«МЕҲМОНДЎСТ ХОНАДОН СОҲИБИ»

56

Расул Ҳамзатов ўзининг “Барҳаёт шеърлар” номли хотирасида: “Қадрдон дўстимиз, ўзбек шеъриятининг Эльбуруси Ғафур Ғулом хонадони кўпдан бери ҳаммамиз учун зиёратгоҳ манзилга айланиб қолган. Биз ҳар сафар Тошкентга келганимизда Ғафур Ғуломнинг ёрқин ҳотираси кўз олдимизда жонланади. Шарқ поэзиясининг улкан сиймоси қўлимиздан тутгандек бўлади. Бу — Ғафур Ғулом яратган оила, Ғафур Ғуломнинг руҳи кезиб турган даргоҳ.

Шоирнинг хонадони катта, оиласи кенг­феъл, саховатли, очиқкўнгил оила. Унинг эшиги барча республика аҳли учун ҳамиша очиқ, ҳамма меҳмонга бу ерда жой топилади, меҳр-оқибат етарли.
Отам (Ҳамзат Цадаса, 1877 — 1951 йиллар, Доғистон халқ шоири, Давлат мукофати совриндори) ҳам Ғафур Ғулом ҳақида завқланиб гапириб берган эди. Алишер Навоийнинг Тошкентда бўлиб ўтган юбилейи (1948 йил) кунларида Ғафур Ғулом отамни ўз уйига, мана шу уйга таклиф қилган экан.
Мен 1958 йилда Тошкентда бўлган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари ёзувчиларининг конференциясида қатнашгандим. Шунда мен ҳам Ғафур Ғуломнинг меҳмони бўлганман. Ўшанда, у катта меҳмондўст хонадон соҳиби, ўз халқининг жонкуяри, ўзбекона руҳ эгаси эканини кўрганман… Мен кўп марталаб Ғафур Ғуломнинг қўлларини тутганимдан бахтиёрман. Биз Москвада у билан тез-тез учрашиб турардик. У даврамизнинг каттаси бўлса ҳам, ўзини катта тутмасди, катта-кичикка баробар муомала қилар, шеърият юзасидан бой тажрибалари билан ўртоқлашар эди.
Ўзбекистон ўзининг Ғафур Ғуломдек меҳнаткаш аллома шоир ўғли билан ҳақли равишда фахирланади”, деб ёзган эди.
1991 йили Душанбе шаҳрида Мирзо Турсунзоданинг 80 йиллик юбилейига Ғафур Ғулом уй-музейи ходимлари ҳам таклиф этилган эди. Бу анжуманга Ғафур Ғулом уй-музейидан ўзбек ва тожик халқларининг буюк шоирлари Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода дўстлиги ҳақида кўчма экспозиция тайёрлаб, музей катта илмий ходими Лутфулла Илҳомжонов ва мен борган эдик. Юбилейга кўпгина қардош республикалардан, Москвадан ёзувчи ва шоирлар, Доғистоннинг таниқли шоири Расул Ҳамзатов қизи билан, Озорбайжондан Юсуф Самад Вурғун ўғли ва бошқалар борган эди. Биз Расул Ҳамзатов билан бир қаватда истиқомат қилган эдик.
Меҳмонларга аввал Мирзо Турсунзода уй-музейни кўрсатишди, сўнг биз Тошкентдан юбилейга тайёрлаб келган экспозииция намойиши бўлди, у ҳаммага ёқди.
Кечқурун юбилей тантаналари театрда бош­ланди. Шунда юбилейга келганларни конферансье бир-бир таништираётганда музейнинг номини тўлиқ айтмасданоқ Ғафур Ғулом дейиши билан ҳамма чапак чалиб юборди ва залда ўтирганлар ўрнидан туриб кетди, конферансьени уй-музейи деганини ҳеч ким эшитишмади, яна Ғафур Ғулом деган эди, яна чапак бўлиб кетди… Томошабинлар Ғафур Ғулом дунёдан ўтган бўлса-да, шунчалик эъзозлашаётганларига кўнглим тўлиб кетиб йиғлаб юборай дедим…
Эртаси куни Расул Ҳамзатовнинг тоблари бўлмабди. Мен хабар олгани кирдим. Шу куни Мирзо Турсунзоданинг туғилган шаҳрига борилар, кечқурун эса уйларида банкет бўлар экан. Мен Расул амаки ва қизлари билан узоқ суҳбатлашиб ўтирдим. Дадам ҳақида отаси бизникига боргани, меҳмон бўлганини эслаганини гапириб берди. Мен Расул амакининг шеърлари бутун дунёга тарқалиб кетганини, улар ўзбек шеъриятига жуда яқинлигини, айниқса, “Менинг Доғистоним” шеърини жуда яхши кўришимни, “Турналар” шеъри, ҳатто уларга чизилган расмлар, қўшиғи мусиқаси ҳам менга ёқишини айтсам, менинг пешонамни силаб қўйди. Расул амакининг шеърларини дастлаб Н.Гребнев, Я.Козловский, С.Липкин каби таниқли таржимонлар таржимасида рус тилида ўқиганимни айтдим. Лекин авар тилини билмаслигимга афсусландим. Ахир, бу шеърлар ёзилган тилда қандай гўзал жаранглар экан-а, десам, Расул амаки қизига ўз тилларида бир нима деди, у жавоб берди, шекилли, шунда менга қараб: “Талафузимиз ёқдими?” деди. Биз рус тилида гаплашаётган эдик. “Жуда ёқди, сўзлар жуда чиройли жаранглар экан, худди музика чалингандек”, десам ота, бола кулиб юборишди-да, Расул амаки: “Раҳмат, жуда мақтаб юбордингиз”, деди.
“Ғафур Ғуломнинг ўлмас, барҳаёт шеърлари бугунги кунда ўз она тили — ўзбек тилида ва бошқа тилларда жарангламоқда. Ғафур Ғулом халқ шоири. У қайси бир тилга таржима қилинмасин, узоқ ва мангу яшайди. Бизнинг Ватанимизда, хусусан, Доғистонда шоирнинг номи ардоқланади. Кавказ халқлари адабиёти хрестоматиясида эса атоқли адиблар қаторида Ғафур Ғуломнинг ҳам ўрни бор”, деб ёзган эди хотираларида.
Расул амаки дадам Доғистонга, уларни уйларига боролмаганларига афсусланди. Ўзининг тоби қочганидан хижолат бўлди. Эртаси куни ҳамма меҳмонлар қуюқ хайрлашиб, уй-уйимизга жўнаб кетдик.
Бу учрашувимиздан бирор йил ўтиб, дадамнинг жияни Темур Алимов давлатимиз делегацияси билан Доғистонга боради, Расул Ҳамзатов билан учрашади, унга (Темур Алимов Ғафур Ғуломнинг жияни эканини айтишган экан) Доғистоннинг миллий тўни (қўзичоқнинг терисидан тикиладиган бурка) ва қалпоғини кийгиза туриб, уларни дадамга кийгизолмаганини афсусланиб айтади. Темур ака сафардан келгач, унга қилинган совғаларни Ғафур Ғулом уй-музейига тақдим этди. Бу совғалар музейдан жой олган.
Афсус, Расул Ҳамзатов 2003 йили вафот этди, Ғафур Ғулом таваллудининг 100 йиллигида қатнаша олмади.
Расул амаки ҳақида ўйлаганимда дастлаб унинг шеър ўқиётгани ёдимга тушади, бизникида дадам билан холигина сухбатлашиб ўтиришган лаҳзаларни қайта кўраётгандек бўламан…

ОЛМОС

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг