САЛОМАТЛИК – ИШОНЧ ВА ҲАРАКАТ ДЕМАКДИР

138

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилни мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номлаш ва бу йўналишларда кенг қамровли давлат дастурини ишлаб чиқиш таклифини киритгани биз шифокорларга катта рағбат бағишлади ва ўз фаолиятимизни атрофлича қайта кўриб чиқишга ундади. Олдимизда турган долзарб вазифалар, аввало, тиббиёт соҳасини замонавий илм-фан ютуқлари даражасида ташкил этиш бўлса, иккинчидан, ёш мутахассислар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳам, ёшларнинг соғлигини сақлаш ҳам эътиборимизда бўлиши керак. Бу борада давлатимиз томонидан тиббиёт ходимларининг иш шароитини, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштиришга эътибор кучайди.

Жумладан, 2021 йилда мамлакат миқёсида қўшимча 23 мингга яқин шифо ўринларини яратиш, 15 турдаги дори воситалари захирасини яратиш, 100 та кислород станцияларини ўрнатиш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар, вакциналар харид қилиш ва коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун маблағлар ажратиш режалаштирилди.
Барча тиббиёт масканлари қатори Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги поликлиника шифокорларидан ҳам ижодкорлар соғлиғини сақлаш борасида фаол ишлашлари талаб этилади. Маълумки, пандемия даврида айрим ижодкорларимиз ҳам коронавирус касаллигига чалинди. Айни пайтда бу касалликни бартараф этиш ва олдини олишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ижодкорларимиз соғлиғидан тез-тез хабар олиб, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиб, тегишли тавсиялар берилмоқда. Касалликнинг олдини олиш ҳамда асоратларини даволаш мақсадида тиббий муолажалар олиб борилмоқда.

Маълумки, 2020 йилда бутун дунёни ларзага солган коронавирус касаллиги тиббиёт соҳасида энг илғор давлатларни ҳам саросимага солиб қўйди. Халқимизни ушбу кулфатдан асраш учун шифокорларнинг фидойилик кўрсатиб, қасамёдига содиқ қолиб хизмат қилгани ўз натижаларини берди. Давлатимиз раҳбари томонидан тезкорлик билан амалга оширилган тадбирлар, янги тиббиёт мас­канлари қурилгани ва ишга туширилгани касалликни бартараф этишда катта аҳамият касб этди.
Пандемия даврида Ёзувчилар уюшмаси томонидан зарур тиббий жиҳозлар учун ўз вақтида маблағ ажратилди. Стерилизация хонасига юқори босимли стерилизатор автоклав ускунаси харид қилинди, бинода жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди, бир марта ишлатиладиган ҳимоя воситалари ва дори-дармонлар билан таъминланди, махсус изольятор хоналари ва постлари ташкил этилди.
Кейинги йилларда юртимизда касалликни даволашдан кўра унинг олдини олишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Одамлар ўз соғлигини сақлаш йўлида ишонч билан ҳаракат қилиши ва мунтазам жисмоний машғулотлар билан шуғулланиши тақозо этилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоиз яшаётган экологик муҳитга, 15 фоиз ирсий омилларга ва бор-йўғи 10 фоиз тиббиётга, яъни даволанишга боғлиқ экан. Даволанишга муҳтож ўн фоиз аҳолининг касалланишига сабаб бўлувчи омилларнинг асосийлари – нотўғри овқатланиш, жисмоний ҳаракатнинг камлиги, руҳий зўриқишлар ва турли (ичиш, чекиш ва бошқа) зарарли одатлардир.
Кейинги йилларда давлатимиз томонидан тиббиёт соҳаси ходимларига яратилаётган шарт-шароитлар, уларнинг яшаш ва турмуш шароитларини яхшилаш борасидаги чора-тадбирлар ҳам эътиборга сазовордир. Президентимизнинг Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида: “Халқимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди. Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам саломатлик посбонлари бўлиб майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир” дея таъкидлаб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг бу даъвати келажакка ишонч, ўз касбимизга меҳр ва фахр туйғуларини юксалтиради.

Анвар РАДЖАПОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
поликлиникаси бош шифокори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг