МИЛЛИЙ КИНО ҲАФТАЛИГИ

153

Шу йилнинг 11 ноябрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида очилган ­“Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги” давом этмоқда. Тадбир Президент
Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекфильм” киностудиясига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва киноижодкорлар билан ўтказилган учрашувда вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган йиғилиш билан бошланди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Мусаев қатнашди.

Ўтган тўрт кун давомида ёш киноижодкорлар учун “Киносценарий қандай ёзилиши керак?”, “Ўзбекистонда замонавий фотография ва тезкор суратга олиш”, “Кино — менинг ҳаётим”, “Кинода замонавийлик ва профессионаллик сирлари” мавзуларида таниқли ижодкорлар Шоира Ғиёсова, Али Ҳамроев, Фарҳод Маҳмудов ва Аюб Шаҳобиддиновнинг маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Кинорежиссёрлар, продюсерлар, сценарийчилар, актёрлар, Жамоатчилик ва Бадиий кенгаш аъзолари иштирокида ўтган долзарб мавзулардаги давра суҳбатлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. “Экранда аёл тақдири” деб номланган давра суҳбатида долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Баҳс-мунозаралар тарзида ўтган мазкур тадбир иштирокчилари ижодкорларга қизиқарли мавзуларни таклиф қилиб, экранда аёл образини яратишда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида жўяли фикр-мулоҳазаларни ўртага ташладилар.
Ҳафталикнинг иккинчи куни болалар учун байрам тусини олди, десак янглишмаймиз. Жумладан, “Ўзбекистон — бизнинг диёримиз” мавзусида болалар учун ўтказилган ижодий танловлар, турли ўйинлар, хорижий кинофондлардан олинган энг сара мультфильмлар намойиши, “Зумраша” киножурналининг бадиий раҳбари Хайрулла Саъдиев иштирокидаги давра суҳбатлари ижод саройига йиғилган махсус ихтисос­лаштирилган мактаблар ўқувчилари, Меҳрибонлик уйи болалари ва барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирнинг учинчи куни Тошкент шаҳридаги “Riviera” кинотеатрининг очилиш маросими кино ихлосмандларига қувонч бағишлади. Мазкур кинотеатрда режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг “Фариданинг икки минг қўшиғи” бадиий фильми намо­йиш этилди. Тўртинчи куни бўлиб ўтган “Тошкент халқаро кинофестивали”ни қайта тиклаш ва уни ҳар йили мунтазам ўтказишга бағишланган анжуманда халқаро экспертлар, халқаро фестивалларни ўтказиш бўйича ташкилотлар, киноижодкорлар ва киношунослар қатнашди.
Ҳафталик давомида ёш кинорежиссёр Муҳаммадали Искандаровнинг “Мен террорчи эмасман…”, Татаристон ва Ўзбекистон киноижодкорлари ҳамкорлигида ишланган “Сумбул”, ёш режиссёр Зоҳид Зокировнинг “Миллионер Жонибек” каби фильмлари намойиш этилиб, мутахассислар иштирокида мазкур фильмларга бағишланган брифинг­лар ўтказилди. Йирик кинолойиҳаларнинг тақдимотлари, кастинглар, давра суҳбатлари тадбир иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.
Ўз ишини давом эттираётган анжуманнинг қолган икки куни ҳам воқеаларга бой бўлиши кутилмоқда. Хусусан, бешинчи куни “Дебют” ёш кинематографчилар фестивалида “Менинг дунём” мавзусида тўққизта, “Мен сени севаман, Ўзбекистоним” мавзусида ҳам тўққизта қисқа метражли фильмлар намойиш этилиб, фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
Тадбирнинг сўнгги кунида таниқли режиссёр, миллий киноарбоб Шуҳрат Аббосовнинг 90 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ташкил этилади. Шунингдек, “Буюк кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовни хотирлаб” деган мавзуда давра суҳбати режалаштирилган. Тадбир “Ўзбекфильм” киностудиясида бўлиб ўтади.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбарияти ва ходимлари, уларга камарбаста бўлиб турган кўплаб ташкилот ва муассасалар мазкур кино ҳафталиги пойтахтимиз ва вилоятлардаги мухлислар, киночилар, айниқса, ёшлар ҳаётида алоҳида воқеа бўлиб қолиши учун бор имкониятларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилганлари эътирофга лойиқ. Бу каби саъй-ҳаракатлар ўз натижасини кўрсатади, деган умиддамиз.

Гулчеҳра УМАРОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг