ЯНГИЧА ТАЛҚИН

133

Бугунги кунда ўзбек миллий мақом санъатини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича жиддий иш олиб борилмоқда. Шашмақомнинг нота матнларини тузиш, аудио, видео ёзувларини чиқариш, радио, телевидение, оммавий ахборотнинг бошқа воситалари ҳамда Интернет тармоғида мақомни тарғиб қилиш билан бирга, Марғилон шаҳрида “Мақом мусиқий театри”нинг очилиши бу борада муҳим аҳамият касб этди. Айни кунда театр репертуарида Туроб Тўла сценарийси асосида “Шашмақом” ва Ҳайитмат Расул пьесаси асосида “Муножот” спектакллари бор. Мақом мусиқасини саҳнага кўчириш жуда мураккаб жараён. Бу жараёнда айнан асарга хос хусусиятларни сақлаб қолиш билан бирга, уни замонавий тингловчига етказа билиш ҳам муҳимдир.

Мақом санъатига оид меросимиз ўзига хос ёрқин, бой манбага эга бўлиб, хонандаларнинг ижро жараёнида ижодий жиҳатдан очилишига, сўзларнинг оҳангини ўз ўрнига қўйишига, саҳна ҳаракатлари ва қиёфада ифодавийликка эришишига имкон беради. Булар барчаси мусиқани, хореографияни, рангтасвир санъатини тушунадиган режиссёр томонидан қўшиқ туркумини бадиий тафаккур воситасида бирлаштириш имконини юзага чиқаради. Ана шу уйғунликдан туғилган яхлит саҳна асари — театрлашган воқелик мусиқий саҳнавий томошани яратишга йўналтириши керак. Мақомнинг саҳнавий талқини асосини яратишда анъанавий мумтоз санъатимиз асосий мезон бўлиб ҳисобланади. Чунки айнан мумтоз санъатда ижрочиликнинг ўзига хос услуби намоён бўлади. Мумтоз санъат ижроси вақтида бошқа саҳна жанрлари, хусусан, драматик санъат хусусиятларида шаклланган қонуниятларни ҳисобга олиш зарурати туғилади.
Бугунги мақом айтувчи хонандалар якка ижро маҳоратини ўзларидан олдинги салафлари, педагоглар, вокал ижрочилардан ўрганганлар. Буларни саҳнада намоён этиш кўпроқ билимга, ижрочининг мусиқий-назарий тайёргарлигига, вокал имкониятларига, шунингдек, постановкачи режиссёрнинг бадиий диди ва тафаккурига боғлиқ. Мақомнинг саҳнадаги ишонарли талқинини топиш учун олдинги талқинларни билиш, чуқур ўрганиш, уларни тушуниш талаб этилади. Акамедик М.Раҳмоновнинг “Қадимги даврлар ўзбек театри” китобида айнан мумтоз мусиқа санъатининг саҳнавий талқини билан боғлиқ кўплаб фактлар мавжуд.

Мақом анъаналари ҳозирги кунда ҳам замон билан ҳамнафас ривожланмоқда. Мақом режиссураси, деган тушунча пайдо бўлиб, бунда драматик санъат усталарининг тажрибаси қўл келмоқда. Айни жараёнда хормейстерларнинг, постановкачи рассомнинг саҳнавий хореографик талқин борасидаги вазифалари аниқлик киритилмоқда. Булар томошанинг бадиий образини шакллантирувчи ифодавий воситалар уйғунлигини ташкил этади.
Бадиий образнинг шаклланиши асосида мақом матнини мусиқий ва поэтик таҳлил қилиш, унинг ғоявий-тематик, услубий жанр асосларини, вақти ва жойини, тарихий муҳитини, ҳаётий вазиятларни аниқлаш каби ҳолатлар ётади. Зеро, мақом ижроси жараёнида қатор мавзулар очилади, ҳиссиётлар олами, инсон кечинмалари намоён бўлади.
Таниқли режиссёр Сайфиддин Мелиев саҳналаштирган “Шашмақом” спектаклида режиссёрнинг анча қизиқарли ифодасини кузатиш мумкин. Актёрлар, мусиқачилар, хонанда ва раққосаларнинг саҳнадаги ҳаракатлари ягона тизимга қўшилиб кетган. Саҳна ўртасида бетўхтов ҳаракатдаги вақт рамзи сифатида айланиб турувчи чархпалак жойлашган. Бу ўринда поэтик тафаккур метафора тарзида намоён бўлган. Чархпалакнинг икки четига ўриндиқлар ўрнатилган. Томошабин бир томонда мусиқачиларни, иккинчи томонда хонандаларни кўради. Актёр Ғ.Собиров таниқли бастакор, тадқиқотчи, мусиқашунос Юнус Ражабий қиёфасида намоён бўлади. Моҳиятан, у саҳнадаги воқеликни ҳикоя қилувчи, мақомнинг поэтик хусусиятидан хабардор этувчи шахс. Сўз, қўшиқ, ҳаракат, рақс ушбу театрлашган томошанинг асосий таркибини ташкил этади.
Спектакль таркиби олти мақомдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирида Шоҳ, Торобий, Ибн Сино, Лайли, Мажнуннинг тақдирларидан ҳикоя қилувчи воқеалар бор. Томошанинг бир маромдаги, сокин ҳаракат мароми, лирик, назокатли, майин рақс композициялари муайян муҳитни яратиб, томошабинга маънавий кайфият бахш этади.
Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг Лайли ва Мажнун афсонасига бағишланган достони асосида яратилган “Муножот” спектакли эса мусиқий поэтик композиция бўлиб, режиссёр С.Мелиев томонидан муваффақиятли саҳналаштирилган. Режиссёр турли ҳис-ҳаяжонлар, психологик ҳолатлар билан йўғрилган мусиқа ҳамда саҳна воқеликлари орқали севишганлар кечинмаларининг ички драматизмини, кечинмаларини томошабинга етказишга, ҳамма нарсадан устун турувчи севгининг куч-қудратини, инсоний садоқатни очиб беришга ҳаракат қилган. Рассом Ф.Қўчқоровнинг безаклари ихчамлиги, график нуқтаи назардан аниқлиги, мантиқан лўндалиги билан саҳна асари ғоясини етказишга хизмат қилади. Саҳна бир неча қисмлардан ташкил топган қурилиш майдонини, айни пайтда, шарқ миниатюралари композициясини ёдга солади. Томошабин саҳна безаги таъсири остида ўтган кунларни, шеърият олами ва мумтоз мақом муҳитини туяди. Ёш хонандалар мақомни ижро этаётгандаги саҳна композицияси ажойиб ғоявий-мантиқий йўналишга эга. Қайғу, қалб оғриғи, ғамгинлик қоришган бу йўналиш мағзи тўқлиги, томошабинни ҳаяжонга солувчи кучи билан ўзига тортади. Айтиш мумкинки, унда севги билан лиммо-лим, шу билан бирга, орзуларнинг ушалмаслигини тушуниш ҳиссиётига вобаста муҳит мавжуд. Мусиқа янграши биланоқ томошабин Лайли ва Мажнуннинг афсонавий, гўзал севги оламига ғарқ бўлади.
Н.Акромова, М.Мелибоева, Б.Султонов, Ҳ.Ёқубов каби ёш актёрлар бутун борлиғи билан саҳнада яшайди. Уларнинг овози воқеаларнинг моҳиятини тушунишга, чуқур ҳис этишга, улуғ шоирнинг абадий ва ўлмас фалсафасини, мумтоз мақом санъатининг боқий маънавий қимматини тушунишга хизмат қилади.
“Мақом” театрининг табиати ва моҳияти ҳақида мулоҳаза юритиб, шундай хулосага келиш мумкинки, Сайфиддин Мелиевнинг режиссёр сифатидаги изланишлари янги ижодий жамоа фаолиятида ранг-баранг саҳна усуллари, янги бадиий ифода воситалари пайдо бўлишини таъминлаб, театрнинг бундан буёнги ривожланиш йўлини аниқлаб олиш имконини берди.
Марғилонда “Мақом” мусиқий театрининг ташкил этилиши юртимиз маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлди.

Муҳаббат ТЎЛАХЎЖАЕВА,
санъатшунослик фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг