САҲНА НУТҚИ НУҚСОНЛАРИ

110

Бугун ўзбек тилини ривожлантириш ва софлигини сақлаш йўлида амалий ишларга ўтилмоқда. Муассасалар ўртасида ҳужжатлар алмашинуви, ички иш юритишлар давлат тилида олиб борилиши талаб этилмоқда. Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиб, мазкур идора жонкуярлари фақат кабинетда ўтириб эмас, мамлакатимиз вилоятлари ва туманларига бориб ишламоқда. Бу жараёнда ўқитувчилар, журналист ва ёзувчилар баробар иштирок этишяпти. Улар орасида номдор олимларимиз ҳам борлиги диққатга сазовор.

Аммо тилимиздаги нуқсонлар, эътиборсизлик иши нутқ, сўз билан боғлиқ бошқа касб эгалари — актёрлар, сухандонлар, бошловчиларнинг фаолиятида кўп учрайди. Энг ёмони, уларнинг нутқида йўл қўйилган хатоликлар тез тарқалади, чунки телевидение ва радиони миллионлаб мухлислар тинглаб, томоша қилишади.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Саҳна нутқи” кафедраси ўқитувчилари ўтадиган дарслар дастурида ҳам “Ўзбек тили” фани асос қилиб олинган. Бу борада айрим тушунмовчиликлар борки, уларни биргина кафедра ўқитувчилари бартараф эта олмайди. Шу ўринда “Саҳна нутқи” дарсликлари ва ўқув қўлланмаларида ўзбек тили алифбосига кирмаган, аммо кундалик нутқимизда ишлатиладиган ва луғатларга киритилмаган бўлса-да, истеъмолдан тушиб қолмаган товушларга тўхталмаганига диққатни қаратмоқчи эдим. Жумладан, “н” ва “г” товушлари бирикмасидан ясаладиган “ң”, “н” ва “ғ” товушларидан ясаладиган “ҥ” товушини олайлик. Тилшунос олимларимиз йўл қўйган хатоликлар боис ушбу товушлар алифбода ўз аксини топмаган ва н-г ва н-ғ кўринишида ишлатилса бўлаверади, деган мулоҳаза билан шу товушларни ифода этувчи ҳарфлар қабул қилинмаган. Аслида тилимизда бу товушлар ёки икки товуш бирикмаси ишлатиладиган сўзлар унчалик кўп эмас. Лекин барибир уларни ифода этувчи ҳарф-товушлар ҳам бўлиши керак эди.
Таниқли шоир Эркин Воҳидов “Сўз латофати” китобида: “… Данғиллаган бу садо ҳам сўзга айланди. Кимнинг номи элга ноғора бўлса, у данғ чиқарди. Тилимиз майинлашиб боринғ, келинғ ўрнига боринг, келинг дейдиган бўлдик ва данғ ҳам донг билан алмашди. Аммо данғиллама уй дегани ўзгармай қолаверди” деб ёзади. Аммо мен шу данғ сўзи қаторига яна қанғ – қанғиллади, шанғиллади, банғиллаб сингари сўзларни ҳам келтириб ўтган бўлар эдим. Чунки бу сўзлар ҳам муомалада кўп учрайди.
Ўтган аср тилшунослигида ё шошилинч, ё “бўл-бўл”чилик кампанияси боис қабул қилинган меъёрлар оқибатида биз “сингил” сўзини син-гил, “кўнгил” сўзини кўн-гил деб ёзиб, шундай талаффуз қилиб юрамиз. Бу, айниқса, ёзувда, бўғин кўчираётган пайтимизда жуда хунук кўринади. Аслида “сингил” сўзи сингин, синиб қолгин, деган маънони беради. “Кўнгил” ҳам кўнмоқ феъли назарда тутилган кўнгин, шунга кўнақолгин, деган маънода тушунилади. Агар шу икки товуш бир ҳарф билан ёзилганида эди, мумтоз адабиётимизда кўп учрайдиган “менга”, “сенга” сўзларида ҳам тилимиздаги яна ранг ва жилони сақлаб қолган бўлардик. Бу билан саҳна нутқини қурол қилиб унда бевосита ишлайдиган актёрларимиз, сухандонларимиз ва бошловчиларимиз тили яна ҳам кўркам жаранглаган бўларди. Санъат ва маданият институти талабалари ҳам тилимизнинг мана шу жиҳатларини яхши билишлари зарур деб ўйлайман.
Фикримизни ривожлантириб айтадиган бўлсак, ж ва җ товушларимизда ҳам чалкашлик борлиги туфайли, ҳатто машҳур саҳна ва сўз усталари ҳам хатоликларга йўл қўйишади. “Жаҳон”, “жонон” сингари сўзларда ишлатиладиган “ж” товуши билан русча “журнал”, “жатва” сўзларида ишлатиладиган “җ” товуши талаффузида фарқ бор. Биз “виж­дон”, “Ғиждувон”, “мужда”, “ривожланган” каби сўзларда ҳам “ж” товуши қўлланилаётганини кўп пайқаймиз. Бундай талаффуз ғашга тегади. Аммо уни тузатиш ҳар доим ҳам қўлимиздан келмайди. Бир замонлар алифбони уч-тўрт, нари борса, беш-олти сўздагина ишлатиладиган товуш билан кўпайтириш шарт эмас, у ўқувчини чалғитади, деган қараш тўғри деб топилган ва “җ” товуши ишлатиладиган сўзларни ёдлаб қолган маъқул, деган қарорга келингандир. Таассуфки, ҳеч ким уни ёдламаган, ёдлатмаган. Бугун ўша қоидаларга амал қилиб, мажбуран ривоЖланган деб ёзамиз ва ривоЖланган деб талаффуз этамиз. Лекин тўғриси ривоҖланган бўлиши керак.
Яна бир жиҳати “и” билан “ы” (кирилл алифбосидан бу ҳарф шартли олинди) товушларининг аниқ ажратилмаганида ва муайян ҳарф-белги билан мустаҳкамланмаганидадир. БИланми ёки бланми? Қайси бири тўғри? Агар блан тўғри бўлса нега бИлан деб ёзамиз? Ёки билан тўғри бўлса, нима учун блан деб талаффуз қиламиз?
Блан деб айтамизу аммо билан деб ёзамиз. Қирқинчи-эллигинчи йиллар адабиётини қўлга олсангиз, у ерда “сра”, “блан”, сўзларининг “и”сиз ёзилганини кўрасиз. “Броқ”, “сра”, “блан” ва “води” (водий) сўзлари ёзилишига ҳайрон бўлиш керакмикин? Балки бугунги талаффузимиздан ҳайрон бўлишимиз керакдир! Ўша йўл қўйилган хатоларни ҳозир, яна қайтиб лотин алифбосига ўтиш жараёнида тузатиб кетсак бўлмасмикин?
Ҳарқалай, буларни тилшуносларимиз, адабиётшуносларимиз, саҳна нутқи ва умуман нутқ билан шуғулланувчи олимларимиз ягона бир қолипга солишлари керакмикин, деб ўйлайман. Ахир, оғиздан-оғизга кўчиб юрганидан кўра, бир тартибга келтирилса, маъқул бўларди.

Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг