. Яна бир, ҳозирги замондаги долзарб гап: интернет пайдо бўлиб, у орқали китобларнинг электрон вариантларини ўқиш имконияти туғилди. Шу боис баъзилар, жумладан, ёшларнинг кўпчилиги электрон вариант билан қаноатланиб қўя қолишни афзал кўришади. Буни халқдаги «ўлмаснинг куни» деган ибора билан изоҳлаш мумкин. Китобнинг ўзини тополмагандагина ўқувчи шу йўлдан ноилож фойдаланса бўлади. Негаки, электрон мосламалар биринчи галда, табиийликдан йироқ, сунъий восита, уларда муқова ва қоғознинг ўзига хос хушбўйи, варақлардаги табиий ҳошия йўқ; иккинчидан, электрон вариант кўпинча бир хилда ўтириб ўқишни тақозо этади, китобнинг ўзини эса турли ҳолатда, эркин тарзда: ётиб, ёнбошлаб, чордона қуриб мутолаа қилиш мумкин; бу икки ҳолатнинг электрон вариантдан топиб бўлмайдиган ўзига хос завқи бор; учинчидан, электрон вариантда одамлар оз миқдорда бўлса ҳам радиоактив нурланишга учрайди ва, ниҳоят, тўртинчидан, китоб мутолаасига қараганда электрон ўқиш энг нозик аъзо ҳисобланган кўзга анча кўп зарар келтиради. Унинг бевақт хиралашишига, кўриш қобилиятининг заифлашишига сабаб бўлади. Қолаверса, электрон ўқиш илмий асарларнинг ўзингизга керакли ўринларидан фойдаланишда кўпроқ қўл келади. Зеро, анча-мунча нарсалар бир бошдан ўқиб чиқилиши шарт эмас, кўпинча бир кўз югуртирсангиз етарли бўлади. Бадиий асар эса бутунисича ўқилишга мосланган. Чунки илмий китоб мутолааси, юқорида айтганимиздек, кузатишни тақозо этса, бадиий асар мушоҳадани талаб қилади.
Юқорида келтирилган бир неча мисолнинг ўзиёқ, китобхонлик қайси ёшда ва касбда бўлишимиздан қатъи назар, инсон учун энг фойдали юмушлардан бири эканини исботлайди. Демак, бизга берилган умр деб аталган вақтнинг бир бўлагини ачинмасдан шу юмушга бағишлашни энг керакли ва арзирли хатти-ҳаракатлардан бири деб дадил айтиш мумкин.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг