УЛУҒ АДИБ УЙ-МУЗЕЙИДА

217

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 2021 йил давомида хайрли ишларни режалаштирган: юртимизда яшаб, ижод қилган ёзувчи-шоирларнинг уй-музейлари, улар туғилган қишлоқлар, маҳаллалар, адибларимиз номидаги ижод мактабларига оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижодкорларни саёҳатга чорлаяпти. Илк саёҳат – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, академик Ойбекнинг уй-музейи бўлди.

2021 йилнинг 11 январь санаси. Пойтахтимиздаги Ифтихор 1-тор кўчасида жойлашган 26-уй. Болахонали, ғиштли хонадон. Нақшли ёғоч дарвоза табақалари ланг очиқ. Ойбек таваллудининг 116 йиллиги муносабати билан бу ерга оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар бирин-кетин кириб келмоқда.
Ичкарида турли ўқув юртларининг талабалари экспонатларни томоша қилишаётир. Академик Наим Каримов, Ўзбекис­тон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосарлари Нодир Жонузоқ, Ғайрат Мажид, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Баҳодир Қобул, Муҳиддин Абдусамад, Жавлон Жовлиев ва бир қанча меҳмонлар қатнашган учрашувда адиб Ойбек илиқ сўзлар билан хотирланди.
– Уй-музей кўчасидан озроқ юрганда Ўзбекистон халқ шоири Миртемир домланинг уйлари бор, – дейди академик Наим ­Каримов. – Одатда машинада юрадиган одам бу тор кўчадан эмас, нарёғдаги катта кўчадан уйига келади. Лекин биз қачон Миртемир домла билан у кишининг уйига борадиган бўлсак, қишми, кузми, бизни мана шу кўчадан бошлардилар. Ойбекнинг уйи тўғрисига келганда эшикка таъзим қилиб, кейин ўтарди. Ўша даврдаги ёзувчилар учун Ойбек домла авлиёга ўхшаган бир инсон эдилар.
Буюк сиймолар яшаган манзил-макон азал-азалдан халқнинг соғиниб борадиган, зиёратга шошадиган жойларидан саналиб келган. Шоир Миртемирнинг бу таъзими замондош ёзувчига меҳри, ижодкор руҳига эҳтироми эди.

Кейинги сўз Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабийга берилади. Ҳофиз танбур торларини созлагунча журналист Нигора Умарова блогер Отабек Исроиловнинг интернетда эълон қилган “пост”ини ўқиб беришга шошади:
“Ойбек домланинг юбилейларига Умарали Норматов Субутой Долимов билан борган эканлар. Хаста ҳолида ётган домла улар билан кўришибди. Салом-аликдан сўнг касаллик азобларини сездирмайгина Ойбек домла титраб:
– Субутой… Ушшоқ… дутор, – деган эканлар.
Субутой Долимов дуторда “Ушшоқ”ни чалганларида Ойбек домла токай ашула тугагунга қадар сел бўлиб йиғлаган эканлар.
Шу воқеани эшитганимдан буён “Ушшоқ”ни тингласам, сел бўлиб йиғлаб ўтирган Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек кўз ўнгимда намоён бўлаверади.
Бу раҳматли шоира Ҳалима Худойбердиеванинг эсдаликлари, хотиралари эди”.
Шундан сўнг ушбу сўзга мос тарзда Ҳасан Ражабий севги ва бахт куйчиси, шоир Ҳамид Олимжоннинг “Куйгай” ғазали асосида яратилган қўшиқни куйлай бошлайди:

“Сўзимнинг шарпаси текканда
олам боб, боб куйгай,
Денгизлар, дарёлар, ҳаттоки
кўлларда ҳубоб куйгай.

Камондек қошларинг
киприкларингдин ўқ отар доим,
Сенинг ёдинг билан тинмай
ҳама нозу итоб куйгай.

Ёниб ишқингда қалбим
кулга айланса ажаб эрмас,
Кўзинг осмонга тушганда
ловуллаб офтоб куйгай.

Олай тоқатни қайдин,
кўзларингга ҳеч қаролмайман,
Тушубдир учқуни бағримга
гўёки китоб куйгай”.

– Ҳозир ҳаммамизга совға сифатида бир тақвим тарқатилди, – дейди Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Унга қарасак, устоз Ойбек китоб ўқиб турибди, орқасида ҳазрат Алишер Навоийнинг полотноси турибди. Бу бежиз эмас. Чунки биз ҳазрат Алишер Навоий ҳақида гап кетганда, бевосита, устоз Ойбекни эслаймиз. Ёки Ойбек ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг сиймоси кўз олдимизда гавдаланади. “Навоий” романининг қандай шароитда яратилганини ҳаммамиз яхши биламиз. Буни тарихий манбаларда ўқиганмиз, устозларимизнинг гурунгларида эшитганмиз. Қандай оғир пайтда, Иккинчи жаҳон уруши кетаётган даврда, Зарифа опанинг кундаликларида ёзилганидай, баъзан ейишга арзигулик нарса тополмасдан, оч ҳолатда ўтириб, лекин беш аср нарига хаёлан сайр қилиб, устоз Алишер Навоийнинг сиймосини адабиётимизда яратган.
Пресс-саёҳат иштирокчилари Ойбек таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан 1985 йилда барпо этилган уй-музейни томоша қилиб, ёзувчининг қўлёзмалари, китоблари, суратлари, фойдаланган буюмлари, яшаб, ижод қилган хоналарни ўз кўзлари билан кўришди.
Ойбек уй-музейига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди кўмагида чоп этилган китоблар – Ҳамид Олимжоннинг “Танланган асарлар”и, Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса”, Йўлдош Эшбекнинг “Сени сўроқлайман”, Вали Ғафуровнинг “Вафодор”, Орзиқул Эргашнинг “Қалб гавҳари” совға қилинди.
Алқисса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкиллаштирилаётган бундай пресс-саёҳатлар орқали ижодкорларимизнинг уй-музейлари, ижод мактаб­лари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгач, халқимиз ва дунё аҳли кўпроқ келадиган, зиёрат қиладиган севимли ­гўшалардан бирига айланади, деган ­умиддамиз.

Фозил ФАРҲОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
ахборот хизмати бошлиғи

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг