УМР ФАСЛЛАРИ

58

Меликхон НЎЪМОНХОН ўғли

МАҲАЛЛАМ
Асл маконимдир шу гўзал маскан,
Урганжи қишлоқ деб ёдга олинар.
Аждодлар имони ғоят мустаҳкам,
Улуғ айёмларда эслаб қолинар.

Санаб адоғига етмайсан киши,
Оқил кишиларнинг борлиги яхши.
Инсон умрининг ҳам бордир ёз-қиши,
Қаҳратон қишларнинг қорлиги яхши.

Элга фидо бўлган боболаримдан,
Урганжим, довруғинг тилларда достон.
Оллоҳим асрасин ёмон кўзлардан,
Тинчлик-тотувликдан юртимиз бўстон!

САМАРҚАНДДА
Самарқандда бир санам,
Чертди кўнгил торимни.
Дардида чекдим алам,
Етказинглар зоримни.

Бор-будимдан айрилиб,
Қанотларим қайрилиб,
Кирдим ҳижрон боғига
Ҳам унутиб оримни.

Билмам, энди нетарман?
Ёрсиз қаён кетарман?
Ўшал моҳитобоним
Олса, олсин жонимни!

ҲАЁТ
Фасллар умрингни безайверади,
Гумонлар қалбингни эзаверади,
Ошиқлар тонгда гул узаверади,
Ҳаёт бебаҳодир, дунё – бевафо.

Тақдирлар турфа хил, турфа хил олам,
Шодликка тўлдирсин дунёни ноланг.
Ҳаётнинг қувончи ҳар битта боланг,
Ҳаёт бебаҳодир, дунё – бевафо.

Дунёда ҳеч кимса абадий қолмас,
Боғбон бахил бўлса, булбул ҳам қўнмас,
Беғубор дилларнинг қуёши сўнмас,
Ҳаёт бебаҳодир, дунё – бевафо.

Кўнгил кўнгилдан сув ичади доим,
Маърифат бор экан, эзгулик қоим,
Оқили бор элнинг толеи тайин,
Ҳаёт бебаҳодир, дунё – бевафо.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг