АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАҚИДА

133

Ҳамид ОЛИМЖОН

Атоқли шоир ва адиб Ҳамид Олимжон адабий меросида мумтоз адабиётимиз тадқиқи ва тарғиботига бағиш­ланган кўплаб мақолалар ҳам бор. Улардан бири “Алишер Навоий ҳақида” деб номланган. Ушбу мақолада муаллиф улуғ шоир ижодига хос юксак гуманизм, халқпарварлик, дўстлик ва садоқат тамойилларига эътибор қаратган. Қуйидаги иқтибослар буни яққол ифодалаб турибди.

Навоий ўзининг бутун умрини ўз халқининг камолга етмагига, тараққиётига бағиш­лаган кишидир. У ўз халқини севар, унга чексиз фидокор, унинг содиқ, вафодор ўғли эди. Алишер ўз юртини, унинг халқини, халқ яратган бойлик ва маданиятни, унинг кураш тарихини севар эди. Шоир, адиб, олим, тарихчи, жанговар давлат арбоби бўлиш сифатида Навоийнинг бутун фаолияти шуни кўрсатиб туради. Навоий буюк гуманизм руҳидаги ватанпарварликни тарғиб қилар эди.

* * *
Буюк гуманист бўлган Алишер халқлар биродарлиги, дўстлик, қариндошлик, ботирлик ва чин инсоний муҳаббат куйчисидир. Навоий дунё адабиётида диапазони энг кенг бўлган ёзувчиларнинг биридир. У ўз асарларининг мавзуини ўша замонда илғор кўринган халқларнинг ҳаммасидан тортинмасдан ола берар эди. Тор миллий беқиқлик — ижоднинг буюк ихтирочиси бўлган Алишер учун тамом ёт хислатдир.

* * *
Навоий халқларнинг ҳаммасида ҳам дўстликка бўлган зўр табиий интилиш ва олижаноб одамгарчиликни кўради. Навоий ҳеч қандай миллий ва диний фарқларни назарга илмасдан одамгарчиликнинг энг илғор идеяларини илгари суради ва бу халқларда ўз илғор идеяларининг мужассам тимсолини топади.
* * *
Навоий чин ва ҳақиқий одам, том маъноси билан ўзида адолат ва вафо хислатларини ташиган инсон образини яратар эди. Навоий одамгарчиликни, жафо ва номардликдан, зулм ва бевафоликдан тамом узоқ бўлган одамни куйлар эди. У Шириннинг Фарҳодга бўлган вафодорлиги ва мардлигида ана шу ҳақиқий одамгарчиликни кўрмакчи бўлар эди. Шунинг учун ҳам Навоий Ширин образини ҳар қандай ёмон хислатлардан пок бўлган бир идеал ҳолида тасвирлайди ва унинг гўзал тили билан одамгарчиликнинг энг катта онтини ичади:
Манга не ёру не ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур.

“Фарҳод ва Ширин” достонида Хисрав билан Фарҳод ўртасидаги машҳур диалогда Навоий гуманизмнинг фалсафасини ва мукаммал тимсолини беради. Бу буюк идеяни ифода қилган шу момент, шунинг учун ҳам, Навоий достонининг ҳам бадиий, ҳам фик­рий чўққиси бўлиб чиққандир.

* * *
Навоий ўз асарларига мавзу қилиб бутун халқларнинг ҳаётини ола беради. Улуғ грузин шоири Шота Руставели ўз ўлмас достонига мавзу қилиб эрон эртагини олганидек,
Алишер Навоий ўзининг энг машҳур достонлари бўлган “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонларини эски шарқ афсоналарига асосланиб яратган эди. Навоий ўзга халқларнинг афсоналарини мавзу қилиб олар экан, масалага шу афсонага солинган мазмуннинг қиммати нуқтаи назаридан қарар эди. Навоий бу афсоналарда дўстлик, садоқат, ботирлик ва чин муҳаббат мазмунини топа олар эди.
Алишер “Лайли ва Мажнун” афсонаси ҳақида шундай ёзади:

Ёзмоқта бу ишқи жовидона,
Мақсудум эмас эди фасона.

Мазмуниға бўлди руҳ майли,
Афсона эди анинг туфайли.

Лекин чу рақамға келди мазмун,
Афсона анга либоси мавзун.

* * *
Навоий бутун халқлар ва миллатларнинг эртак ва афсоналарини ўрганар эди. Бизнинг шоирларимиз ичида халқ ижодига Алишерча яқин турган киши йўқдир. Халқ ижодига бўлган бу яқинлик Алишердаги илғор идеяларнинг бир ифодасидан иборат эди. У ўзининг идеяларига мос фонни халқ ичидан доимо топар эди.
Алишер Навоий ўз асрининг энг илғор кишиси эди.
* * *
Ўзбек халқи ўз улуғ шоирининг хотирасини жуда муқаддас сақлайди. Бизга маълум бўлган жуда кўп халқ эртакларида Навоий энг зўр ва ўткир ҳикматларга эга бўлган олим, озодликни севгучи, халқпарвар ва ватанпарвар этиб тасвирланган. Бизнинг халқимиз шунинг учун ҳам унинг асарларидан сира ажрала олмайди. Унинг гўзал ғазалларини беш юз йил давомида ашула қилиб айтиб келади.

* * *
Навоий энг илғор идеялар кишиси, ўз халқининг содиқ ўғли ва поэзиямизнинг қуёши сифатида буюк халқчил шоирдир.
Навоий одамнинг идеал образларини яратди. Фарҳод ва Мажнун образлари буюк одам образларидир.

* * *
Навоий ўзбек тили учун кураш байроғини юқори кўтарган шоирдир…
…тарих бизнинг буюк Алишеримизга жуда катта бир вазифа юклаган эди. Бу ўз халқининг тили учун кураш вазифаси эди. Навоий шундай бир шароитда ўзининг машҳур китоби “Муҳокамат ул-луғатайн”ни ёзиб ўша вақтда ҳали турк тили деб аталиб юрган қадим ўзбек тилининг бирмунча жиҳатдан форс тилидан бой ва рангдор эканини исбот қилди ва ўзбек тилида бўлган адабиётнинг юксалишини бошлаб юборди.

* * *
Навоий шоир, олим, тарихчи, танқидчи, тилчи, адабиёт назариётчиси, сиёсий арбоб, музикант, композитор ва хаттот эди. Навоий бутун бир даврнинг кўпларча буюк сиймоларига тегишли бўлган оғир тарихий юкни ўзининг азамат елкаларида якка ва ягона бўлиб кўтариб ўтган ва манзилга етказган эди ва бутун ўша даврдан беш юз йил сўнг ҳам ўз ўрнини ҳеч кимга бермагани ҳолда, ўша баландликда туриб, жаҳон маданиятини яратишда актив қатнашган ўзбек халқининг улуғ фарзанди сифатида биз билан дўстлашади.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг