МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗНИНГ ҚУДРАТИ

176

Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқининг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак. Зеро, ўз истиқлоли ва озодлигининг қадрини билмайдиган, уни ҳимоя қилолмайдиган, бунга куч-қурби етмайдиган миллат ҳеч қачон эркин яшай олмайди, кимгадир итоат этишга, бўйин эгишга мажбур бўлади. Аксинча, ўз мустақиллигини, тинчлигини асрай олган давлатгина барқарор ривожланади, тинчлик, хотиржамлик, осойишталик қарор топган мамлакат гуллаб-яшнайди. Биз келажаги буюк давлат қуришни ўз олдимизга улуғ мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунинг учун, биринчи навбатда, мамлакатимиз мудофаасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратишимиз табиийдир.

Жамиятимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, шубҳасиз, Қуролли Кучларимизга ҳам тааллуқли. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу соҳада ҳам тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, тизимда бажарилаётган ишлар ҳозирда ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Ҳарбий соҳада халқаро ҳамкорлик миқёси, ўзаро ишонч ва тажриба алмашиш кўлами кенгайди, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги даражаси янги сифат босқичига кўтарилди. Кадрлар тайёрлаш тизими тубдан янгиланди. Жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар жорий этилди. Моддий-техник база янгиланди, армиянинг замонавий қуроллар билан таъминланиши, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси, энг муҳими, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизими юксак поғонага олиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 январь куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари дастлаб Марказий ҳарбий округнинг артиллерия бригадасини бориб кўрди.

Мазкур ҳарбий қисмда катта ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, барча замонавий қулайликлар яратилган. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат ­Мирзиёев ушбу шароитларни кўздан кечирди.
– Асосий мақсадимиз – халқ билан армия бирдамлиги. Ҳарбий қисмлар эшиклари эл учун очиқ бўлиши керак. Миллий армиямизнинг нури, маънавияти ҳаммага етиб бориши зарур. Ёшларни бу ерга олиб келиб кўрсатиш, ўргатиш керак. Бу уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз тарихи ва қудрати ҳақида билимларини бойитишга хизмат қилади. Бундан ота-оналар ҳам хурсанд бўлади, – деди Президент.
Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий тайёргарлигини юқори даражада ташкил этиш мақсадида Олий Бош Қўмондоннинг ташаббуси ва буйруғи билан мамлакатимизда халқаро ҳамда ички ҳарбий машғулотлар ўтказилмоқда. Ушбу машғулотлар самараси ўлароқ, ҳарбийларимизнинг жанговар шайлиги ошиб бораётгани ўз тасдиғини топмоқда. Улар профессионал тайёргарлик даражаси бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар армиялари ҳарбий хизматчиларидан асло қолишмаслигини сўзда эмас, амалда исботламоқда. Халқаро ҳарбий ўқув мусобақаларида, армиялар ўртасидаги ва спорт беллашувларида Ўзбекистон вакиллари ўзларининг маҳорати, руҳан бақувватлиги, ғалабага бўлган иродасини намоён ­этмоқда, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканликларини яққол кўрсатмоқда.
“Ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай ­қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди”.
Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 12 январида Қуролли Кучлар академиясига ташрифи давомида айтган ушбу даъват замирида ҳарбий-­ватанпарварлик тарбияси учун мукаммал дастур ётади. Давлатимиз раҳбари ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда ҳарбий илмни ривожлантириш, жумладан, ҳарбий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни узвий давом эттириш, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда таълим олаётган ўқувчилар қалбида миллий руҳ, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк аждодларимиз, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларимизнинг бой жанг санъатидан кенг фойдаланиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тарих – ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда энг ишончли омил. Ватанпарварликда инсоннинг ўзи туғилиб ўсган, камол топган заминига меҳр-муҳаббати, ижтимоий ва маънавий фазилатлари мужассам бўлади. Жаҳонга оламшумул алломаларни етиштириб берган халқимиз ўзининг шонли тарихи давомида беназир саркардаларни ҳам вояга етказди. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Аскари қувватли мамлакат бой бўлур, бой мамлакатнинг аскари қувватли бўлур”, деган машҳур ибораси бор. Бугун бу ҳикмат “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, деган шиор ўлароқ ҳаётга жорий этилмоқда. Миллий армиямизда униб-ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик ва она юртга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат, шонли тарихимизни чуқур билиш руҳида тарбиялаш борасидаги ишларга фаол киришилгани эл-юрт кўнглидаги иш бўлди. Негаки, бугун глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса, ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг роли ва аҳамияти ортиб бормоқда. Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан аҳолининг ва биринчи навбатда ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини такомиллаштириш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятни намоён қилишга шароит яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Мамлакатимиз аҳолисини ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаролик позициясини кучайтириш билан боғлиқ ишларни “Жасур жангчи – ёшлар учун намуна” шиори остида янада жадаллаштириш, ҳарбий округлар қўмондонликларига камида ўнтадан мактабни оталиққа олиш ҳамда ҳарбий қисм командирлари томонидан уларда ватанпарварлик ва ҳарбий шон-шараф дарсларини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.
“Темур тузуклари”да: “Сипоҳий давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзи ҳам инъомга ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради”, дея уларнинг мураккаб ва шарафли вазифалари алоҳида таъкидланган. Халқимизга хос инсонпарварлик акс этган ушбу бобомерос тузук бугун ҳам амалда: Қуролли Кучларимизда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар асосида уй-жойлар қурилиши, ҳарбийларнинг фарзандлари учун ­муносиб шарт-шароитлар яратиш бундан кейин ҳам устувор вазифа бўлиши алоҳида таъкид­ланди.
Аллома Алихонтўра Соғунийнинг қуйидаги сўзлари она Ватанни кўз қорачиғидек асрашга ундайди: “Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”. Бугун дунёнинг узоқ-яқин ҳудудларида турли қуролли тўқнашув ва қарама-қаршиликлар юз бераётган мураккаб шароитда Миллий армиямиз мамлакатимизда эркин, озод ва фаровон ҳаёт бунёд этиш, демок­ратик ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида ишончли кафолат, тоғдек таянч бўлиб келаётгани кўнгилларга ёруғлик бағишлайди. Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ­ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим инс­титутига айланиб бормоқда.
Кеча Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирлади.
Олий Бош Қўмондон мукофотланганлар тимсолида жойларда юксак давлат мукофотларини қабул қилиб олган барча ҳарбий хизматчиларни самимий табриклади.
Ватан ҳимоячилари байрами арафасида бир-бирини чин дилдан қутлаётган юртдошларимизни кўрганда юраклар фахр-ғурурга тўлади. Бу байрам халқимиз учун Мустақиллик байрами каби азиз ва муқаддасдир. Ушбу байрамнинг кенг нишонланиши халқимизнинг ўз армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, йигитларига бўлган меҳру ифтихорини билдиради.
Қуролли Кучлар соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ бугунги кунда биз, Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодирмиз. Бу масалада ҳеч кимда, ҳеч қандай иккиланиш ёки шубҳа бўлмаслиги керак. Бунга бизнинг кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам етарли”.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг