ВАРРАК ҚЎШИҒИ

52

Дилмурод ДЎСТ

* * *
Парвоз – тирикликдир.
Маънодир – парвоз!
Эркин парвоз этсанг қушлар базмида.
Кўнгил қайга деса, бош олиб кетсанг,
Қолмасанг ҳеч қачон шамол измида.

Шунда шўнғиганда осмонга бошинг,
Завқ юракка сиғмай, ортиб қолади.
…Чиқиб кетмасин деб шамол измидан,
Пастдан ипни кимдир тортиб қолади.

* * *
Балиқ сотиб олдим.
Зоғора балиқ
Аквариуми билан
Арзон-гаровга.

Сўнг дарёга элтдим,
Аста авайлаб,
Балиқ кўрсин, дея
ҳис қилсин, дея
Аквариумни тошга
урдим атайлаб.

Дарёга ташладим балиқни кейин
Қолипни синдирди аквариум каби.
Дилдан кетди ғашлик, нурсизлик…

…Дарё шиддатидан қийналмас балиқ,
У энди билади эркнинг таъмини.

* * *
Йўлда ўнгдан юриш, бу — йўл қоидаси!
Йўлчимисиз?..
Демак, амал қиласиз.
Гар, уни бузгудай бўлсангиз шу он,
Жазо муқаррардир, буни биласиз.

Умр — йўл…
Шу қоида унда ҳам жорий,
Лек, мудом виждоннинг ипин узасиз.
Жазо тайинлигин билиб туриб ҳам,
Сафар қоидасини нега бузасиз?!

* * *
Қимматбаҳо соат тақсангу
Вақт қадрини билмасанг, дўстим,
Қўлсоатинг сенга ёқсаю,
Вақтга парво қилмасанг, дўстим.

Ёнингдаги содда қора кўз,
Сени бой деб ўйлар,
Лек ишон…
У ҳеч қачон билмас кимлигинг,
Соат – фурсат ташлаган тузоқ…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг