БИР ЯХШИ СЎЗ ГОҲО ЖАҲОНДИН ОРТИҚ

136

Фармон ТОШЕВ

* * *
Яхши ҳам дунёда бордир
яхшиларнинг суҳбати,
Доимо файзли баҳордир
яхшиларнинг суҳбати.

Истагай кўнгил ҳамиша
аҳли фозил даврасин,
Тонг каби оқ, беғубордир
яхшиларнинг суҳбати.

Ҳамсабоқ, дарсу ўгитдир
бебаҳо гап, сўзлари,
Омаду ҳам ифтихордир яхшиларнинг
суҳбати.

Соғиниб борсанг мабодо
меҳрибонлик кўрсатур,
Хаста кўнгилга мадордир
яхшиларнинг суҳбати.

Эзмалик, нодон фикр йўқ,
бахш этур илму зиё,
Маънили, лек ихтисордир
яхшиларнинг суҳбати.

Орзу айла доимо Фармоно,
сен нур ахтариб,
Қалбинга оққан шарордир
яхшиларнинг суҳбати.

* * *
Дил топар таскин, санам,
ҳуснини томошо айласам,
Лутфинга умрим бўйи
ҳар кун тавалло айласам.

Ул муҳаббат қасрида
сарв йўқ эрур сендин бўлак,
Не ажаб, қадримни туфроқ,
қаддинг муалло айласам.

Орзумандман мен сени гул билиб,
Лайли билиб,
Бахтиёрман Қайс каби
ишқимни савдо айласам.

Ишқи йўққа не асарким
ошиқ аҳли дардидан,
Бахт будирким, севгидан бошимға
ғавғо айласам.

Соғиниб, ҳар он тилармен
рўбарў келмоқни мен,
Етганим кунни сенинг васлинга,
Ялдо айласам.
Ваҳ нетонг, Машраб каби
мастонаман майхонада,
Этмангиз айб мастлигимдан
ашкни саҳбо айласам.

Қарнабий аҳд қилган эрди
то тирик бир касбким,
Васфи васлинг тинмайин
байт бирла иншо айласам.

* * *
Ўзингни жонона айладим, эй ёр,
Ўзимни парвона айладим, эй ёр.
Эди бисёр чаман ичра санамлар,
Сени бир дона айладим, эй ёр.
Хаёлимда эди васлинг, жамолинг,
Ҳолимни мастона айладим, эй ёр.
Мени сармаст қилиб қўйганда лутфинг,
Дилимни ҳайрона айладим, эй ёр.
Нетай, етмай висолинга ҳажрдин,
Юракни вайрона айладим, эй ёр.
Маст бўлай деб чиройидин ой юзунг,
Кўнгулни майхона айладим, эй ёр.
Ошиқ эрдим, ки ҳилолга талпиниб,
Умримни афсона айладим, эй ёр.
Армон ичра, Фармон, хаста қалбимни,
Жонимга паймона айладим, эй ёр.

* * *
Магар кўнгулга ишқ ёрдур,
анга жонон топилгайдур,
Магар жононга жон даркор,
анга қурбон топилгайдур.

Муҳаббатли кўнгил мустар
ўзига нур борур истаб,
Магар шамдек ёнур зебо,
анга гирён топилгайдур.

Ният неклиғ тамом аъмолни хуш,
савоб этгай,
Магар нафсинга эрк берсанг,
анга шайтон топилгайдур.

Жунун дашти аро юрган ҳама
ошиқ эмас, Мажнун,
Магар ошиқлиғи касбдур,
анга ёбон топилгайдур.

Риёзат чекмагил зинҳор,
умид бирлан яшар инсон,
Магар қалбинг баҳор истар,
анга найсон топилгайдур.

Кишиким, йўқ эрур шавқи
етолмайдур муродига,
Магар қочмас машаққатдин,
анга имкон топилгайдур.

Кел, эй Фармон, муҳаббатни
ҳаётинга шиор айла,
Магар қасдида дил истар,
анга туғён топилгайдур.

* * *

Бағрикенг суҳбати осмондин ортиқ,
Лутфи ёр ошиққа минг жондин ортиқ.

Дерлар фоний дунё киприк қоққанча,
Бир яхши сўз гоҳо жаҳондин ортиқ.

Шукурлар айлагил тириклигинга,
Лаҳзаи шоён йўқ шу ондин ортиқ.

Азму шижоатинг сўнмасин сира,
Лоқайдлик иллати ёмондин ортиқ.

Соғинч, изтироблар оғриқли, валек
Бўлмагай дард оғир армондин ортиқ.

Нафсу ҳаловатлар кўнгил эрмаги,
Қудрат йўқ вужудда иймондин ортиқ.

Ҳар не илм бўлса, олмоғинг фарздур,
Вале китоб йўқдир Қуръондин ортиқ.

Оғриган жойида инсоннинг жони,
Беморга не даркор дармондин ортиқ.

Боримни бағишлаб бўлдим, ёр сенга,
Тағин не сўрайсен Фармондин ортиқ.

* * *

Айлайин изҳори ишқ
дилрабонинг қошида,
Найлайин, шу кўйга солди
у камолот ёшида.

Касби ошиқлик азалдин
шаъмга хўп парвоналик,
Не ажаб, йўқ бошқа бойлик
хаста дилнинг лошида.

Бас, насиҳат айламангиз,
ки инони ўздамас,
Минг хаёллар ўйнар эркан
ҳар ўғил, қиз бошида.

Муҳтарам бўлгай умидлар,
о, муҳаббат боғида,
Бир кўнгил дунёча
бўлмиш андалиб кўзёшида.

Ҳар юрак туйғусини кўргай
баҳам тенги ила,
Бахтию аҳдини кўрмиш
топгани – дилдошида.

Бахтли ул инсонки доим сезса
гар ишқ, севгини,
Барча қалби покиза ҳам
ишқивор сафдошида.

Фармоно, фонийда ҳам,
боқийда ҳам ошиқ, ахир
Ишқ эрур ботинда ҳам,
зоҳирда ҳам бардошида.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг