НАМОЗШОМ ХАЁЛИ

373

Тилланисо,
кўнглингиз чаманзор бўлсин.

Робиндранат Тагорнинг жафокаш, ҳаётдан безган қаҳрамонларидай ёки Максим Горькийнинг “Қизча” ҳикояси қаҳрамони Алексей Пешковдай тинка-мадорим қуриб, беҳол-бемажол уйга қайтаётган эдим.
Вақт масаласидаги фарқ шундаки, аллазамонлар аламзада Алексей Пешков ҳаловат истаб ишчилар маҳалласининг чеккасидаги овлоқ бир бинонинг майдончасида узала тушиб ётганида, қуёш энди уфққа яқинлашаётган; мен ҳаловат қўмсаб қайтаётганимда эса, аллақачон қуёш ботган, тобора атроф-теваракни кулранг бир қоронғилик чулғаётган пайт эди.
… кўнглим?..
Бечора кўнглимни ўйлаганим ҳамоно, яқинда бакалаврлик дипломини олган қизнинг майин, маъюс жилмайиб, саволимга жавобан, маъсума кўзларида бир дунё узрчанлик билан айтган кўнгли ҳақидаги чин эътирофи қулоқларим остида айни ўша тобдаги каби жаранглаётгандай туюлди: қ а т қ а л о қ!..
Мен бу қадар аниқ, бу қадар аёвсиз ва даҳшатангиз таърифни биринчи маротаба эшитаётиб, беихтиёр ўшанда дил-дилимдан бир ­сесканганимни эсладим.
… ё тавба, куни кечагина журналистлик ­дипломини олган қиз-а?!
Ўшанда мен, рости, кўксимнинг аллатовур бир зирқираганини сезганман. Ахир, қачонлардир мен ҳам унинг ёшида диплом олганман ва тоғларни бўстон, чўлларни гулистон қиладигандек ҳис этганман ўзимни. – Жавобни айтаётганида, бечорагинанинг кўзлари хиёл намли… Йўқ, анча… Киприкларини бир… силкитса аччиқ, қайноқ кўзёшлари шувва қуйиладигандек!.. – Дафъатан не деяримни билолмай, бир зум… бир муддат жим қолганман. Ва, ич-ичимдан қизгинани юпатгим келган. Жудаям!.. – Лекин, қандай? Довуччалигиданоқ кўнгли қатқалоққа эврилган фариштагинани юпатмоқнинг борми ўзи бирор чораси?!.
Суст кетиб кўнглимни ўйлаганимгами ё нав­ниҳол қизнинг кўнгли ҳақидаги эътирофи боисми, эртакка ўч бола кезларимда кўзу қошдай азиз қўшнимиз Рўзигул бувимнинг гоҳ пахта саваб, гоҳо урчиқ йигираётиб, бот-бот қилган бир хиргойиси ёдимга тушди:

Қасрингнинг дарвозасин қулфи зиёда,
Отим ўлди, ўзим қолдим пиёда.
Отимнинг ўлгани айни намозшом,
Намозшомдан бери кўнглим паришон.

…бийижон! – деб шивирладим, айни хиргойи оҳангида. – Ўзимнинг бийижоним, илоё… илоё то абад Жаннатида беармон яйрагайсиз!.
…Ана, қўшниларим – уч кампир. Ҳар учаловининг ҳам ёши Рўзигул бувимнинг ёшида, ҳар учаловининг ҳам бошида кафтдай-кафтдай ҳарир рўмол. Улар авжи саратоннинг эрта чош­гоҳсидан то шом маҳалига довур бетон каталакларда жазирамадан роса азият чекканлар… Энди кўп қаватли уйлар оралиғидаги кенг майдонлик чеккасида, ҳар бири ўзининг пастаккина курсичасида илмилиқ шабадага бетма-бет ўтириб, шоён бир ҳорғинлик ва эринчоқлик билан ҳасратлашаяптилар.
…йўқ, – деб ўйлайман, илк таассуротим юзакилигини фаҳмлаб. – Йўқ, аниқроғи, алланималаргадир илҳақ кўнгилгиналарини бир яйратмоқчилар. Шу-да!..
Кампирлардан хели нарироқда ўн чоғли ­ўйинқароқ болачалар шодон қийқиришиб, қувалашиб, тўп тепишаяпти.
Йўлакларга ҳовур бости қилиб беармон сув сепилган. Соя-салқин йўлаклар бўйидаги қурама ўриндиқларда эса қўни-қўшнилар хаёлчан чўнқайишган.
Мен, ҳеч кимни кўргим келмаётгандек, – аслида ҳам шундай!.. – сал бошимни эгган кўйи, ниҳоят, ўзимизнинг йўлкага етдим. Ниятим – тезроқ уйимга кўтарилиб, бирпас диванга чўзилишу ва нафас ростлаш баҳонасида “Мир – 24”ни томоша қилаётиб, жафокаш кўнглимни юпатиш эди.
Ногоҳ, ортимдан бир болакайнинг ғалати гапи қулоғимга чалинди:
– Миракбар, сан қондан қўрқасанми?
– Йўқ… қўрқмайман. Лекин, жирканаман… Ўзинг-чи?
– Ман бирор жойимни кесвосам, қонини шимийман.
…бола-да!.. – деган бир фикр кечди кўнглимдан. – Нималар деб валдираётганини тушунармиди?
Парво қилгим келмади… Бироқ биринчи бўлиб гап бошлаган болачанинг ёшига ярашмаган навбатдаги бир саволидан анг-танг қотдим:
– Миракбар, сан қиз бала бўлиб қолсанг, нима қиласан?
… ҳозир боплаб тумшуғига солса керак, – деб ўйладим. – Ёки…
Чиндан ҳам, Миракбар ҳали-замон жинқарчанинг бурнига, албатта, мушт туширадигандек, ялт ўгирилдим: болачалар яшил “девор”чанинг ортида эдилар. Улар мени, мен уларни кўрмаётган эдим. Лекин болачаларнинг бегидир, – бегидирмикан-а? – овозлари менга баралла эшитилмоқда эди.
Ё пир-ай, баттар мени танг қотириб, Миракбар:
– Ҳеч нима… – деди. – Ўзинг-чи?
Миракбарнинг ҳамсуҳбати эса:
– Билмадим… – деди. У жавобини шундай бир оҳангда айтдики, беихтиёр товонимдан энсамгача жимирлаб кетди: бўлажак
й и г и т л а р-а?! – Лекин-чи, кампир бўлиб қолсам, роса йиғлардим.
…кампир – яроқсиз ҳолга келаёзган… меҳрга… мурувватга муҳтож бир… муштипар. Аёл эса ҳали давру даврон сурадиган ёшда бўлади-да, – деб ўйладим. – Наҳотки… наҳотки, шунга болачаларнинг ақли етса-я?!.
Мен секин яшил “девор”чага яқинлашдиму, хиёл чўзилиб, болачаларга қарадим. Уларнинг тўрт-беш ёшда эмас, аллақачон мактаб ўқувчиси эканликларини кўриб, эшитганларимга ҳам, кўраётганларимга ҳам ишонгим келмади: аллазамонлардан бери улар ҳаёт лаззатларидан беармон баҳраманд бўлаётган бўйсара йигитчалардай фикр юритмоқда эдилар.
Кўзларимиз тўқнашди. Ажаб, уларнинг кўзларида бирор-бир ҳадик ё ҳаяжон ифодаларини илғамадим.
Гарчи, битта домда яшасак ҳам, улар мени танимадилар, мен ҳам уларни танимадим.
– Нечанчи синфда ўқийсизлар? – деб сўрадим.
– Учинчи синфга ўтдик, – деди Миракбар.
Мен унинг Миракбарлигини овозидан билдим. Миракбар – бўйчанроқ, юзлари чўзинчоқ, қирра бурун экан. Боягина у, учинчи синфга… деяётганидаёқ кўнглимдан не хаёллар кечганлигини битта ўзиму Ў з и билади.
… астағфируллоҳ. Астағфируллоҳ!..
Тўғри-да, қ и з болаю чиқитга чиқаёзган
к а м п и р ҳақидаги маламажир гурунгни тўрт-беш яшар болачалар ўзаро ҳангомалашсалар, бангихаёл мишиқилар-да, деб қўя қоласиз. Лекин, ёши ўндан ўтаётган ёки ўн бирга кираётган ўспириннинг – яъни Бобуршоҳ илк тахтга ўтирган кунларидаги ёшга етаёзган э р к а к жинси вакилининг, ўз шаънига зўрма-зўраки елимлаб ёпиштирилаётган бунақа ёрлиқни хели лоқайд, ҳатто бир қадар кўнгличанлик билан қабул қилиши…
… э, бунақасини ўйлаш ҳам!..
Миракбарнинг жўрасидан:
– Отинг ким? – деб сўрадим.
– Даврон, – деди у.
… о, Д а в р о н!..
– 3 х 9 неча?
Аттангки, ҳадеганда Даврондан садо чиқмади.
Ахийри, дилтанг жимликни бузиб, ­Миракбар:
– 63! – деди, қойил қолдирдимми, дегандай ҳам ишшайиб, ҳам кўзлари чақнаб.
Уларни уялтиргим келмади: буюк педагогимиз Абдулла Авлоний машҳур пандномаларида ёзганларки, бола ўспирин ёшида уялтирилса,
с и н и ш и тайин; энг ёмони, кекчи бўлади.
– 9 га 9 ни қўшсак-чи? – деб, яна Даврондан сўрадим.
Ниҳоят, Даврон:
– Ҳм-м… Билмадим, – деди, қизармай-бўзармай. – Соткам уйда қоган-де!
Аччиқ кулгим қистади, лекин сездирмай:
– Сен-чи, Миракбар, биласанми? – дедим.
Бироқ… биз Миракбарнинг жавобини ҳам узоқ кутдик.
Ахийри, Миракбар ҳам уялмай-қизармай, бошини чайқади: бил-май-ман.
– Отанг ким бўлиб ишлайди, Даврон?
– Ҳарбий! – деди Даврон, бошини азот кўтариб. – Подполковник!
… ҳм-м, тушунарли.
– Менинг адам духтир, – деди Миракбар. – Ойим медсестра.
– Сенинг ойинг-чи?..
– Ишламайди, – деди Даврон, ойисини сенсираб. – Уйда… Уй бекаси.
…ҳаммаси маълум, – деб ўйламоқда эдим, энди мен зинапоялардан хомуш… хаёлчан кўтарилаётиб. – Ҳар иккаловиям – Миракбар ҳам, Даврон ҳам бешикдалигидаёқ, – агар бешик насиб қилган бўлса! – анавинақа мультфилмлар кўриб овунган ёки кўкнори пўчоғи бўктирилган новотчой… Хуллас, аллаям, эртак ҳам эшитмаган. Икковиям. Йўқ!.. Энди… и н т е р н е т
деган балонинг жинниси. Ҳалиги узуқ-юлуқ, ирганч савол-жавобларининг асл сабабиям шу!.. Унисиям, бунисиям “Алул-Булул”, “Ёрилтош” ёки “Тоҳир ва Зуҳра”ни бир мартаям эшитмаган. Чунки отаси билмайди, онасиям… Қолаверса, ҳали-ҳануз “Жумонг”, “Сарой жавоҳири”, “Ошун” ёки “Олтин аср”ни томоша қилишдан онасининг қўлиям, хаёлиям бўшамаса керак. Жон койитиб ўқитмоққа эса муаллимининг тоқатиям, манфаатиям… Буёғи капитализм – ўзинг учун ўл етим. Албатта, чайнаётган сақичини сатангларча пақиллатиб, бурнини бир жийирадию: “Боласининг саводхон бўлишини хоҳласа, ана, репититор ёлласин отаси”, дейди-да!..
Во ажаб, бир-бир зинапоялардан кўтарилиб, уйга ҳорғин, хомуш кирганимда ҳам, негадир, дам Миракбар, дам Даврон хаёлимдан ўтаверди. Агар тезроқ “Мир –24”ни томоша қила бошласам, бари унутилар, деган илинжда телевизор ёққичини босдим: ана, довруғи дунёга достон шаҳар ўт ичида!.. Аҳолиси ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, ҳеч бир натижага эришолмагач, ғирром ҳукумат, мана, аллазамонлардан бери дам самолётлару дам замбараклардан шаҳарлар устига пайдар-пай бомбалару снарядлар ёғдирмоқда!..
…ё тавба, бири бирининг бошига-я?!.
Энди шаҳар касаба уюшмалари қўмитаси биносини, ичида аллақанча одамлари билан, ёндираётган эканлар!..
…ёвузлар!.. Ваҳшийлар!!. – Беихтиёр кўксим шилингудай бўп, аламангиз шивирладим. – Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар Белорусиянинг Хатин қишлоғи ёшу қариларини бир омборга қамаб, ёқиб юборганларидек!..
Қўшёстиққа хотиржам ёнбошлаганча, қўлимда иссиқ, аччиқ кўк чой, телевизорга паришон тикиларканман, жонажон Мамлакатимнинг тинчлиги… осойишталиги… бепоён осмони мусаффолиги, ана, рўпарамда дастурхонимизнинг нозу неъматларга тўкинлигини ўйлаб, кўнг­лимда беадад бир шукроналикни туйдим.
… шукр, Ўзингга шукр-эй!..
Бир маҳал, ҳамон диққат-эътиборим телевизорда намойиш қилинаётган бир-биридан даҳшатли лавҳалардаю – ана, бир бечора, тўртинчими, бешинчи қаватдан гуруллаб ёнаётган кўйи, гурсиллаб ерга қулади!.. Жаҳаннам олови исканжасида ёруғ дунёсидан бемаҳал кўз юмган бир шаҳидга юрак-бағрим куйишиб, беихтиёр кўзларим жимирлаганча, – хаёлим чалғиди ва тағин кўз ўнггимда навниҳол ўспиринлар липиллайвериб, фаҳш савол-жавоблари ҳам хаёлимдами ё қулоқларим остидами жаранглаётгандай туюлаверди.
…албатта-да, сотқинлик ҳам, хоинлик ҳам, муртадлик ҳам… Э, бари, ҳатто… Тавба, – деб, ёқамни ушладим. Ўша аснода, чин эътирофини айтаётиб, кўзларида жиққа ёш билан, елкасию кўксига ёйилган сумбуладай сочларини селкиллатган кўйи кулимсиган фариштагинани ҳам кўз ўнггимда аниқ кўраётгандай бўлиб, беихтиёр бир хўрсиниқ аралаш шивирладим: – Бечорагина-а!.. Ҳалитдан-а?!.
Ахийри, бўлмади: бот-бот дил-дилидан: “Максимально горько!” деб сассиз-садосиз оҳ урган жафокаш Алексей Пешков, ўшанда ўн яшарли Қ и з ч а нинг, қўлида мўнтиқ чўп қошиқдан ясалган қўғирчоғию, лекин аллақачон кўп бурду балоларни кўрган ойимтиллалардай қилаётган ҳасратангиз истиғноларидан безиб, кўнглида туганмас бир ғусса билан овлоқ бинонинг майдончасидан шартта аллақаёқларга ғамгин кетиб қолганидек, дабдурустдан бир ёқларга жиливоргим келдию чирт телевизорни ўчирдим.
Айни шу аснода Олмос чопқиллаб хонага кирди. Қўлларида бир даста расмқоғоз, битта мўйқалам. Кўзларида беадад бир севинч.
– Бобо-чи, бобо?!. – деди, расм-қоғозларни қўлимга тутқазиб. – Ана, кўринг!..
Олмос гоҳ рангли қаламларда, гоҳо сувбўёқда расмлар чизишни яхши кўради. Бола-да, чизган расмларининг катта-кичиклиги, бўёқлари ҳар хил. Лекин манзара деярли бир-биридан фарқ қилмайди, асосан икки қизча: бири тўрт ёшларида, иккинчиси олтиларида; қизчаларнинг ортида икки туп дарахт – бири олма, иккинчиси нок; ҳар иккаловининг ҳам ҳосили мўллигидан шохлари ерга тегаёзган; дарахтлардан орқароқда қўшқаватли баланд бино; бино эшигига гулли, тўр парда осилган; иккинчи қават деразалари ланг очиқ; бинодан сал берироқда бир аёл ҳовлини супурмоқда; ана, ҳовлига биров кириб келаяпти.
Олмосга ҳовли супураётган аёлни кўрсатиб:
– Ким бу, она-қизим? – дедим.
Олмос ялт кўзимга қараб:
– Ва-а-ай, ойимла-ку! – деди кулиб.
Расмдаги бўйи кичикроқ қизчанинг кимлигини сўрадим:
– Бу-чи?
Олмос шартта қўлимдан расм-қоғозларни олиб:
– Бу – Оқила, буниси ўзим! – деди нозиккина мўйқаламни расмдаги қизчаларга бир-бир тегизиб. – Билдийизми?..
Ўша кунларда у л а р, – э воҳ! – кутилмаган бир нохуш сабабга кўра, баланд бинонинг биринчи қаватида, икки хонали уйда яшаётган эдилар. Ижарада!.. Ҳали укаси Абдулла – Шаҳаншоҳимиз – туғилмаган эди… Беихтиёр кўксим бир ғижимланиб, оғриди.
Хаёлим чалғиганини кўриб, Олмос:
– Бобо-чи, бобо! – деб ҳовлига кириб келаётган кишига ишора қилди: – Була дадамла. Манависи уйимиз… Бобожон, бизлани-чи, кўрасиз, ҳали бизлани ўзимизани ҳовлимиза бўлади, – деб кўзлари янаям чақнаганча, азот қулочини ёйди. – Ко-о-от- та-а!..
… инша-Аллоҳ!..
Болаларча умид ва ёрқин ишонч билан гапираётиб, Олмос айни қулочини ёйган пайти бошини бағримга босдиму боягина телевизорга маълул тикилгани сайин тутаққан биров эмас, бахт ёрлақаган бободай сочларини энтикиб ­ҳидладим.

Нортўхта ҚИЛИЧ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг