БИРИНЧИ КИТОБЛАР, БИРИНЧИ ҚУВОНЧЛАР…

209

Ёш қаламкашнинг илк китоби! Қўлига қалам олиб адабиёт майдонига қадам қўйган ҳар қайси умидли ёш учун илк китобини кўриш чинакам байрам! Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 15 нафар ёш шоир ва ёзувчининг китоблари тақдимотида айнан шундай байрамона кайфиятнинг шоҳиди бўлдик. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид муаллифларни самимий қутлаганида беихтиёр мустақиллик арафасида катта қийинчиликлар билан, тежалган қоғозлар ҳисобидан чоп этилган илк китобларимизни эсладим. Эсладиму, очиғи, бугунги ёшларга жудаям ҳавасим келди.

Тақдимоти ўтказилаётган китоблар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, Президентимизнинг 2020 йил 25 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида ёшларни барча соҳаларда қўллаб-қувватлашга қаратилган даъватларининг амалдаги рўёбидир, десак тўғри бўлади. Қолаверса, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилингани жамиятимизнинг барча жабҳаларида ёшлар фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Жорий йилнинг 19 январида Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшларнинг маънавий тарбиясига эътибор ва масъулият масалалари бўйича аниқ вазифалар белгилаб олингани бежиз эмас.
Шу маънода ёшларнинг илк ижод маҳсулларини бугун Ватанимизда олиб борилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар меваси, десак муболаға бўлмайди. Китоб­лари тақдимоти ўтказилган ёшлар 2018 йили Зомин семинарида қатнашган, устозлар томонидан ижодий ишлари юқори баҳоланган мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшаётган йигит-қизлардир.
– Мазкур жараёнда устоз адибларимиз ёшларнинг асарлари билан чуқур танишдилар, – деди тадбирда сўзга чиққан Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев. – Уларнинг ­фикр-мулоҳазалари асосида шеърият, наср, бадиий публицистика ва драматургия бўйича жами 37 нафар ижодкорнинг асарлари танлаб олинган эди. Ёшларнинг илк китобларини жамоатчиликка кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида тақдимотни уч босқичда ўтказиш режалаштирилди. Бугун 15 нафар ёш ижодкорнинг биринчи китоблари жамоатчиликка тақдим этилди.
Тақдимотда Маҳлиё Умрзоқованинг “Туйғулар алангаси”, Анвар Ботирнинг “Улғайиш”, Бобур Ҳамронинг “Широқнинг қайтиши”, Яҳё Фаёзнинг “Бахтимизнинг зар туморлари”, Юлдуз Ўрмонованинг “Уйғоқ юлдузлар”, Мирзоҳид Музаффарнинг “Фош”, Акмал Турсуновнинг “Бургутқоя”, Раҳмат Бобожоннинг “Изтироб шивири”, Анвар Аллабергановнинг “Гуллаётган чечаклар”, Бек Алининг “Мен ахир сенман”, Асрор Солижоннинг “Севгиранг нигоҳ”, Мадина Норчаеванинг “Кафтдаги йўл”, Азизбек Норовнинг “Эйнштейн жумбоғи”, Рахшона Аҳмедованинг “Орзу ва денгиз” ҳамда Абдурауф Зокировнинг “Она замин” китоблари ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар мобайнида 146 нафар ёш ижодкор “Биринчи китобим” лойиҳаси шарофати билан кашф этилди. Тақдимоти қилинаётган китоблар нашри эса “Ижод” жамоат фонди томонидан молиялаштирилиб, 2020 йилда “Adabiyot” нашриётида ҳар бири 10 минг нусхадан чоп этилди.
– Китобларимиз Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан чоп этилди, – дейди Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтининг 3-курс талабаси Мадина Норчаева. – Ҳар бири ўн минг нусхадан нашр этилган китобларга ҳар биримизнинг шеърият, наср, адабий танқид, бадиий публицис­тика ва драматургия бўйича ижод намуналаримиз саралаб олинган. Шулар қаторида менинг “Кафтдаги йўл” номли шеърий тўпламим ҳам дунё юзини кўрди. Бу менга фахр, масъулият туйғусини бағишлаши билан бирга, ўз устимда янада кўпроқ ишлашга рағбатлантиради.
Бугун адабиётга кириб келаётган ёшларнинг даъвосию ҳавоси, албатта, бутунлай бошқача. Уларнинг чақноқ кўзларида адабиётимизнинг порлоқ эртасини кўргандек бўлдим. Зеро, улар мустақиллик даврида вояга етган, даврнинг афзалликларини пухта ҳис қилаётган замонавий ёшлар. Мазкур китобларни варақлаб, ижод намуналари билан танишар экансиз, ёшларнинг ўй-орзулари билан танишасиз. Хусусан, Мирзоҳид Музаффарнинг “Фош” номли тўпламидаги шеърларда шоирнинг ўзига хос ички дунёси мужассамлиги аён кўринади. Юлдуз Ўрмонованинг “Уйғоқ юлдузлар” китобидаги шеърлар эса ўқувчини гўё сирли юлдузларнинг бетакрор оламига етак­лайди.
Тақдимотда сўзга чиққан адабиётшунослар Зуҳриддин Исомиддинов, Раҳмон Қўчқор, шоира Фарида Афрўз, адиб Қўчқор Норқобил адабиётга энди кириб келаётган ёшларга танланган йўлнинг машаққати ва масъулияти ҳамда шарафи, қолаверса, илк китоблар улар ҳаётида муҳим воқеа бўлиб қолиши ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбирда иштирокчиларга ёшларнинг илк китоблари улашилди.

Абдумажид АЗИМ
Аҳмад ТЎРА олган суратлар

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг