ЁЛҒИЗ УЧГАН КАБУТАР

136

Асад АСИЛ

Лайлакқор эринибгина ёғар, Ортиқали иккимиз катта-катта одим ташлаб, бир маромда кетиб борардик. Баланд бўйли, чайир ва кўркам гавдали бу йигитнинг ота-бобоси мерган ўтган, ўзи ҳам табиатнинг танти ўғлони эди. Милтиқ кўтариб далагами ё тоққа чиқса, унинг ови ўнгидан келмаган кун бўлмаган. Ҳатто кекса овчилар ҳам уни омади юришган йигит, деб мақташади. У кўпдан бери мени овга боришга чорлар, икковлон бирга чиқсак қуруқ қайтмаймиз, деб ишонтирарди.
Куз оёғи, қишнинг боши. Биз ов қилишни мўлжаллаб жўнаган тоғлар сафида энг баланд ва салобатлиси Қорақия чўққиларини одатдагидек қалин туман қоплаган. Шипшийдам далалардан, ҳувиллаган боғлардан ўтиб борардик. Яланғоч дарахтларда ҳаёт нишонаси қолмаган, бошларини эгиб, тумтайиб туришибди.
Ортиқали: “Енгил, қуруқ қор ёққанда ов бароридан келади”, дер эди. Кеча шундай қор ёғди, мен катта овдан умид қилиб, дўстимга эргашгандим.
Қор ҳамон учқунлаб турибди, ҳаво анча совуқ. Шунга қарамай қора терга тушдим. Ҳар қандай кибр-андишани йиғиштириб қўйдим-да, Ортиқалининг изидан одимлай бошладим. Энди оёқ босишларим бироз енгиллашгандек бўлди-ю, барибир тез-тез гандираклай бошладим. Бир баҳона топиб, ортимга қайтиб жўнаб қолмоқчи бўламан, бироқ орият йўл бермади.
Буни сезган Ортиқали ўтмиш воқеалари, ота-бобосидан эшитган ов хотираларидан гап бошлади. Аввал лоқайдлик билан эшитдим, бора-бора берилиб кетибман. Баданимдаги тер қотиб, юрак уришим ҳам бир текис изга тушди. Шундай қилиб, тоғ этагига етиб келганимизни билмай қолибман.
Ортиқали тўхтади, милтиқни елкасидан олиб, камаридаги ўқлардан иккитасини жойлади. Сўнг бақувват қўлини елкамга қўйиб, менга бошдан-оёқ разм солгач, салмоқлаб деди:
– Мана, совитилган отдек бўлибсан, дўстим. Энди чарчамайсан. Овимизнинг барори ўзимизга боғлиқ…
Шундан кейин Ортиқали бугун ов режасини эринмай тушунтирди. Унинг уқтиришича, мен Қоратошнинг чап ёнбағри бўйлаб бориб, Қатортошга ўтар эканман, Ортиқалининг ўзи эса Қоратошнинг ўнг биқинидан бориб, Тешиктошга кўтариларкан.
– Шундагина бирор ўлжадан умид қилишимиз мумкин. Чунки мендан учган ёки қочган ўлжа сенга, сендан қайтганлари менга тўқнаш келади, – деди овчи дўстим кетишга чоғланиб.
Ортиқалининг ўзича “фол очиши” кулгимни қистатди. Илжайганимни сезиб қолиб, ўртоғимнинг жаҳли чиқмасин, деб тескари қараб олдим. Иккимиз икки тарафга қараб юрдик.
Мен катта-кичик тошлар орасидан эҳтиёткорлик билан ўта бошладим. Сал юрмай, какликларга йўлиқдим. Чўчиб тушиб, тепкини беихтиёр босиб юборибман. Какликлар осмонда-ю, ўқим беш метрча нарига – қорга қорилди. Эҳ, аттанг, ўқим бекор кетди! Чўчиб учган гўзал какликларга маҳлиё бўлиб, ортидан узоқ қараб қолдим. Улар Қоратошнинг ўнг томонига учиб ўтишган ҳам эдики, у ёқдан қўштиғ милтиқнинг кетма-кет гумбурлаган овози эшитилди. Юрагим ҳапқириб кетди. Сўнг оҳиста-оҳиста босиб, йўлда давом этдим. Қийнала-қийнала, ниҳоят, айтилган маррага яқинлашдим. Шу пайт Тешиктош томонда қўштиғнинг яна гумбурлаган овози тоғларни янгратиб юборди. Сал ўтмай, ўша ёқдан бир гала каклик мен томон учиб кела бошлади. Мен уларнинг “ғийт-ғийт”лаб овоз чиқариш­ларига, қанот қоқмай парвоз қилишларига тикилганча қаққайиб тураверибман. Каклик­лар мени кўриб қолди-да, дарҳол чап бериб, нариги тоққа ўтиб кетдилар. Мундоқ қарасам, қўлимда милтиғим отиш учун шай турибди. “Ношудлигим қурсин, – дедим ўзимга дашном бериб, – менинг ўрнимда Ортиқалидек овчи бўлганда борми, камида уч-тўрттасини тушириб оларди…”
Ортиқалининг режасига аввал кулган эдим, энди тан бердим.
Бу пайтга келиб булутлар тарам-тарам тусга кирди, қуёш ҳам мўралай бошлади. Қатортош шамол тегмайдиган, ҳовончадай дим ва иссиқ жой экан. Шунинг учун бўлса керак, бу тоғнинг қори ҳам ҳаммасидан аввал эриб кетади. Қуёш кўриниши билан димоғимга баҳор иси урилгандек бўлди. Тошлар орасидан қулай жой танладим-да, икки кафтимни бошимга ёстиқ қилиб чалқанча ётганча атрофни кузата бошладим. Нақадар гўзал! Тошлар орасидан турли кўкатлар дадил бош кўтармоқда. Қуёш тафтидан эрий бошлаган қор суви тошлардан “чак-чак” томиб, кўкатлар остига сингияпти. Аллақаердан учиб келиб, бехосдан ёнимга қўниб олай деган тоғ чумчуғи қаттиқ чириллади-да, наридаги тошга тушиб, панага беркинди. Кейин бошини секин чиқариб, менга қаради, чўзиб-чўзиб сайради…
Тешиктош томондан ҳар замон-ҳар замонда ўқ отилади: “Гум-ум, гум-ум!” Тоғлар ларзага келиб, акс садо беради. Гумбурлаш овозларини эшитганимда юрагим яна орзиқиб тушади, мендан тузук овчи чиқмас экан, деган нохуш фикр кўнглимдан ўтди.
“Э, овинг юришмаса, табиатдан роҳатлансанг-чи, нодон!”
Шу фикр кўнглимга келиб, юзимни қуёшга тутганча кўзларимни юмиб, ҳузур қилаётган эдим, қандайдир қушларнинг майингина қанот қоққан саси қулоғимга чалинди. Секин кўзимни очдим. Бироқ ҳеч нарса кўринмасди. Шундан сўнг, ўрнимдан қўзғалиб, тошлар орасидан мўраладим. Ана менга ов! Эллик-олтмиш метр чамаси наридаги катта керага устини бир гала ёввойи каптар қоплабди. Юрагим қаттиқ тепа бошлади. Мен изламасам ҳам ўзлари дуч келганини қаранг! Ишқилиб, энди булардан қуруқ қолмай…
Ҳаяжонимни босолмай, қўлларим титраганча милтиқни ердан кўтардим. Қўндоқни ўнг елкамга қўйиб, чап кўзимни юмдим-да, галанинг қоқ ўртасини мўлжалладим. Ўзларига қаратилган ажалдан тамоман бехабар бу қушлар ороланиб таранишар, бир-бирларини ялаб-юлқашарди. Юрагим “жиз” этгандек бўлди. Сал турсам, ўқ узолмай қоладиганга ўхшайман. Кўзимни чирт юмдиму тепкини босиб юбордим! Гумбурлаш билан бирга, кучли зарб мени орқага силтаб ташлади. Каптарлар гуриллаб ҳавога кўтарилди. “Наҳотки ўқим яна бекор кетди?!” Шу пайт тошдан-тошга урилиб, пастга қулаб тушаётган каптарни кўриб қолдим! Қувончдан энтикканимча, сакраб туриб, ўлжам томон югурдим. Жон талвасасида типирчилаётган каптар ёнига етиб келиб, қўлимни чўздиму, бўшашиб туриб қолдим. Беозор қуш жон бераётган эди. Бунинг устига, айни лаҳзадаги антиқа синоат мени баттар лол қолдириб, қалбимни зирқиратиб юборди. Не кўз билан кўрайки, узоқлашиб бораётган каптарлар орасидан биттаси ажралди-да, тўппа-тўғри мен томон шиддат билан учиб кела бошлади. У бор-йўғи ўн метрлар чамаси нарига, бояги каптарлар ўтирган жойга келиб қўнди. Бояқиш бетоқатланар, чиройли бўйнини чўзиб тўрт томонга аланглар, ҳар қандай хавф-хатарни унутиб, йўқотиб қўйган жуфтини ахтарарди.
Кўнглимдаги хурсандчилик ўрнини ўз-­ўзимга нафрат ва қандайдир азоб ҳисси қоплади. Бироқ, начора, эндиги афсусдан фойда йўқ. Назаримда, ўзим ҳам тош устида мунғайиб ўтирган каптар аҳволига тушиб қолгандим.
Шу пайт тошдан-тошга сакраб Ортиқали етиб келди. У ёнига ўнтача каклик осиб олганди.
– Э ҳа… овлар чакки эмас-ку, дўстим, – ­ҳазиллашди у ўлиб ётган каптарга имо қилиб. – Энди қайтамизми?
Мен маъюс бош ирғадим. Кўнглимга ҳеч нарса сиғмас эди.
Катта йўлга тушиб олганимиздан кейингина қўлимда ҳеч нарса йўқлигини Ортиқали пайқаб қолди.
– Ие, ўлжанг қани? – деди у ажабланиб.
– Мендан овчи чиқмас экан, тушириб ­қўйибман…
– Зарари йўқ, – деди Ортиқали. – Хафа бўлма, бу сафар дуруст ов қилолмаган бўлсанг, мана кўрасан, кейинги гал овинг юришади, албатта. Томнинг бошига бирдан чиқиб бўлмайди-да, ошна! Манави какликларнинг ярми сеники, энди қовоғингни оч, келишдикми?
“Майли”, дегандай бош ирғадим. Негадир бу ҳақида суҳбатлашгим келмади. Ортиқали бугунги чиройли ов тафсилотларини сўзлар, мен бўлсам, ўқтин-ўқтин қанот қоқиб, олис уфқлар сари учиб кетаётган ёлғиз каптарни ўйлардим.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг