СОЗИДА БУЛБУЛ САЙРАГАН…

366

АҚЧАХОНҚАЛЪАДАГИ АРФА ТАСВИРИ

Ўн йиллар олдин раҳматли қадимшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғайратдин Хўжаниёзов қўнғироқ қилиб, Беруний туманидаги “Озод” овулида қум бархани остидан топилган археология ёдгорлиги — Ақчахонқалъага таклиф қилган эди. Шу кунгача Марказий Осиёнинг бирор жойидан бу қадар улкан саҳнга эга қаср аниқланмаганди. Ғайратдин оға ва австралиялик А.Беттс хоним Ақчахонқалъадан хоразмшоҳларнинг илк сулоласи даврига оид юзлаб ашёлар, ўнлаб деворий суратларни топган. Етиб борганимда улар узун девордаги мусиқа асбоби – арфа тасвирини кўрсатишди. Унга сеҳрлангандек тикилиб қолдим. Кўз олдимда тарих отаси Геродот қайд этган хоразмий боболарим, момоларим пайдо бўлиб, гулхан атрофида жозибали рақсга тушиб, шодон тароналар куйлагандек бўлди.
Олис асрларда, Хоразмнинг биринчи ҳукмдори Сиёвуш, массагетларнинг аёл подшоҳи Тўмарис замонларида кезиб юрган хаёлимни “Нексия” русумли автоулов радиосидан таралган тарона бузди:
Хуш соат эрди…
Гулшан тўрида масканимиз бир чаман эрди…
Бир пайтлар атоқли ҳофиз Комилжон Отаниёзов сел бўлиб куйлаган қўшиқ мени XXI асрга қайтарди. Ҳозир Комил устознинг замондошларидан бармоқ билан санарли одам қолган. Шу боис яширмасдан айтаман: ҳофиз уйимизга меҳмон бўлиб келганида, албатта, патларида қора белгилари бор қизил хўроз сўйиларди. Хонанда шундай хўрознинг гўштини, “олоҳоммо” деган йирик қовунни хуш кўрарди.
— Одамнинг умри бетўхтов айланиб турган тегирмонга ўхшайди, – деган эди Турону Ширвон, Туркистону Бадахшон, Эрону Ҳиндистонга маълум ҳофиз ўшанда. – Отам Отаниёз охунд айтар эди: “шоҳу гадо Полли Дузчининг қўшиғини эшитишга иштиёқманд. Қаландар Дўнмасга қўшни мамлакат подшоҳи “Келсанг, салмоғинг билан тенг олтин бераман!” деган эди. Ёқуб Фозачи куйлаганда булбуллар маҳлиё бўлиб, сайрашдан тўхтар эди. Саййид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон – Ферузи Сонийнинг марҳамати ила Хивада 72та қўшиқ, достон куйловчи гуруҳ шаклланган эди. Мен уларнинг кўпчилигини танир эдим. Ҳаммаси ўтиб кетди. Янги авлод келди. Унинг ортидан яна янги қўшиқчилар келаверади!” Падарим ҳақ эди. Мана, менинг кетимдан Жуманазар, Қувондиқ, Рўзмат, Отажон, Олмахон, Ортиқ, Бобомурод келяпти. Умрлари узун бўлсин, Султон Увайсу Ошиқ Ойдин пирлар қўлласин. Худо хоҳласа, уларнинг изидан ҳам яхши-яхши қўшиқчилар авлоди етишиб чиқади!
Ҳақ гап: бизнинг давримизда ҳам янги-янги хушовоз хонандалар авлоди етишди. Автоуловга яқинлашганимда радиотўлқинлар орқали куйлаётган ширали овоз соҳиби, ўша авлод вакили Оғабек Собиров навбатдаги қўшиғини бошлаётган эди:
Дўстлар, бир дилбари
жону жаҳоним бор менинг,
Орази гул, қомати
сарвиравоним бор менинг…
Баланд, ширали, авжи кучли овоз билан куйланаётган дилрабо қўшиқни мириқиб тинглар эканман, бу хонандани биринчи бор кўрганим эсимга тушди.

ҚУТЛУҒ ХОНАДОНДА ҚЎШИҚЛАР КУЙЛАБ…

Комилжон устоз ҳаётининг кейинги ўн-ўн икки йили давомида воҳага беш йил ёшулли бўлган инжиқ зот, шунингдек, у чоғлари респуб­ликада маданият соҳасига масъул шахсдан оқ калтак ҳам, қора калтак ҳам еди. Тошҳовузга кетиб, у ёқда “Хоразм” дастасини тузди. Охири, изтироб уни йиқитди. Эллик саккиз ёшида бақо оламига кетди. Атоқли ҳофизнинг ардоқли шогирди Отажон Худойшукуровнинг бошига тушган ташвишлар ҳам устозиникидан кам бўлмади.
Сиз Отажон ҳофиз қандай қилиб шунчалар номдор бўлди, деб ўйлашингиз мумкин. О.Худойшукуров устидан “иш” қўзғатилган кунларда у туғилиб-ўсган Тўрткўл тумани раҳбари Йўлдош Қурбонов Ўзбекистон КП МҚ котиби лавозимига сайланди. Айнан Йўлдош ака Ш.Рашидов, Н.Матчонов ўтирган даврага Отажон ҳофизни олиб боради. Улар ҳофиз айтган “Сувора”ю “Сегоҳ”, “Феруз”у “Гулузорим”ни эшитиб, ҳайратга тушадилар. Тенор овоз эгасининг сўқмоғи равон йўлга айланади. Лекин хасталик чирмовуғи худди устози каби уни ҳам тўрт тарафдан ўраб олганди. 1994 йилнинг 4 октябрида, Тўрткўлда 50 йиллик таваллуди нишонланганида ҳофиз оғир хаста эди, ҳассага суяниб юрарди. Табиийки, тантана тугагач, одатга кўра ҳофизнинг уйига бордик. Боғчага чиқадиган пешайвонда қора қошли, оқ юзли, озғин, лекин кўзлари маъноли ёш йигит Машраб ғазали билан қўшиқ куйларди. Кейин “Мунча мени қийнайсиз?” деган яллага ўтди. Ҳамшаҳрим Ойша Жабборовадан “Қўшиқ айтаётган ким?”, деб сўрадим. “Оғабек Собиров деган йигит. Ҳали уни кўпчилик билмайди”, деди.
Ҳамроҳим, Отажон ҳофизнинг шогирди, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Нурулла Қўчқоров:
— Нима десангиз денг, лекин шу йигитдан бир нарса чиқади! – деди қатъий ишонч билан. – Ижроси ҳали мукаммал эмас. Лекин иродаси мустаҳкам, ихлоси чин бўлса, маҳорат чўққиларини шак-шубҳасиз эгаллайди!
— Нурулла тўғри айтяпти, – деди Отажон ҳофиз юбилейига шоир Ошиқ Эркин билан “Наволар истар” китобчасини чиқариб келган таниқли журналист Ҳусайн Раҳмонов. – Оғабекдан Комилжон аканинг ҳиди келяпти. Энг асосийси, ҳозирданоқ унда тақлид йўқ, таъсир йўқ. Бу камдан-кам қўшиқчида кузатиладиган ҳодиса. Ўз устида жиддий ишласа, устозлардан дуо олса, воҳа булбулига айланади.
Гурунгимизга у чоғлари юлдуздек чарақлаб чиқаётган, “Қўймадингиз, қўймадингиз” деган қўшиғи минглаб мухлисларнинг тилига тушган ҳофиз Каримбой Раҳмонов келиб қўшилди. У ҳам ёш ижрочи ҳақида илиқ гаплар айтди.
Вақт олий ҳакам экан: Нурулла ҳофиз, Ҳусайн оға ва Каримбойнинг Оғабек ҳақидаги башорати тасдиғини топди.

«ҚЎНҒИРОҒИ ЖАРАНГДОР КАРВОН ЭНДИ БИЗНИКИ…»

1997 йилда атоқли ҳофиз Комилжон Отаниёзов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб ёш ижрочилар республика танлови ўтказилди. Илк устози, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Олмахон Ҳайитова Оғабекка “Юрагингдаги ўтни тўлиқ ёқиб, бор вужудинг, бутун меҳринг билан куйла. Бу сен учун мислсиз синов. Шу синовдан, шу “старт”дан мардона ўтсанг, барча марралар сеники бўлади”, деди.
Айнан ўша чоғлари вилоятда унинг илк яккахон концерти бўлиб ўтди. У дастлабки имтиҳонга пухта тайёргарлик кўрди. Зеро, унинг санъатдаги зуваласи мурғақ чоғидан пиша бошлаган эди. Отаси, темир йўл соҳаси фидойиси Каримбой Собиров қўшиқ шинавандаси, куй ва рақс шайдоси эди. Завқи тошган чоғларда қўлига ликопча ушлаб, Хоразм мақомлари, сувораларидан куйлаб юбораверарди. Қуш уясида кўрганини қилади. Ўғиллари Мақсуд, Мурод, Оғабек, Анвар ҳам адабиёт ва санъатга чин ихлосманд бўлдилар. Айниқса, тўнғич ўғил Мақсуднинг ҳаваскор шоир бўлиб, имкон даражасида ашъор ёзгани нур устига нур бўлди. Унга эргашиб Оғабек ҳам бир-икки сатр ёзди. Акаси ва ўзининг машқларини қўлидан келгунича мусиқага солди.
Огаҳий номидаги Хоразм вилояти мусиқали драма театрида ўтган биринчи концертга бутун воҳа аҳли, жамоатчилик вакиллари йиғилдилар. Бу саҳнада Қурбон ота, Сафо Муғанний, Бола Бахши, Мадраҳим Шерозий, Ҳожихон, Комилжон, Матёқуб Раҳимов, Назира Юсупова, Коммуна Исмоилова куйлаган эди. Биринчи қўшиғини бошлади:
Қўнғироғи жарангдор
карвон энди бизники,
Ўйнаб-кулинг, дўстларим,
даврон энди бизники.
Қўшиқнинг ижроси ҳам, мусиқий жилоси ҳам рисоладагидек эди. Ёш хонанда бунга йиллар давомида олган пишиқ-пухта таълими боис эришганди. Оғабек ўн ёшидан мусиқа мактабида ўз ишининг устаси Султонбой Собировдан қўшиқчилик сирларини ўрганди. Матюсуф Харратов номидаги мусиқа билим юртида Бобожон Сафоевдек бетакрор муаллимга дуч келди. Бобожон ака биринчи бора унинг қўлига қашқар рубобини ушлатди. Чала бошлаганидан “Тўхта, болам! Тўртинчи бармоғингни ишлатмаяпсан. Дарҳол бу камчиликни тузатгин!” деди. Билим юртини тугатгач, шаҳардаги “Сақили наво” дастасига ишга кирди. У ерда ҳам устозлардан билмаганларини сўраб ўрганди. Бобожон ака унга яна бир гапни уқтирган эди: “Яккахон хонанданинг ижроси бир томондан ўзига боғлиқ бўлса, иккинчи жиҳати ёнидаги чолғучилари билан мукаммал бўлади. Уларни танлашда ҳушёр бўлгин”. Биринчи концертга ҳозирлик кўришда мактабдош дўсти Ҳамиджон Сапаев, туғишган укаси Анварбек Собиров, доирачи Зокиржон яқиндан кўмаклашди. Скрипкачи Шоназар Қурёзовнинг хизмати катта бўлди. Рақсларни Гулхоним Бобожонова саҳналаштирди. Пойтахт­дан Нилуфархон Усмонова келди. Қайроқда Тожибой Жуматов маҳорат кўрсатди. Илк концерт Оғабекнинг мухлислари хотирасида нафақат ажойиб қўшиқлари, балки унинг инсоний фазилатларини намоён этган бир воқеа билан ҳам мустаҳкам ўрнашиб қолди. Гап шундаки, унга бир ногирон қиз хат ёзиб, “Мен ҳам ўз бахтимни топа оламанми?” деган саволни берган эди. Концертда ўша ногирон қиз мухлислар қаторидан ўрин олган бўлиб, Оғабек унга қарата куйлади:
Дераза олдида узоқ туриб жим,
Яширин кузатар қўшни қиз тўйин.
Ўксиманг, укажон, ўксиманг, синглим,
Сизни ҳам севарлар, севиб қоларлар!
Бу қўшиқ нафақат Ўзбекистон ҳудудлари, балки бошқа минтақаларга ҳам тарқалиб, хонандага кўплаб миннатдорлик мактублари келди. Концертда Оғабек хонқалик хонанда Зулайҳо Искандарова билан “Айтишув” ҳам ижро этди. Қўшиқ кечаси анъанавий “Лазги” билан якунланди. Концертнинг акс садоси олисларга парвоз қилди!

«ОШИҚ ЭРКИН ЮРАГИНГ МАШЪАЛ…»

Биринчи концерт ёш ҳофизга парвоз учун қанот берди. Албатта, хонанда ижросида камчиликлар йўқ эмасди. Айниқса, қўшиқлар учун танланган матнларнинг кўпчилиги профессионал сўз усталари эмас, ҳаваскорлар томонидан ёзилгани боис мукаммалликдан йироқ эди. Оғабек бу ҳақда ўйлаб юрганида пойтахтдан машҳур қўшиқчининг атоқли шоир Ошиқ Эркиндан матн сўраб келгани қаттиқ таъсир қилди. Шоир шеърлари билан Зайнаб Хонларова, Жўрабек Муродовдек жаҳон таниган хонандалар қўшиқ айтса, О.Худойшукуров, О.Ҳайитова, О.Отажонов каби устозлари репертуарларида Ошиқ Эркин шеърлари билан айтиладиган юзлаб қўшиқлар бўлса, нега у билан ҳамкорлик қилмаслик керак. Оғабек қўлини кўксига қўйиб қўшиқчи шоирнинг уйига борди. Эркин ака ҳам нимтабассум билан ўша куни эрта тонгда ёзган ўйноқи шеърини унинг қўлига тутқазди:
Қўлдан инон-ихтиёрим
Ҳар лаҳза, ҳар он оласиз,
Ўлмагайсиз деб ўлдириб,
Жоним, нега жон оласиз.
Бир гаплашиш хумориман,
Қачон бир меҳмон оласиз?
Хонанда бу ажойиб сатрларга мос оҳангда куй басталади. Тез орада у қўшиқчи репертуаридан муносиб ўрин олди. “Қизларнинг ичинда…”, “Нега мени қийнайсиз?”, “Ўн саккизда ёшингиз”, “Беш кетаман шу санамнинг…”, “Келса келар, бир келар” каби элликдан ортиқ қўшиқлар Оғабекка ҳам, шоирга ҳам шуҳрат келтирди.
— Оғабек Комилжон устоз дарёсидан қониб-қониб сув ичди, – дейди қўшиқнавис шоир, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ошиқ Эркин. – Бу борада унга Олмахон билан Ортиқ чин дилдан кўмаклашдилар. Айниқса, кейинги йилларда Ортиқ Отажонов ўз шогирди камолоти учун астойдил жон куйдирди. Бир вақтлар Оғабек атоқли турк хонандаси Иброҳим Тотлисас феноменига қизиққан эди. Бу унга фойда келтирди, албатта. Кейинги пайтда Оғабек навқирон чоғи ўзига оқ фотиҳа берган Отажон Худойшукуров мусиқий меросига кўпроқ қизиқмоқда. Ҳозиргача унинг йигирмадан ортиқ қўшиқларини маромига етказиб куйлаганидан хурсандмиз. Ҳозир Оғабекнинг ижоди болга тўлган кез. Ўйлайманки, у ҳали ўз мухлисларини янги-янги қўшиқлар билан мамнун қилади.
Хонанда чин маънода ёр ва диёр куйчиси. Унинг “Биргина, дилбаргина”, “Девона қилди ишқ мани”, “Бир бўса”, “Нозлининг нози”, “Адосиман”, “Бир пари”, “Моҳитобоним мани”, “Жамолингиз”, “Мазалисан”, “Нозингга бойланайми?”, “Муҳаббатимни” ва бошқа ўнлаб қўшиқларида инсоний муҳаббат, меҳру вафо баланд пардаларда мадҳ этилади. Бу қўшиқлар мухлислар юрагидан жой олган.

«ОНАМГА ТЕНГ БЎЛА ОЛМАС…»

Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг дарғаларидан тортиб, энг ёш ижрочиларгача азиз онаизорга бағишланган қўшиқларни эҳтиром билан куйлаб келадилар. Оғабек Собировнинг концертларига минглаб мухлисларни юрак амри билан келишга даъват этгувчи бир қўшиғи бор:
Менинг учун ҳеч буюк зот,
Онамга тенг бўла олмас.
Жонли, жонсиз ҳеч мавжудот
Онамга тенг бўла олмас.
Оламга тенг бўлар лекин,
Онамга тенг бўла олмас…
Концерт чоғи бу қўшиқни кўзларимда ёш, бағрим тўла соғинч билан азиз онажонимни эслаб тинглар эканман, мухлислар орасида Оғабекнинг қатор ҳамкасблари ўтирганига кўзим тушди.
Оғабек кейинги пайтда бир қанча мумтоз ашулалар куйлади. Уларнинг аксарияти улуғ шоирлар мероси ва халқ оғзаки ижодидан олинган насиҳат тароналаридир. “Айлама”, “Айрилма”, “Меҳмондур”, “Кўрмадим”, “Бир куни”, “Бўлар”, “Келдинг” каби ўнлаб қўшиқлар фикримизга далил бўла олади. О.Собиров репертуарида айтишув жанри ҳам алоҳида ўрин тутади. У ўз вақтида О.Назарбеков, О.Нурсаидова, А.Ниёзметова, М.Эгамбердиевадек таниқли хонандалар билан бирга куйлади. Хоразмдаги “8-канал”да хонанда томонидан ташкил этилган “Шинаванда” муаллифлик кўрсатуви ҳамон мухлислар томонидан эътироф этилади. 2018 йилнинг 19-20 март кунлари эса Оғабек водийлик ажойиб хонанда Аҳрор Усмонов билан “Туркистон” саройида концерт берди. Бу нафақат икки қўшиқчи, балки вокал санъатимиз солномасига зарҳал ҳарфлар билан ёзилди.
Ўтган йили Президентимизнинг Фармони билан “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” юксак фахрий унвонига сазовор бўлган О.Собиров бугун Ўзбекистон давлат филармонияси “Лазги” ашула ва рақс ансамблининг бадиий раҳбари. Оққан дарё қайта жўш урмоқда. Хоразм мусиқа ва қўшиқчилик санъатида хонанданинг баҳосини белгилайдиган икки муҳим мезон бор. Бу чертиму айтим иқтидоридир. Минг йиллар муқаддам арфа ва уд чалинган. Бизнинг замонамизда уларнинг ўрнини дутор, тор, танбур эгаллади. Оғабек айтимда ҳам, чертимда ҳам юксак уқувга эга бўлиб, учала чолғу асбобини мукаммал ўрганган. Хоразм мусиқа санъати Комил Хоразмийдан ўғли Муҳаммад Расулмирзога, Матёқуб Харратовдан ўғли Матюсуф Харратов(Чокар)га, Худойберган муҳркандан ўғли Матпано Худойбергановга ўтган. Не ажаб, бир куни Оғабек ўз маҳоратини ўғли Иброҳимжонга ўргатар. Лекин унгача ҳали анча қовун пишиғи бор. Санъат йўли изланишлар, машаққатлар йўлидир. Бу шарафли йўлда санъаткорга омаду сабот тилаб қоламиз.

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг