«ДАРАХТ ДАРАХТГА СУЯНАРМИ, АХИР…»

124

Кўча муюлишида ҳамроҳлар билан суҳбатлашиб тургандик. Йўлнинг нариги томонидан бошини қуйи солганча шоир Баҳром Рўзимуҳаммад ўтиб қолди. Унга атоқли шоир Рауф Парфининг кўзи тушиб, рағбатли жилмайиш, ўйноқи товушда лафз қилди: “Баҳром учиб кетаяпти”.

Ўйланиб қолдим. Биргина гап замирида бир олам маъно яширин эди: “Баҳром қаёққадир шошиб кетмоқда”, “Ҳозир унинг дунёсига бизнинг керагимиз йўқ”, “У хаёли билан биргаликда уча оладиган шоир”, деган фикрлар биргина “учиб” сўзига сингдириб юборилганди. Яъни мазкур ишорада менга Б.Рўзимуҳаммаднинг бадиий ифода йўли – ўзбек адабиётида унинг тутган ўрни ифодалангандек туюлган ўшанда.

Ҳақиқатан, Баҳром шеърларига эътибор берсангиз, уларда бадиият шунчаки умргузаронлик қилмайди, бетакрор оҳангларига кутилмаган мавзуларни юклаб олади. Шу боис, шоир “мен”ида бошқалар дарди, элу юрт гавдаланади. Ҳинд адиби Р.Тҳакур ёзади: “Одам ўз шахсини фақат ўзида англаса, демак, у ўзини ёмон биладиган одам”.
Шоир “Нафратни тушуниш” шеърида ёзади:
Қанийди юрагим ўқдек отилса,
розиман киприксиз қолишга ҳатто.
киприксиз кўзларим кўрар шубҳасиз:
кимдир йиқилади кўксин чангаллаб,
кулишга улгурмас йиқилаётиб.
Нафрат кишиси, Р.Тҳакур айтгандай, ўзини ёмон билганидан кимнингдир нон-тузидан тотиб, ҳаётда ундан фойдалана туриб ҳамроҳига ёмонлик соғинади. Нафрат нафақат бегонани бегонадан, қариндошни қариндошдан айиради. Бундай иллат соҳиби икки тоифадир: бу дардга манфаат учун йўлиққанлар ҳамда кимнингдир бу дунёда борлигига кўника олмаганлар. Бундайлар шу аянч қисматга шу қадар боғланиб қолишганки, киприклари отилиб, унинг кўксига жароҳат етказса, ҳузур топади. Кўзларим киприкларсиз (виждон, ор-номуссиз) ҳам кўради-ку, деб фахрланишади. Оқибатда киприклари кўз қорачиқлари(ўз шаъни)га ҳимоячи эканини унутиб қўяди. Бировнинг самимий кулгиси ҳам унинг учун киноя, заҳарханда бўлиб туюлади.
“Дўстим ҳам дарахт…” деб бошланган шеърида адабий қаҳрамонни “Дарахт дарахтга суянарми, ахир” деган маломат ўйлантиради: суянишдан муҳим вазифаларим бор; тушкунлик важидан сарғайишга, елга ўлжа бўлишга рози, унга куз келгунча сабр қил, дейишим керак; чиримоқчи бўлган илдиз қишгача – япроқлар тўкилиб, қушлар уясини тарк этгунча сабр қилсин; мевага тушаётган қуртларни музокарага чақирай; кавагимга уя қурмоқчи бўлган илонга оппоқ гулларим ундан қўрқишини айтиб, баҳорда инсофга келишини ялиниб сўрайин…
Қаранг, қандай мулоҳазага чорловчи сатрлар. Шоир эмас, дарахт сўзлаётганга ўхшайди:
Ўз ташвишим илдиздек чулғар
менга яқин келманг, дарахтлар,
дарахт дарахтга суянарми, ахир.
Б.Рўзимуҳаммаднинг “Таскин” шеъри “Сен шундай майсасанки, илдиздан ўзгага муҳтож эмассан” сатри билан бошланади. Шоир шеър давомида ҳаётий мантиқдан чекингандай, ўз фикрини инкор этгандай кўринади:
Шундай майсасанки
замин бўлмаса-да
ҳаво бўлмаса-да
сен барибир ўсаверасан.
Аммо чуқурроқ мулоҳаза юритилса, бир тимсолга қарама-қарши маъно юклаш ҳам бир восита. Бу билан шоир дунёқарашлар тенгсизлигига ишора қилаяпти. Лирик қаҳрамоннинг меҳрсизлик ичида яшагани, алдашни билмай ўзига зулм қилгани, алал­оқибат ҳаётдан бегоналашганининг ўзи “заминсизлик” ва “ҳавосизлик”дир. Лекин дилининг туб-тубида сир сақлаб юрган муҳаббат бор. Бу – унинг илдизи:
Муаллақ турибман
бўшлиққа ёпишиб
қўйиб юбормайман уни ҳеч қачон
бўшлиқнинг ичига томир ташлайман.
Қўлланилган восита улуғ ғояга асосланади. Лирик қаҳрамон бетайин мафкурага муросасиз: “Япроқ – илдиз, ғунча ҳам илдиз, ғунчадан таралган ўткир ҳид – илдиз, илдиздир қандайдир таралаётган нур”. У эътиқодли, масалага шу қадар содиқки, маънавият сифатида ҳар қандай бўшлиқни тўлдира олади: “Бўшлиқнинг ичига томир ташлайман”.
Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур шеърнинг фикр ва туйғу тўлқини шоирни асоссиз такрорийлик ўзанига ҳам тортган, “риторика”, “ундалма” ўзини оқламаган ўринлар бор. Масалан, учинчи банддаги “Ўсимликман аслида мен ҳам” сатри олтинчи бандда “Майсадурман мен ҳам сен каби” қабилида такрорланади. Аммо бундай жузъий хатолар ҳамма шоирда ҳам учрайди.
Б.Рўзимуҳаммад шеъриятида кутилмаган фикрлар доимо ўз мантиғига уйғун бўлади. Лекин муаллифнинг нима демоқчилигини англадингизми-йўқми, билолмайсиз. Ичингизда муҳокама қилаверасиз: масалан, “Кўринмаган нарсаларни кўрар у махлуқ…” деб бошланувчи шеъри. “Махлуқ” сўзи, асосан, ҳайвонот дунёсига тегишли, лекин шоир, одам боласи ҳам Яратганнинг бир махлуқи, деган барчага аён гапни такрорлаяптими? Йўқ, бу унинг ижодий йўлига зид. Ёки тирик жонга эмас, бирор нарса ёки буюмга ишора қилаяптими? Хўш, “Туннинг юзасида ўрмалаб юрадиган, тонг отса ўзини қудуққа ташлайдиган, ойдан кумуш сув ичиб қайтадиган, тупроқни чумоли мисол кўра оладиган, қишда ёғаётган қор устида юрадиган махлуқ” ким ёки ниманинг рамзи? Ошиқ ё маъшуқанингми? Йигит учун қиз, қиз учун йигитдир бу:
Бирам хушбўй бу махлуқнинг танаси,
айниқса, кўзлари чиройли
ёниб турадиган кўзлари.
Йўқ, шоир буни ҳам назарда тутмаган. Йўқса ёзармиди:
Кўз билан ҳеч нарсани кўрмас у
безак учун яратган кўзларни Аллоҳ
у оёғи билан кўрар теваракни.
Фикр мантиғига яқинлашгандай бўласиз: балки шеър қаҳрамони инсониятга рангин дунё бағишлаган Фикр ва Хаёлдир?! Унда шоир бу сўзларни бирор жойда ишлатмаган? Дарвоқе, фикрни тил орқали айтмай, ҳиссиёт орқали ифодалаш, рассомдай чизиш мумкин: “У ўтса мевалар шу қадар ширин бўларки, жаннатда топилмас бундай ширинлик”.
Ўша махлуқ Мевамикин?
Мевани есангиз райҳоннинг ҳиди
бирдан анқиб кетса билингки
бунга боис ўшал махлуқ ташрифи.
Балки бу яхши ният ва ёниқ Орзудир. Балки…
Сир эмас, янгича сўқмоқлар излаган шоирлар ижодини қабул қилишимиз қийин кечади, унга осонгина айб ҳам топамиз. Миллий менталитет ниқоби остида халқ номидан унга руҳий пўписа қиладиганлар ҳам бор. Аслида ғазал, қўшиқ номи остида анча мужмал ва жўн ифодаланган юртга муҳаббат туйғулари ўша шоир ижодида баланд пардаларда куйланган бўлади. Чунончи, она қишлоқ мавзуси. Бу мавзу Ватанга бўлган меҳр тимсолининг энг кенжаси.
Б.Рўзимуҳаммад шеърий китоблар чоп эттириш баробарида адабий жамоатчилик эътиборига қизғин илмий мақолаларини ҳам тақдим этиб келмоқда. Жумладан, “Кундуз сарҳадлари” (“Меҳнат” нашриёти, 1999) сайланмасига ҳам шундай мақолалари киритилган. Шоир уларда кузатишларини ифодалаганда ўзининг “шеър йўли”дан юрмайди. Фикрларини тимсоллар ичра кўммай, жуда содда ва аниқ тасвирлайди. Ўқиб шунга амин бўласизки, у кимнингдир кўнглига қараб ёки матбуотда кўриниб туриш учун қалам тебратмайди. Бирор ижодкор ҳақида, мақоласида ижобий фикр билдирса, албатта, у кутилмаган кузатишларини намоён этган бўлиб чиқади. Эътиборни бугунги ўзбек адабиёти ривожига қаратади. Улуғ Навоийга мурожаат этадими ёки яқин ўтмишдаги чиркин мафкура қурбонлари Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон ижодига ёндашадими, урғуни бугун олишимиз керак бўлган ибратга беради. “Кўнгил янгилик истайдир” мақоласида Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романининг “Кундуз” қисмини нашр этишга ёрдам берган Акмал Икромовга Чўлпон “Кундуз” қисмини ҳам бергандир, деган мулоҳазани ўртага ташлаб: “Агар романнинг иккинчи қисми қалқон вазифасини ўтамаса, айнан қатағон даври бўсағасида бу асарнинг ёруғликка чиқиб қолишини тасаввурга сиғдириш мушкул эди” деган фикрни илгари сурди. Бу билан у ҳали ҳеч ким ўйлаб кўрмаган ўз нуқтаи назарини билдирган.
Гапни Баҳром Рўзимуҳаммаднинг ўзига хос ижод йўлидан бошлагандик. Ўша мулоҳазанинг давоми ўлароқ бир ҳаётий воқеани эсламоқчи эдим. Бир шоир биродарим мендан Б.Рўзимуҳаммаднинг “Кундуз сарҳадлари” китобини ўқишга олиб турди. Қайтарадиган вақти келганда ғалати бир гап қилди: “Баҳромга ҳайронман, туппа-тузук фикрларини анъанавий шеърият талаблари асосида ёзса бўлади-ку! На тиниш белгиси бор, на қофия. Мен унинг шеър­ларини бармоқ вазнида қайта ёзаман ва ўзига кўрсатаман”. “Буни эплолмайсиз, — тўғрисини айтдим мен. — Шоирнинг ўзи шу ишга жазм этса ҳам бунга эришолмайди. Тўғри, у анъ­анавий йўлда ҳам биздек ёза олади. Лекин унда ҳозирги даражасини кўрсатолмаслиги мумкин. Чунки ноанъанавий “оила”да тили чиққан. Беҳуда уринманг.”
Танишим айтганидан қолмади. Китоб унда бир йилча қолиб кетди. Бир сафар шу уринишда тўлдирган дафтаридан бир неча шеър­ларни ўқиб берди. Қизиқ ҳолат-да бу. Ёзганлари ўз шеърларидан анча баланд савияда эди. Лекин уларда Баҳром йўқ эди. Рамзий кинояларидан умуман асар йўқ. Фақат баъзи фикрлари сатрларда акс этган эса-да, қолгани эзилган, паж­мурда аҳволда эди. “Бу битикларингиз онгли бир мутолаа, холос, — кулгига олдиму кейин кўнгли ранжимаслиги учун маслаҳатга ўтдим. – Буларни Баҳром Рўзимуҳаммадга ўхшатма ёки назира тариқасида эълон қилсангиз бўлади.”
Кўринадики, Баҳромнинг ижоди уни тўлқинлантирган. Лекин бу ижобий тасвирга тасаввуридаги шеърий жанрларни тушунишдаги бирёқламалик қусри соя солган. Зеро, ўзини таниган мухлис шеърларини баҳолаётган шоирнинг имконият манбаига қарайди. Қолаверса, дарахт дарахтга суяна олмайди.

Илҳом АҲРОР

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг